Тошкентда Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги нишонланди

17:00, 09 апрель

Бугун, 9 апрел куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллуди куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди. 

Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида “Амир Темур ва Темурийлар давридаги илм-фан ва маданият ривожининг жаҳон тамаддунидаги ўрни” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Темурийлар тарихига оид энг яхши тасвирий ва публицистик асарлар танлови ғолиблари тақдирланди. 

Темурийларга оид дурдоналар, нодир қўлёзмалар, истиқлол йилларида Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳақидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилди. 

Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда давом этмоқда.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!