“Локомотив” Чемпионлар лигасидаги рақиби билан ҳамкорлик шартномасини имзолади

16:24, 08 апрель

Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг навбатдаги турини ўз майдонида Эроннинг “Сепахон” клубига қарши ўтказиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳақида хабар берган эдик. 

“Локомотив” футбол клуби матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувдан олдин  ҳар иккала клуб раҳбарлари – Ражабов Мансур Кучкарович (“Локомотив” ПФК президенти) ва Асгар Багериян (“Сепахон” ФК Бошқарув раиси) иккала жамоа ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига имзо чекишди. 

Ҳамкорлик шартномасида қуйидаги гаплар ёзилган.

Ўзбекистоннинг “Локомотив” футбол клуби ҳамда Эрон Ислом Республикасининг “Сепахон” футбол клуби раҳбарларининг ўзаро келишуви асосида Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикасининг маданият ва спорт соҳасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва жамоалар орасида спорт бўйича ўзаро малака алмашиш учун қуйида санаб ўтилган бўлимларни келажакда икки клуб ўртасида йўлга қўйиш мақсадида ушбу битим имзоланади:

1. Жамоаларга тегишли бўлган спортчиларни ўзаро келишув асосида у ёки бу клубга трансфер қилиш;
2. Жамоаларнинг турли ёшдаги футболчилари ўртасида белгиланган қоидаларга кўра ўртоқлик ва назорат учрашувларини ташкил этиш;
3. Эрон ва Ўзбекистон спорт жамоаларининг у ёки бу мамлакатда ўқув-йиғин машғулот олиб боришини таъминлаш;
4. Янги футбол методлари ва қўлланмалари бўйича ўзаро фикр алмашиш, футбол машғулотлари жараёнларини дискларга ёзган ҳолда жамоа устозлари ва футболчилар орасида умумий тажриба алмашиш;
5. Ва яна бошқа турли йўналишларда ўзаро келишувни қўллаб-қувватлаш ва шу асосда иш олиб бориш.

Мухлисларга яхши маълум, “Локомотив” ўтган йил Англиянинг “Флитвуд Таун” футбол клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйганди. Бу йил эса “Сепахон” билан ҳам янги мақсадлар сари ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!