Ўзбекистонга «LG CNS» компанияси президенти бошчилигида делегация ташриф буюрди

15:41, 08 апрель

Куни кеча Жанубий Кореянинг «LG CNS» компаниясининг янги сайланган президенти Ким Ён Соб бошчилигидаги делегация Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ташриф буюрди.

Корея Республикасининг «LG CNS» компаниясининг катта тажрибаси ва кенг имкониятларини ҳисобга олиб, мамлакатимизда «LG CNS Uzbekistan» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ташкил этилган эди.

Қўшма корхона фаолиятининг асосий йўналиши дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, аппаратли-дастурий комплексларни ўрнатиш ва жорий этиш, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари учун лойиҳа ва техник ҳужжатларни шакллантириш бўлиб ҳисобланади.

Учрашув мобайнида томонлар «LG CNS Uzbekistan» қўшма корхонаси томонидан айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ривожи хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Хусусан, халқаро андаза талабларига жавоб берадиган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, корхонага малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириб бориш, хорижий бозорга чиқиш билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.

«LG CNS» Компаниясига 1987 йилда «LG» корпорацияси томонидан асос солинган. Жанубий Кореянинг ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш соҳасида энг йирик компанияси бўлиб ҳисобланади. 

Компания бутун жаҳонда 10 дан ортиқ минтақавий офисларига эга ҳамда унда фаолият юритувчи ходимларининг сони 10 мингдан ортиқ. Компания ахборот технологиялари, консалтинг, тизимли ва тармоқ интеграцияси, бизнес-жараёнлари ва ахборот технологиялари аутсорсинги соҳасида ихтисослашган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!