Бадавлат инсонлар ишлатмайдиган 4 жумла

09:58, 07 апрель

Руҳшуносларнинг фикрича, бой-бадавлат бўлиб яшаш, бу – омад ёки меҳнатга эмас, кўпроқ феъл-атворга боғлиқ масала экан. Инсон бирор йўналишда тенгсиз бўлишга интилиши ва мақсадига етишида унинг феъл-атвори ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Аслида, «бойиш» деган тушунча йўқ. «Бой феъл-атвор» деган тушунча мавжуд. 

Инсонни муваффақият, ўз навбатида фаровон ҳаёт тарзи сари бошлаб борадиган энг муҳим омил бу – тўхтамаслик, яъни мақсадга қатъийлик. Конфуцийнинг таъкидлагани каби, модомики тўхтамас экансан, секин ёки тез юришинг муҳим эмас.

Тасаввур қилинг, сиз ўтирган давранинг бир томонингизда ўрта ҳол ва бир томонингизда бой инсонлар ўтиришибди. Уларга қулоқ тутинг.

Ўрта ҳол инсонларнинг мавзуси айланиб-айланиб пулга, молиявий қийинчилик ёки оила тебратиш, турмуш икир-чикирлари билан уланиб қолаверади. Улар қийинчиликлардан нолишни, муваффақиятга эришиш осон эмаслигини айтишади. Гарчи, уларнинг фикри, режалари қаршиларида ўтирган бадавлат инсонларникидан муҳим ва жўяли бўлса ҳам, уни амалга ошириш учун ҳафсала ёки саъй-ҳаракатлари ожизлик қилади. Сиз ҳам ўз-ўзидан мана шу оқим бўйлаб сузиб, омадсиз эканингизга ишониб қоласиз.

Энди, ўзига тўқ инсонларнинг суҳбатларига қулоқ тутинг. Уларнинг ўзларига ишончлари нақадар юқори. Улар бир-бирларига навбат бермасдан, фикрни-фикрга улайдилар. Бадавлат инсонларнинг мавзулари ишонч устига қурилади: улар ҳар қандай режани амалга ошириш мумкинлигига ишонишади. Бундай инсонлар даврасида ижобийлик ҳукмрон бўлади.

Эҳтимол, улар ҳам қачонлардир ўрта ҳол даврада ўтирган, бугунги каби дадил гап-сўзлар уларга ёт бўлган бўлиши мумкин. Ана шундай – ўз-ўзини бадавлат қилган инсонлар билан суҳбат эса бутунлай бошқача бўлади. Улар нисбатан камгап, кўп тинглайдиган бўлишади. Уларнинг ишончлари гап-сўзларида эмас, нигоҳларида акс этади.

Қуйида Erkak.uz нашри бой-бадавлат инсонлар иш жараёнида, ўзаро суҳбатда деярли ишлатмайдиган гапларни диққатингизга ҳавола қиламиз.

«Бўлиши мумкин эмас!»

Бўлиши мумкин! Бу ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бадавлат кишилар имконисизликнинг ҳам чегараси борлигини билишади. Бунга ишониш керак. Айтишадику, куйлашни хоҳлаган инсонга қўшиқ ҳам топилади.

Сиз ярим йўлда тўхтаманг. Бошқалар каби, юракка қўшиқ ҳам сиғмаган вақтда радиони овозини зчириш ўрнига, сиз айнан ўша дамда куйлашни, ўша дамда ҳар доимгидан ҳам жадал ҳаракат  қилишни ўрганинг.

Сиз ҳам ўзингиз севган, фаолият кўрсатаётган соҳада тенгсиз бўлишга интилинг. Бу соҳада омадингиз келиши, бунинг орқасидан яхши ҳаётга эришиш мумкинлигига ишонинг. Ҳар гал ойнага қараганингизда ўзингизга қараб «бўлиши мумкин!» дейишга одатланинг.

Балки, ўтмишни ўзгартириш қўлимиздан келмас. Маълум қонун-қоидаларга қараб иш қилувчи одамларни ҳам ўзгартиришга ожизмиз. Муқаррар нарсани ҳам тўхтата олмаймиз. Қўлимиздан келадиган ягона иш бу хулқимизни уларга нисбатан тўғри йўлга бошлашдир. Ҳаётнинг 10 фоизи ниманидир содир бўлиши бўлса, 90 фоизи унга нисбатан муносабатимиздан иборат. Сиз эса, яхшиликка, яхши ҳаётнинг содир бўлишига ишониб яшанг.

«Бой бўлишга муносиб эмасман!»

Эркакнинг энг катта хатоси – ўзини ҳаётнинг энг яхшисига муносиб кўрмаслигидир. Агар шундай бўлса, унда жуда оғир вазиятдасиз.

Эндрю Карнеги Америкага келганида кўчада одамларни оёқ кийимини артиб-тозалаб кун кўрадиган кўча боласи бўлган. Йиллар ўтиб унинг қўл остида миллионерлар ишлаган. Сабаби – у ўзини муносиб кўрган.

Баъзида оддий оила фарзандларининг ҳайратланарли ҳаёт йўлларига гувоҳ бўламиз. Бу ҳам уларнинг ўзларини бунга муносиб деб билишларига мисол. Оддий адвокатнинг ўғли Билл Гейтс бир неча ўн йиллардан буён дунёнинг энг бой кишиси.

Ўрта ҳолдан чиққан бадавлат инсон ҳам «Нега мен бўлмаслигим керак?», «Нега мен яхши яшамаслигим керак?», «Нега у ва мен эмас?» каби саволларни ўзига берган ва ҳаракат қилган. Бу саволлар унга йўлидаги тўсиқларга ечим топиш учун куч ҳам беради.

Унутманг, дунё кўзгуга ўхшайди. Ким унга қайси назар билан қараса ўзини шу қиёфада кўради. Сиз ўзингизга ҳурмат назари билан қаранг ва бунга ўзингизни муносиб кўринг. Яхши яшашга сиз ҳам муносибсиз.

«Кун келиб буларни қўлдан бой бераман!»

Баъзи инсонлар кўпроқ давлатга эришганлари сайин табиатида қўрқоқлик устун бўлиб боради. Бунинг сабаби кўп. Дейлик ўзига ишончсизлик, бойликка тасодифан эришгани, билимсизлик, эртани кўра олмаслик бўлиши мумкин.

Икки хил куч бор: ташқи ва ички. Биз зилзила, тўфон ёки касаллик устидан назорат қила олмаймиз. Аммо, тўғри муносабатда бўлиб, ички кучни қўлга олишимиз мумкин. Пул билан муомала қилиш эса ички масала. Демак, уни назорат қилиш мумкин.

Қолаверса, дунёдаги энг бевафо дўст бу – бойликдир. Биз дуч келадиган далил унга бўлган муносабатимизчалик муҳим эмас. Муваффақиятимиз ёки мағлубиятимиз далилларга эмас, унга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Шундай экан, давлатнинг қўлдан кетишини фожеа деб ҳисобламаслик керак.

«Ишим ўзимга ёқмайди»

Маълумотларга қараганда, сайёрамиздаги ходимларнинг деярли ярмига ўзи қилаётган иш, вазифаси ёқмас экан. Улар мунтазам ишни ўзгартириш, яхши иш топишга ҳаракат қилишади. Бундай фикр билан ҳеч қачон бойиш мумкин эмас.

Агар ёш бўлсангиз, ўзингиз учун қизиқ бўлган соҳа бўйича ўқинг. Инсоннинг бахтли яшаши кўп жиҳатдан унинг ишига ҳам боғлиқ. Ахир оиланинг бахти иқтисодий масалаларга дахлдор. Шундай экан, ўзингизга ёқмайдиган ишни қилманг. Шунда «ишим ўзимга ёқмайди» деган нолишга ҳам асос қолмайди.

Бой инсонлар иш билан боғлиқ завқ-шавқ, янги марралардан руҳланиш бойликни топишнинг муҳим калити эканлигини билишади. Бунинг учун ишни севиш керак. Шунда инсон танасида туганмас саъй-ҳаракат вужудга келади.

Кўпчилик тонгда ишга борар экан, бугун ишхонада унинг ҳаётини яхши томонга ўзгартирадиган бирор нима бўлишини умид қилади. Баъзилар ҳеч бўлмаса ўзини овутиш учун, ҳаётдан илҳомланиш, яшаш учун ишлайди.

Бадавлат инсонлар ишга борар экан, улар ўзлари билан идорага кайфият олиб киришади. Улар нимадандир ёки кимдандир умид қилишмайди. Улар умидни ўзлари билан олиб юришади.

Хулоса.

Сиз бойиш учун ҳаракат қилманг. Яхши яшаш учун, ўз йўлингизни топиш ва орзуларингизга эришиш учун ҳаракат қилинг. Бойлик – ким учундир йўналишни топиш учун компас, ким учундир эса уни ёндириб юборувчи, кўзини кўр қилувчи олов. Бойликка эришишда кўр-кўрона ҳаракат қилманг.

Пул-маблағга бойликнинг белгиси деб қараманг. Инсон мол-давлатга эга бўлиб ҳам бойлардек яшамаслиги, аксинча ўрта ҳол бўлиб ҳам бадавлат инсондан фаровон яшаши ҳам мумкин. Мол-давлатга сиз ҳаётни ёруғлиги деб қаранг. Унинг ёрдамида ўзингиздаги ички қобилиятни намоён қилинг ва бошқаларга ҳам яшашларига ёрдам беринг.

Биз истаётган фаровон ҳаёт, аввало тасаввуримизда яралади. Шу тасаввурга кўра ўзимизни тарбиялашамиз керак. Хулқимиз ижобий бўлса, ўзимиз кутган бахт, орзу қилган ҳаёт ва бойликни албатта учратамиз.

Бу йўлда барчангизга омад ёр бўлсин!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!