Олимлар бахтни пулга сотиб олиш усулини топди

11:50, 09 апрель

“Бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди”, дейишади. Бироқ бир гуруҳ олимлар бу фикрнинг нотўғри эканлигини аниқлади, деб хабар беради “Lenta.ru”. 

Британиялик олимларнинг фикрича, инсон ўз руҳиятига мос келувчи буюмларни сотиб олса, у бахтни ҳис этади.

Тадқиқотчилар олти ой мобайнида 76 мингта харид ва харажатларни ҳамда 625 кишини тадқиқ қилди. Улар харидларни инсоннинг қайсидир жиҳати билан умумлаштиришга ҳаракат қилди.

Сўнг тажриба иштирокчилари шахсий ҳаётидан мамнунлиги юзасидан маълум тестдан ўтказилди. Олимлар уларнинг харидларини тест натижалари билан солиштирди. Маълум бўлишича, инсонлар пул ишлатиши ва бахтни ҳис этиши даражаси бир-бирига мос тушади. Бир гуруҳ инсонлар кафе ва барларда овқатланиш учун кўпроқ пул сарфлайди, яна бир гуруҳи эса янги кийим, уй учун жиҳоз, янги автомобиль сотиб олганида ўзини дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳисоблаган. 

Бундан келиб чиқиб, олимлар бахтни сотиб олиш мумкин, деган хулосага келди. Бундан ташқари, пул қанча кўп бўлса, бахт даражаси ҳам шунча юқори бўлади. Пул ишлатганда бахтни ҳис этиш учун эса инсон ўзига нима кераклигини аниқлаб олиши керак.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!