Тошкентда автобусда чеккан ҳайдовчига чора кўрилди

11:28, 08 апрель

Facebook’даги “Потребитель.уз” гуруҳида иштирокчилардан бирининг йўловчилар тўла автобусда чекаётган ҳайдовчи ҳақидаги чиқиши чоп этилиб, унга автобус рақами кўриниб турган фото ҳам илова этилди. Бу ҳақда “Potrebiteli.uz” гуруҳига асосланиб, “Дарё” нашри хабар бермоқда.

Чиқишга Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси реклама фаолияти устидан назорат ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бошқармаси ходимлари эътибор қаратди. Улар гуруҳда чоп этилган материални вазиятга ойдинлик киритиш учун “Тошшаҳартрансхизмат”га юборди.

Автобус ҳайдовчиси топилиб, йўловчи транспортини бошқариш чоғида чекканлиги тасдиқланди. Унга ўртача ойлик маошининг 20 фоизи миқдорида жарима солинди ва бошқа йўналишга ўтказилди.

“Энди 12-автобус сарой ҳайдовчилари автобус салонида чекишга журъат этмаса керак, чунки гуруҳ иштирокчилари мобил телефонлари камераси нишонида ва қўмита ходимлари назоратида эканликларини яхши билади”, — деб ёзади “Potrebiteli.uz”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!