Ажрашишга шошилманг: Ҳақиқий муҳаббатга элтувчи 7 босқич

12:13, 11 апрель

Нега оилалар бир-бирига хиёнат қилади ва жанжаллашади? Қандай қилиб юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларни сезиш ва уларнинг олдини олиш мумкин? Психологлар бу ҳақда нима дейди? Бахтли никоҳга эришишнинг калити нимада? Бу каби саволларга оилавий ҳаёт давомида кўпчилик дуч келиши аниқ. Қуйида психологларнинг бу борадаги фикрлари билан танишамиз... 

1. Ширин ҳаёт.

Психологларнинг фикрича, бу босқич тахминан 18 ой давом этади. Эркак ва аёл бир-бирини учратиб, ёқтириб қолса, уларнинг организмида дунёни ёрқин рангларда кўра оладиган гормонлар ишлаб чиқарилиши бошланар экан. Бу вақтда инсоннинг кўзига бутун дунё чиройли кўринади. Танлаган инсонининг ташқи кўриниши, овози, ҳамма жиҳати жуда ажойиб кўринади. Феъл-атворидаги камчиликлар ҳам билинмайди. Бу даврда инсон сармаст ҳолатда бўлар экан. Шундай дамда тақдирни ўзгартирадиган жиддий қарорлар қабул қилмаслик керак, чунки эртами-кечми, сармастлик ҳолати тугайди ва ҳамма нарса асл рангида кўрина бошлайди. 

2. Зерикиш.

Ҳиссиётлар тўлқини тиниб, ёнингиздаги инсоннниг ижобий ва салбий томонлари яққол кўринади ва уларни баҳолай бошлайсиз. Бу даврда эркак ва аёл бир-бирига мослашиб қолганлиги учун ўзини асл ҳолича, анча табиий ва эркин тута бошлайди. 

3. Нафрат. 

Эркак ва аёл ўртадаги муносабатлар давом этиши учун бир-бирини мажбур деб ҳисоблайди. Иккала томоннинг ҳам камчилиги яққол намоён бўла бошлагач, жанжал, тортишувлар бошланади. Нафрат юзага келади. Бундай пайтда кўпчилик энг осон ва ёмон йўлни танлашни маъқул кўради -хайрлашиш ёки  ажрашиш. Лекин бунда шошилмаслик керак. Сиз бир-бирингизни синаган, бирга ўтказган ширин дамларингиздан осонгина воз кечдингиз. Бундан ташқари, янги инсон билан танишиб қолсангиз, биринчи босқичдагидек, ширин ҳаётни бошлаб юборасиз ва ҳаммаси яна шу тахлит давом этади.  

4. Сабр. 

Жанжаллар ва хафалашишлар эркак ва аёл ўртасида бўлиб туради, лекин улар ўткинчи, келишмовчиликлар унутилиб, муносабатлар яна давом этади. Агар эр-хотин иккаласи ҳам буни англаб, сабр қилишга ўзида куч топа олса, ўз-ўзидан ақл билан иш юритишни ҳам бошлайди. Бу табиат қонуни. Ва бу босқичда эр-хотин муносабатларида ақл ва вазминлик устунлик қилади.   

5. Бурч ва ҳурмат босқичи. 

Бу севгининг биринчи босқичи, десак ҳам бўлади. Бунгача бўлган муносабатларни муҳаббат деб айта олмаймиз. Чунки, айни шу босқичда ҳар бир аёл ва эркак ўзига нима кераклигини эмас, севимли инсони учун нима қилиши лозимлигини ўйлай бошлайди. Ўзининг мажбуриятларини тушуниш инсонни мукаммаллаштиради.   

6. Дўстлик. 

Сиз бир-бирингиз учун яқин ва қадрдон инсонларга айландингиз. Ўртангизда энг яқин дўстлар орасида бўладиган ишонч ҳам пайдо бўлди. Дўстлик, бу - муҳаббат учун жиддий тайёргарликдир. 

7. Севги.  

Ҳақиқий севгига эришиш осон эмас. Унга узоқ муддатли йўл орқали борилади. Айтиш мумкинки, муҳаббат илми ҳаётий вазиятлар ва узоқ давом этадиган яқин муносабатлар асосида ўрганилади. Ҳақиқий муҳаббат бу каллага нима келса, уни қилиш дегани эмас. Соф севгига эришиш учун инсон аввало худбинлик ва турли бидъатлардан воз кечиши, камолга эришиши лозим. 

Хулоса. Ҳар бир инсон ўзига умр йўлдошни ўзи танлайди. Оилавий ҳаётда ҳақиқий севгига эришиш учун аввало яқиндан танишиб, кейин дўстлашиш, ундан сўнг эса севги муносабатларини ўрнатиш лозим. Кўпчилик жуфтлар биринчи танишган даврини севги даври деб ҳисоблайди. Аслида эса романтика даври тугаб, кўзингиздан рангли кўзойнак ечилган заҳотиёқ зиддиятлар, тушунмовчиликлар бошланади. Кўпчилик бундай пайтда “тамом, ҳаммаси тугади, севги йўқ экан”, деган хулосага келади. Шуни унутмангки, севгида фақат мазали эмас, бошқа таъмлар ҳам бор: ширин, аччиқ, шўр, нордон, тахир. Садоқат ва сабр-тоқат муҳаббатнинг асосий талабидир. Агар сиз бир марта жанжаллашганингизда муносабатларингизда севги тугади, деб ўйлаётган бўлсангиз, ишонинг, у ҳали ҳатто бошланмаган ҳам... Ҳақиқий севги барча босқичлардан ўтганингиздан кейин бошланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!