ТИКА «Соғлом авлод учун» фондига 10 та “Меrcedes Benz” тиббиёт машинасини топширди

14:28, 07 апрель

ТИКА «Соғлом авлод учун» фондига “Меrcedes Benz” русумидаги 10 та тиббиёт машинасини топширди.

Туркия Республикаси Бош Вазир Девони ҳузуридаги  Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари, доктор Сердар Чам мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида  “Мобил Клиника” транспорт воситалари лойиҳасининг давоми сифатида амалга оширилган, тиббий анжом ва ускуналар билан жиҳозланган 10 дона Мобил клиник транспорт воситаларини “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ижтимоий-патронаж бригадаларига топшириш маросими бўлиб ўтади. 

8 апрел куни Др. Сердар Чам ва ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Проф. Др. Сулейман Кизилтопрак ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси вакилларидан иборат делегация Бухоро шаҳрига ташриф буюришади. Ташриф давомида ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилган Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйида бўлишади.  

Маълумки, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги - ТИКА, Туркия Республикаси Бош Вазир девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти бўлиб, 1992 йилда ташкил топган.  Ҳозирда ТИКА ташкилотининг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140га яқин мамлакатда, 50дан ортиқ ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. 

ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган “Хамкорлик шартномаси” доирасида 1994 йилнинг 20 май куни очилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!