Амстердам аэропорти хавфсизликни таъминлаш мақсадида қисман эвакуация қилинди

10:32, 13 апрель

Амстердам аэропорти хавфсизлик чораларини кўриш учун қисман эвакуация қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уч кишини қўлга олган, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Воқеа 13 апрель, чоршанбага ўтар кечаси рўй берди. Биринчи гумонланувчи маҳаллий вақт билан 21:30 да автомашиналар турар жойи ва “Схипхол-Плаза” савдо маркази оралиғида қўлга олинган. Гувоҳларнинг айтишича, эркак қочишга уринган, аммо полициячилар қувиб етиб, қўлга олишган. Унинг қўлидаги чемоданни текшириш учун робот-сапёр ва портловчи моддаларни текширувчи экспертлар жалб этилган. Аммо чемодан ичидан портловчи модда чиқмаган. 

Шундан кейин диспетчер минорасидан қўлида шубҳали чемодан кўтарган яна иккита ёш йигит ушланган. Ҳарбий полиция Бельгия рақами тақилган автомашинада ўтирган шубҳали тўрт кишини ҳам ушлаб, тинтув қилган ва қўйиб юборган.  

Аэропортга келган йўловчилар назорат-пропуск пунктида ва багаж тарқатиладиган залда ушланиб қолишган. Бундан ташқари автобус бекатлари, шу жумладан “Стихпол-Плаза” савдо маркази ва унинг ёнидаги автомобиль турар жойлари беркитилган.

Текширув ишлари тугагандан кейин автобус ва таксилар ўз ишини давом эттирган. Автомобиль турар жойларига энг охирида иш бошлаш учун рухсат берилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!