Эркин Комилов: “Дўлана”да суратга тушганим учун ўзимдан хафаман

14:45, 07 апрель

Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана” қўшиғи ва клипи телеканаллар ва интернет сайтлари орқали намойиш этилганидан сўнг кескин танқидларга сабаб бўлган эди. Аксарият тингловчилар Ҳожиакбарни марҳум отаси Нуриддин Ҳайдаровнинг қўшиғини бузганликда айблади. Клип ҳам хонандага кутилган омадни олиб келмади. Ҳатто унда суратга тушган Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари ҳам бачкана хатти-ҳаракатлар қилганлиги бир неча маротаба айтиб ўтилди. 

“Тасвир” газетаси Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана” клипида суратга тушган актёрлар Эркин Комилов, Теша Мўминов ва Ҳамид Пўлатов билан боғланиб, клип ҳақидаги уларнинг фикри билан қизиқди.

Эркин Комилов:

Халқимизнинг севимли хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров орамиздан эрта кетди, охирати обод бўлсин. Санъатда ўз ўрни бор, ўз мухлисларини топган қўшиқчи эди. Нуриддинга ҳурматим баланд эди, яқин эдик.  Менга сўзлари ҳаммамизга ёд бўлиб кетган “Дўлана” қўшиғини ўғли куйлаётганини айтиб, “Клипида   қатнашиб берсангиз” деб илтимос қилишди. “Йўқ” деёлмадим. Ўғлининг: “Дадам сизни яхши кўрарди...” деган гапидан кейин марҳум қадрдонимнинг хотираси учун клипда суратга тушишга рози бўлдим. Съёмкага борганимиздан кейин нотўғри қилганимни тушуниб, афсусландим. Кўнгли бўшлик қилганим учун ўзимдан хафа бўлдим. Менга қўшиқнинг талқини ёқмади, ўзбекона ашула чиқмабди. Бунақа вазиятда нима қиларди одам? Суратга тушишдан қайтаётиб, режиссёрга “Биз тушган жойларни қирқиб ташланг...” деб қайта-қайта тайинлаб кетдим.

Теша Мўминов:

—Клипда нима кўрсатилиши, мазмунидан бехабар бордим. Боргандан кейин анча одам тўплангани, тайёргарлик кўрилгани, бунга қанча вақт сарфланганини кўриб, ташлаб кетиш ҳам ноқулай бўлди. Клипда суратга тушиш учун “Ёш санъаткорга руҳий мадад бўлар” деган маънода боргандим. Биз отасининг ўрнини боссин, деган яхши ниятда ёрдам бермоқчи бўлдик. Бунақа енгил-елпи нарса олиши хаёлимизга ҳам келмабди. Тушунганимиздан кейин эса кеч бўлди...

Ҳамид Тошпўлатов:

—Клипда суратга тушиш учун уч-тўртта одам ўртага тушиб, қилган илтимосларига “йўқ” деёлмадим.  Клип жараёни ҳақида билгандан кейин устоз санъаткорларнинг олдида ташлаб чиқиш кетиш ҳам ноқулай бўлди. Аммо мен актёрман ва ҳеч қандай уят иш қилганим йўқ. Ўз вазифамни бажардим.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!