Ҳожиакбар Ҳайдаров “Дўлана” қўшиғига нисбатан танқидларга муносабат билдирди

13:36, 08 апрель

Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Нуриддин Ҳайдаров ижросидаги “Дўлана” қўшиғи орадан 25 йил ўтиб, унинг ўғли, ёш хонанда Ҳожиакбар Ҳайдаров томонидан қайта куйланди. Бироқ қўшиқ ва унга ишланган клип кескин танқидларга сабаб бўлди. Ҳатто, унда роль ижро этган актёрлар ҳам мазкур клипдаги иштирокидан уялишини маълум қилди.

“7х7” газетаси “Дўлана” қўшиғининг ижрочиси Ҳожиакбар Ҳайдаров билан боғланиб, унинг танқидларга бўлган муносабати ҳақида сўради. 

“Тўғри қўшиқ ёши катта тингловчиларга манзур бўлмади. ‘Қўшиқни бузиб ижро этибди’, деган танбеҳларни ҳам эшитдим. Аммо бунинг ўзига хос сабаби бор. Дадамнинг ‘Юлдузим’ қўшиғини ўзидек ижро этганимда, устозлар ‘ Ижрода ўзига хослик йўқ’, дейишди. Агар ‘Дўлана’ни ҳам худди ўзидек ижро этганимда, у ёшлар ҳам тинглайдиган қўшиқ бўлмасди. Шу сабабли мусиқа ва ижро услубини замонавийлаштирдик. 

Шу кунгача биронта клипни экран қаршисида ўтириб, охиригача томоша қилмаганман. Чунки қайси саҳнадан кейин қайсиниси келишини яхши биламан. ‘Дўлана’га ишланган клипнинг ўзига хослиги шундаки, кадрлар ёдингизда қолмайди. Эътиборни жалб қилиб, ‘Клип қандай якунланаркин?’ деган савол томошабинни ўйлантиради”,—дейди Ҳожиакбар Ҳайдаров.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!