Марҳум миллиардерларнинг бевалари бугун қандай яшамоқда?

16:58, 06 апрель

Никоҳ тантанасида келин ва куёв уларни то ўлим ажратгунча, бирга бўлишга онт ичишади. Аммо дунёнинг энг бой эркаклари дунёдан ўтиб кетса ҳам рафиқалари ҳақида ғамхўрлик қилишдан тўхтамайди. Рақамли эра асосчиси Стив Жобснинг беваси меросга қолган миллиардларни қай тарзда сарфлаётгани ва бошқа миллиардерларнинг бевалари қандай кун кечираётгани билан “Lenta.ru” нашри қизиқиб кўрди.

Apple ва хайрия ишлари

Apple компаниясининг асосчиси Стив Джобс ва Стэнфорд университетининг битирувчиси Лорен Пауэллар илк iPod лар ишлаб чиқарилишидан салгина илгари, 1991 йилда турмуш қуришган. Лорен ҳам Стив каби дзен-буддизмга қизиқиб, ўзининг кучли феъл-атвори билан бошқалардан ажралиб турган. Улар 2011 йилгача, Стив саратон касаллигидан вафот этгунга қадар, 20 йил бирга яшашган. Бу никоҳдан уч фарзанд – Эрин, Ева исмли қизлар ва Рид исмли ўғил фарзанд дунёга келган.

2016 йилда Лорен Пауэлл-Жобс, Forbes журнали берган маълумотга кўра, дунёнинг энг бой аёллари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллаган. 52 ёшли беванинг бойлиги 16,7 миллиард доллар деб баҳоланган. Унинг ихтиёрида иккита шахсий самолёт (нархи 58,8 миллион ва 10 миллион доллар), тўртта данғиллама уй, 138 миллион долларлик 80 метрли яхта ва эридан мерос қолган Walt Disney Company ва Apple акциялари мавжуд. У йирик акционер компаниялардан “атиги” 560 миллион доллар улуш олади.

Лорен Apple асосчисидан қолган мероси билан мағрурланиб, хотиржам юриш ўрнига 2015 йил сентябрь ойида XQ: The Super School Project лойиҳаси учун 50 миллион доллар маблағ ажратди. Мана бир неча ойлардан бери профессионал ташаббускорлар гуруҳи келажак мактаби лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари Жобснинг беваси ижтимоий восита сифатида бизнесни татбиқ қилиш муаммолари билан шуғулланувчи Emerson Collective ташкилотига асос солди.

Камтар бўлишга ҳаракат қилди

Кимдир топган-тутганини харид учун сарфлашни ёқтирса, кимдир янада кўпроқ пул тўплашга ҳаракат қилади. Forbes журналининг тахмини бўйича дунёнинг иккинчи энг бой аёли 66 ёшли Кристи Уолтон дунёнинг машҳур чакана савдоси билан шуғулланувчи Wal-Mart корпорацияси асосчисининг беваси бўлишига қарамай, Вайоминг штатидаги кичкина шаҳарчада камтарона ҳаёт кечиради. У эри вафот этганидан кейин унинг бойлигини 5 миллиард долларга кўпайтирди. Ҳозирда унинг бойлиги 37 миллард доллар деб баҳоланмоқда.

Ferrero ширинлик компанияси асосчиси Микеле Ферреро 2015 йил 14 февралда 90 ёшида оламдан ўтди. Унинг рафиқаси Мария Франко Фиссолога 22 миллиард мерос қолган бўлишига қарамай, уни компания ишлари мутлақо қизиқтирмайди. Компанияни унинг ўғли Жованни бошқаради.

2014 йилда Forbes журнали Лотин Америкасидаги энг бой одам деб Андронико Фонтобонни тан олган. Унинг вафотидан кейин 73 ёшли рафиқаси Айрис Фонтбонга 10 миллиард доллар мерос қолган. Айрис эрининг вафотидан кейин унинг тоғ-кон саноати бизнесини давом эттирган. Бундан ташқари у эри асос солган Quinenco фирмасидан ҳам улуш олади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!