60 нафар кекса киноижодкорларга замонавий телевизорлар совға қилинди(Фото)

16:43, 07 апрель

Куни кеча “Ўзбекфилм” киностудиясида жойлашган “Замин” ресторанида киноижодкорлар иштирокида Наврўз нишонланди.

Унда миллий кинематография санъатининг равнақига ҳисса қўшган киноижодколарга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилиб, дастурхон ёзилди, дошқозонларда сумалак ва ош тайёрланди.

Тадбирда 320 нафар кинорежиссёр, оператор, рассом, овоз режиссёри, актёр, монтажчи, киношунос каби соҳанинг фидоий ва заҳматкаш ходимлари иштирок этишди.

Байрам тадбирида 60 нафар кекса киноижодкорларга замонавий “Артел” телевизорлари совға қилинди. Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, режиссёр Шуҳрат Аббосовга суратга олган филмлари асосида тайёрланган махсус картина топширилди.

Тадбир давомида Шуҳрат Аббосов, Рихси Иброҳимова каби устоз санъаткорлар сўзга чиқиб, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётгани сабабли шундай байрамлар бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдурашид Йўлдошев, Зиёда Қобилова каби бир қатор эстрада хонандалари, рақс ва карнай-сурнай гуруҳлари кинематографчиларни байрам билан табриклашди.

     

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!