Эркаклар орзусидаги аёл қандай бўлиши керак?

13:52, 11 апрель

Албатта, бу савол барча аёлларни бирдай ташвишга солади. Ҳар бир қиз гўзал, жозибали ва ёқимтой бўлишга интилади. Аммо шундай аёллар борки, қарама-қарши жинс вакилларини ўзларига ипсиз боғлаб олишади, эркаклар уларнинг атрофида чироққа интилган парвонадай гирдикапалак бўлишади. Улар бунга қандай эришишади? Сеҳр-жоду қилишадими? Балки уларга табиат эркаклар устидан ҳукм ўтказишдай ноёб қобилият ато этгандир?

Аввало эркак киши аёлнинг ташқи қиёфасига – қимматбаҳо бўлмаса-да, тоза, озода дазмолланган кийимига, чиройли қўлига ва парваришланган тирноқларига, соч турмагига катта эътибор беради. Танишув жараёнида юқорида санаб ўтилган хусусиятлар катта роль ўйнайди. Эркакларни уч тоифадаги аёллар қизиқтиради:

1)  Гўзал аёллар;
2)  Ички дунёси гўзал, ақлли аёллар;
3)  Мулойим ва табиатан бўйсунувчи уй бекалари. 

Минг афсуски, бу уч фазилатни ўзида бирлаштира оладиган аёллар камдан-кам топилади. Алоҳида ҳолда эса кўпчилик аёлларда учратиш мумкин. Гўзал ташқи қиёфа деганда албатта, машҳур кино юлдузлар каби башанг кийиниш шарт эмас. Чунки ҳар бир аёлнинг ўзигагина хос бўлган бирор хусусияти бўлади (Масалан, чарос кўзи, кичкина бурни, гўзал қадди-қомати ва ҳоказо). Аёл ўзининг ижобий хусусиятларини англаши ва қадрига етиши лозим (албатта, ўзига бино қўйиш даражада эмас). Ўзининг бу фазилатини ютуқ деб қабул қилиб, унинг устида ишлаши, камчиликларини бартараф этиши лозим. Бунинг учун ҳар бир аёлга спорт, жисмоний машқлар, соғлом турмуш тарзи ёрдамга келади. Кўз очиб, юмгунча юзингиз силлиқлашиб, кўз остидаги халтачалар йўқолганини, қад-қоматингиз ихчамлашганини сезасиз. Ўзида бор гўзалликни кўрсата олиш қобилияти кўпинча машҳур юлдузларда юқори бўлади (аслида улар биз ўйлаганчалик гўзал эмас). Баъзан ҳақиқатан ҳам гўзал бўлган аёллар чиройли бўлмаган аёллар орасида кўзга ташланмай қолади. 

Ақл ва билимга келадиган бўлсак, албатта юқори интеллектли шахс бўлиш шарт эмас, чунки ҳамма нарсани билишнинг, ўрганишнинг имкони бўлмаса ҳам одам ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги лозим. Агар эркак киши билан суҳбат давомида мактаб дастурига тегишли саволларга ҳам жавоб бера олмасангиз, жилмайиб, унинг гапларини тасдиқлашдан нарига ўтмасангиз, бундай муносабатларнинг умри қисқа бўлади. Гапга тўн кийдириб, дунё янгиликларидан тортиб, футбол ўйинлари ҳақида фикр билдирувчи аёллар ҳар қандай эркакнинг ҳурматига сазовор бўлади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси борлигини унутманг, керагидан ортиқ даражада ақллилик қилиш ҳар қандай одамни чарчатиб қўяди.

Эркак киши билан суҳбат жараёнида нафақат ақл, балки: тез чиқишиб кетиш, ҳалоллик, покизалик, меҳрибонлик, хушмуомалалик, ўзига хослик каби ижобий фазилатлар ҳам етакчилик қилиши лозим. 

Рўзғор юмушларини бажариш, мазали таомлар тайёрлаш орқали ҳам эркак кўнглигини забт этиш мумкин. Саранжом-саришта уй, мазали овқатлар эркак кишини уйга, оиласига тортади ва бора-бора бусиз яшолмайдиган бўлиб қолади. Сизнинг қайси фазилатингиз ёнингиздаги одамни ўзига тортишини олдиндан айтиш қийин. 

Сизни севувчи, ардоқловчи инсонни ҳар доим, ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлашга, тушунишга ҳаракат қилинг, шунда у бир умр сизнинг ёнингиздан кетолмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!