Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг икки нафар аъзоси жаримага тортилди

14:38, 11 апрель

Тошкентнинг “Пахтакор” клубида Самарқанднинг “Динамо” жамоасидан ижара асосида тўп сураётган Достон Ибрагимов ва Саиджамол Давлетжановлар тартиб-интизом кодексининг бир неча бандларини бузганлиги сабабли 1 миллион сўмдан жаримага тортилди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда

Давлетжанов ва Ибрагимовлар шу йили 23-30 март кунлари ўтказилган Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг йиғинидан ўзбошимчалик билан кетиб қолганлиги ҳақидаги бош мураббий Жасур Абдураимов тақдим этган рапорт жаримага асос бўлади.

Шу билан бирга ёшлар терма жамоасига номзод бўлган “Пахтакор” футбол клуби ўйинчиси Жамшид Юсуповга терма жамоанинг бир қатор йиғинларига 2-3 кунга сабабсиз кечикиб келганлиги учун 500 минг сўм миқдорида жарима солинди.

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Тартиб-интизом қўмитаси томонидан қабул қилинди.

Жарималар кор қилмаган тақдирда Достон Ибрагимов, Саиджамол Давлетжанов ва Жамшид Юсуповлар муайян муддатга футболчилик лицензиясидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!