2016 йилнинг I чорагида электрон аукцион савдоларда 88 миллиард сўмлик битимлар тузилди

11:09, 08 апрель

Миллий матбуот марказида Республика товар-хомашё биржаси томонидан электрон савдоларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Илк бор 2011 йилда ўтказилган давлат харидлари бўйича электрон аукцион савдоларда 166 миллиард сўмлик битимлар тузилган. Бунда кичик бизнес субъектларининг улуши 89 фоизни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 88 миллиард сўмлик битимлар тузилиб, уларнинг 99 фоизи кичик бизнес вакиллари улушига тўғри келган. Кичик бизнес вакиллари кўпроқ қурилиш моллари, суюлтирилган газ, полиэтилен харид қилиб, катта ҳажмларда озиқ-овқат, нефть-кимё ва ёғ-мой маҳсулотлари сотган. 

2011-2015 йиллар мобайнида «D-хаrid» электрон тизимида фаол бўлган кичик бизнес субъектлари 5 мингдан 38 мингтага кўпайди. Илгари ахборот порталига жойлаштирилаётган бир талабномага иккита етказиб берувчи таклиф билдирган бўлса, мамлакатимизда кичик бизнес ва соғлом рақобат ривожлангани самарасида бугун улар ўртача тўққизтани ташкил этмоқда. 

– Электрон савдоларда қатнашаётган кичик бизнес вакиллари сафи тобора кенгайиб бормоқда, – дейди Республика товар-хомашё биржаси бош мутахассиси Жасур Юнусов. – Ахборот порталимиздан ҳар куни фойдаланаётганлар сони 2 мингдан 6 мингтага кўпайди. Уларга янада қулайлик яратиш мақсадида порталда "Пул маблағларини қайтариш", "Ҳуқуқий маслаҳат", веб-сайт фойдаланувчиси ҳаракатларини овоз билан изоҳлаш каби интерактив хизматлар, мижозларнинг шахсий кабинетлари, "Калькулятор" каби функциялар йўлга қўйилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирок этишлари учун бюджет ташкилотларининг амалдаги талабномаларига обуна бўлиш имкони яратилди. "Ягона дарча" марказлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!