“Ислом давлати” террорчилари Мосул яқинидаги “Тангри дарвозаси” ёдгорлигини вайрон қилишди

10:39, 13 апрель

“Ислом давлати” жангарилари Ироқнинг Мосул шаҳри яқинида жойлашган икки минг йиллик “Тангри дарвозаси” номли архитектура ёдгорлигини вайрон қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Бир замонлар дунёнинг энг катта шаҳарларидан бири бўлмиш, қадимги Ассириянинг Ниневия шаҳрига олиб кирувчи бу дарвоза “Тангри дарвозаси” деб аталган. Жангарилар уни вайрон қилиш учун ҳарбий техникадан фойдаланишган. Манбанинг маълумот беришича, жангарилар Ниневия деворларини қисмларга бўлиб, сотиб юборишган. 

Дарвозани вайрон қилиш террорчиларнинг илк иши эмас, улар ҳар қандай забт этган ҳудуддаги мавжуд ёдгорликларни йўқ қилиб келишмоқда.

2015 йилнинг февраль ойида террорчилар Мосул шаҳри музейларини, шаҳардаги тарихий ҳайкалларни, шу жумладан Ассирия Худоси ҳисобланмиш шоҳдор буқанинг йўқ қилиниши акс эттирилган тарғибот-ташвиқот ролигини чиқарган эди.

Бундан ташқари Мосул шаҳар кутубхонасининг ҳам кули кўкка совурилган. Террорчилар ЮНЕСКО томонидан тан олинган 100 мингдан ортиқ қадимий китоб ва қўлёзмаларни ҳам ёқиб юборишган. Шаҳардаги ва унинг ён атрофида жойлашган тарихий масжид, черков ва ибодатхоналарни ҳам вайронага айлантиришган.

Улар Ироқнинг Пальмира тарихий шаҳрига жиддий зарар етказишган эди. Улар шаҳарни бир неча ой қамал қилишган, Сурия ҳукумати Россия авиацияси ёрдамида уларни Пальмирадан қувиб чиқарган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!