АПЛда март ойининг энг яхши футболчиси ва мураббийи аниқланди

15:08, 08 апрель

Англия Премьер-лигаси март ойи сарҳисобларини қилиб чиқди. Унга кўра, “Тоттенхэм” жамоаси ҳужумчиси Харри Кейн Англия Премьер-лигасининг март ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди. “Лестер” устози Клаудио Раньери – энг яхши мураббий. 

Ўтган ойда “Тоттенхэм” форварди тўртта ўйинида бешта гол киритди ва жамоасининг ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшди. Жумладан, “Астон Вилла” (2:0) ва “Борнмут”га (3:0) қарши  ўйинларда 22 ёшли ҳужумчи дубль қайд этган бўлса, “Арсенал”га қарши (2:2) кечган “Лондон дербиси”да муҳим голга муаллифлик қилганди. 

“Лестер” жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери АПЛда март ойининг энг яхши мураббийи деб тан олинди. Ўтган ойда унинг қўли остида “Лестер” тўртта ўйиндан 3 тасида ғалабани тантана қилган бўлса, битта ўйинда дуранг ўйнаган эди. 

Маълумот ўрнида, “Лестер” 69 очко билан турнир жадвалини бошқариб бормоқда. “Тоттенхэм” 62 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!