Янги болалар мусиқий телевизион танловига старт берилди

16:23, 12 апрель

"Юлдузча" болалар мусиқий телевизион танловига ҳужжатлар 20 майга қадар қабул қилинади.

Ушбу танлов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ёшлар ташаббуслари маркази ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилмоқда, бу ҳақда Ёшлар ташаббуслари маркази матбуот хизмати хабар беради.

Танловнинг асосий мақсади - мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган иқтидорли болаларни кашф этиш, санъат соҳасида ўз имкониятларини намоён этишлари учун уларга шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилган.

Танлов уч йўналишда амалга оширилади:

-анъанавий ижро;
-академик ижро;
-эстрада;

Танловда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар иштирок этадилар. Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган болалар ўз ҳужжатларини (иштирокчи анкетаси) жорий йилнинг 20 майига қадар “Ёшлар ижод саройида”  жойлашган Ёшлар ташаббуслари марказига топширишлари ёки www.ovoz.uz сайтида электрон тарзда тўлдиришлари шарт.

Танлов бир неча босқичлардан иборат бўлади:

-саралаш босқичи;
-ярим финал;
-финал;

Танлов жараёни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Наво” ҳамда “Болажон” телеканалларида эфирга ўзатилиши режалаштирилган. Танловнинг ҳакамлар ҳайъати ҳамда мураббийлари жамоатчилик орасида катта обруга эга бўлган санъат ва маданият арбоблари, эстрадамизнинг ёрқин юлдузларидан ташкил этилади.

Танлов якунларига кўра ҳар бир номинацияда ғолиблар аниқланади ва тақдирланадилар.

“Юлдузча” болалар телевизион танлови бу – биринчи навбатда, кичик “Юлдузча”ларга катта саҳнага қадам қўйишлари учун ижодий майдондир.

Танлов кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиб, саралаш жараёнларининг бориши, йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижодий чиқишлари томошабин ва тингловчилар томонидан кузатилиб борилиши мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!