Ҳиндистонда Майкл Жексон ҳотирасига уч метрлик ҳайкал қад ростлади

15:27, 08 апрель

Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳрида америкалик қўшиқчи Майкл Жексоннинг уч метрлик ёдгорлик-ҳайкали очилди. Бу ҳайкални Майкл Жексоннинг ашаддий мухлиси бўлмиш, ҳиндистонлик Чандрасекарам исмли одам олти нафар ҳайкалтарошга буюртма бериб, қора гранит тошдан ясатган.

Чандрасекарамнинг маълумот беришича, у Майкл Жексоннинг ҳайкалини АҚШга унинг оиласига Neverland ранчоси ҳудудига ўрнатиш учун бериб юборишни ният қилган, аммо бу орзусини рўёбга чиқара олмаган. Жексоннинг оила аъзолари унинг таклифига жавоб бермаган.

Ҳайкалнинг очилиш маросимида Ҳиндистонда Майкл Жексон услубида рақсга тушувчи машҳур актёр ва раққос Прабху Дева ҳам иштирок этди. Ҳайкалнинг оғирлиги 3,5 тоннани ташкил этади. Ҳайкалтарошлар ҳайкални ясашдан олдин Майкл Жексоннинг Beat It клипини ва юзлаб фотосуратларини ўрганиб чиқишган.

Биз илгари британиялик Соня Тодд исмли аёлнинг америкалик қўшиқчи Майкл Жексон қиёфасидаги катта тортни пиширгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!