4 кишининг жонига қасд қилган жиноятчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

15:43, 11 апрель

Зафар ва  Карим отда Аброр Мамедовнинг фермер хўжалиги томон боришаркан,  тепалик яқинида ерда чўзилиб ётган одам гавдасига дуч келиб сергак тортишди. Ердаги одамнинг қўллари боғлаб ташланган, оғзига латта тиқиб кетилганди. 

Бу одам Аброрнинг хўжалигида ишлайдиган чўпон Жаббор Маликов бўлиб чиқди. Дарров йигитлар отдан тушиб, унинг қўлларини ечишди., оғзидаги тиқинни олиб ташлашди. Жаббор аранг нафас олар, ияги билан ўтов тикилган яйловга имо қиларди. 

- Унинг қоп-қора соқоли бор. У... у Қосимни ҳам, болаларини ҳам ўлдирди. Мени эса...

Йўловчилар шоша-пиша у  кўрсатган тарафга йўл олишди ва даҳшатли манзаранинг устидан чиқишди. Кўп ўтмай ҳодиса жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келишди. 

Бекорчидан Худо безор

...Қўлида бирор ҳунарнинг тайини бўлмаган Жаббор аввал дуч келган ишда ишлаб юрди. Охирги иш жойи –чойохона ёпилиб кетгач, кўчада қолди.  Кунларнинг бирида қўшниси Салим аканинг ёрдами билан фермер хўжалигида ишга жойлашди. 

Шу тариқа у чўпонлик қила бошлади. Албатта ойлик ўзига яраша, чўнтак харажатларини аранг қопларди. Отарда ундан ташқвари яна бир чўпон бор: Қосим ёзда тўртта боласи билан шу яйловга ўтов қуриб,  кўчиб келган.

Иш бор жойда келишмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Гоҳида Қосимнинг хийла эринчоқлиги, ўз ишини ҳам шеригиги ошириши баъзидан ўта даражада жаҳлини чиқарарди. Ораларида ғиди-биди ҳам шундан келиб чиқарди. 

Ўша куни эрталаб Қосим шеригини барвқақт уйғотиб, пода боқишга жўнатди. Ўзи эса, ўтовда оиласининг ёнида қолди. Бу эса, Жабборнинг ҳамиятига тегди...

Қасос ўти

Ўша эрталаб Қосимнинг аёли Саодат катта қизи Шоира билан шаҳарга тушиб кетишган, тўйга керакли нарсаларни харид қилиш лозим эди. Қосим эрталаб туриши билан қўйлардан хабар олиш учун жўнади. Қўйлар ҳар ёққа тарқаб кетган, чўпоннинг қораси кўринмасди. Қосим бирор кор-ҳол юз бердимикин, деган хавотирда ён-атрофни кўздан чақирди. Бор овози билан Жабборни чақирди. Шу пайт чўпонлар дам олиши учун тикиб қўйилган чайладана уйқусираганча Жаббор чиқиб келди. 

- Туни билан ухлаганинг етмадими? – унга ўшқира кетди Қосим. – Подага ким қарайди? Қўйлардан  биттаси йўқолса, қанчага тушишимизни биласанми? Сени деб мен ҳам жавоб беришимга тўғри келади. Қанақа такасалтанг одамсан?

- Намунча бақирасан? – ичидаги аламини тўкиб солди Жаббор. – Осмон қўлингда бўлса ташлаб юбор!

- Ҳали хўжайин келсин, айтиб, сени ишдан ҳайдатаман. Бунқа ялқов, текинхўрни боқишнинг нима кераги бор?

Бу гап Жабборнинг тўлиб турган сабр косаси учун сўнгги томчи эди. Бутун вужудини босиб келган ғазабни аранг жиловлади. “Ҳали бугапинг учун жавоб берасан!”

...Қош қорайган маҳалда  Жаббор рақибидан ўч олиш учунг ўтови тарафга йўл олди. Ўтовдан Қосимнинг фарзандлари Равшан, Моҳира ва Маликанинг шўх-шўодон овозлари этишитиб турарди. Жаббор ўзини панага олди ва оила аъзоларининг уйқуга кетишини кута бошлади. 

Қотиллик

Қосим кечки овқатни болалари билан еб бўлгач, қўрадан бирров хабар олиб қайтди ва дам олгани ўтовига кириб келди. Саодат шу куни катта қизи билан  шаҳардаги қариндошлариникида ётиб қолганди. Тонгга яқин ҳамма донг қотиб ётган маҳалда Жаббор ўтовдан ичкари кирди ва маст уйқудаги Қосимнинг бўйнига ўзи билан олиб кирган пичоқни санчди. Шўрлик Қосим уйқусидаёқ жон таслим қилди. Ишини битириб, ўтовдан чиқаётган Жаббор билмасдан остона олдида ётган Маликанинг оёғини босиб олди. Қизча сапчиб уйғонди ва тепасида қўлида пичоқ ушлаб турган Жабборни, қонга беланиб ётган отасини кўриб, дод солди. 

Жаббор буткул ақлини йўқотганди. Қилмиши фош бўлишидан қўрқиб, бечора қизчага ҳам бир неча пичоқ санчди. Ундан кейин уйғониб, бу даҳшатга гувоҳ бўлган Моҳирани, ташқаридан мол соғиб ўтовга қайтаётган Равшанни ҳам шу тахлит ваҳшиёна ўлдирди. Кейин ўз ўтовига қайтиб, юз берган ваҳшийликнинг моҳияти ҳақида ўйлай бошлади. У бир кишидан қасос олмоқчи эди. Тўрт кишининг умрига зомин бўлди. Энди нима қилади? Балки бирор ҳийла ўйлаб топар? 

Ўхшамаган баҳона

У аввал жиноят қуроли – пичоқни хўжалик ҳудудидан оқиб ўтувчи ариққа улоқтирди. Кейин воқеа жойидан анча узоқдаги тепалик олдига борди-да, ўзи билан опчиққан арқонга қўл-ёғини чандиб, оғзига латта тиқиб, ерга ётиб олди ва ўткинчи “гувоҳлар”ни кута бошлади. 

Карим билан Зафарга ҳам, ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам ўзи тўқиган ёлғонни айтиб берди. Аммо, бу “чўпчак” тезкор гуруҳ ходимларига шубҳа уйғотди. Чунки, бу яқин орада “қора соқолли” одани ҳеч ким кўрмаган. Ҳатто болалдарга ҳам шафқат қилмаган қотил нега “гувоҳ”га қўл теккизмади? Шу каби ўнлаб саволлар ортидан ҳақиқат ойдинлашди. Аниқ далиллар қаршисида Жаббор ниҳоят айбини тан олди....

 ...Суд ҳукмига биноан Жаббор Маликов ўта хавфли жиноятчи деб топилди ва қатъий тартибли колонияда  умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. 

Хуршид Эркинов, 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори,
О.Фозилова, журналист

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!