Эркак хасислигини фош этувчи, кечирилмас 9 белги

12:01, 13 апрель

Эркаклар аёлларнинг манфаатпарастлиги, улардан фойдаланмоқчи бўлишаётгани, текинхўрлиги ҳақида гапиришни одат қилишган. Уларга пулини эмас, қалбини севадиган аёл кераклиги ҳақида гапни бошладими, демак билингки, сиз эмас, у зиқна одам ҳисобланади, деб бундан хабардор қилди “Сosmo.ru” нашри. 

У сизни бир финжон қаҳвага таклиф қилмайди

У сизга бир финжон қаҳвани ҳам раво кўрмади. Нима қаҳва шунчалик қиммат турадими? Агар у шундай қилса, бунинг уч сабаби бор. Биринчиси: Унинг чўнтагида умуман пули йўқ. Иккинчиси: у ўта хасис, шу арзимаган нарсани ҳам сиздан қизғаняпти. Учинчиси: у сизни синаб кўряпти.

Ресторанда овқат ҳақини ҳамма ўзи учун тўлайди

У буни эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги билан ниқобламоқчи бўлади. Биз аёллар бошқача тарбияланганмиз. Эркак ресторанга таклиф қилса, қорнингиз оч бўлса-да, уни ноқулай вазиятга қўймаслик учун бир финжон қаҳва билан кифояланиш уқтирилган. Мабодо тенг ҳуқуқлилик ҳақида гап кетадиган бўлса, “Болали бўлгандан кейин ишламоқчиман, сиз эса уйда бола қарайсиз”, деб кўринг-чи, тенг ҳуқуқлилик ҳақида оғиз кўпиртараётган одам нима деб жавоб берар экан.

У ҳеч қачон официантларга чойчақа қолдирмайди

Хасисликнинг бу кўриниши сизга тегишли эмас, аммо бунга эътибор бермасликнинг ҳам иложи йўқ. Маошнинг тенг ярмини ресторанга сарфлаб бўлгандан кейин, яна нимани тежаш мумкин? Демак, гап тежамкорликда эмас, балки зиқналикдадир, чунки у официант чойчақа орқали салмоқли даромадга эга бўлишини яхши билади. 

Меҳмонга қуруқ қўл билан боради

Гап гуллар, совғалар ҳақида эмас, балки озиқ-овқат ва ичимлик ҳақида кетяпти. Сиз уни меҳмон қилиш учун қимматли вақтингизни ва пулингизни аямасангиз-у, у қуруқ қўл билан кириб келса, бу жуда ноқулай вазиятдир. Аслида аёлни ресторанга таклиф қилиш, мазали таомлар билан сийлаш эркак кишининг вазифаси эмасми? Агар вазият шундай давом этадиган бўлса, у сизни ҳеч қачон ресторанга таклиф қилмай, уйингизда текин овқатни тановул қилишни маъқул кўриб қолади. 

Ўз манфаатидан келиб чиқиб, совға беради

Чиройли шишада, ўзи ичишни ёқтирадиган бирор ичимликни совға қилади. Албатта, бу ичимликни ўзингиз ёлғиз ичмайсиз, уни шерик қиласиз. Балиқ тутиш учун ишлатиладиган резина этик совға қилмаганига хурсанд бўлиб, ичимликни бирга баҳам кўрасиз. 

Чиқимларни тенг эмас, “виждонан” бўлади

Мабодо шундай одамни учратсангиз умумий чиқимларни қандай тақсимлаётганига эътибор беринг. Ҳамма чиқимлар орангизда тенг тақсимланади: бирга озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб оласиз, қолгани эса ҳамманики ўзига ишлатилади. Аммо овқат пишираётганингизда бирор масаллиқ керак бўлиб қолса, сиз оласиз. Уйда тозаликка эътибор бериш керак бўлса, тозалаш воситаларини ҳам сиз ўз ҳисобингиздан сотиб оласиз. Рўзғор юмушларини енгиллатувчи бирор маиший техника керак бўлса, яна сиз харид қиласиз. Эрингиз ёнида гўзал аёл юришини истаса, косметик воситалар, кийим-кечак учун яна ўз пулларингизни сарфлайсиз. У эса топганини ўзига ёпиштириб, маза қилиб юради. Чиқимларни “виждонан” бўлишиш шунақа бўлиши мумкинми, йўқми, бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўришни маслаҳат берамиз.

Сизнинг ҳисобингизга пулини тежайди

Бозор муносабатлари нуқтаи назаридан аёл кишининг меҳнати, айниқса уй-рўзғор ишлари энг оғир меҳнат турларидан ҳисобланади. Агар эркак уйланмаган бўлса, ошпаз, хизматкор, энага, шахсий психолог, стилист, массажчи ёллаш учун пули етмайди. Аёл кишининг бир ўзи бу вазифаларнинг барчасини эплайди. Бундай пайтда пул ҳақида гапириш ноқулай бўлади. Аёл жуфтини чин дилдан севса, бу вазифаларнинг барчасини оғринмай бажаради. Аммо аёлини қадрлаган эркак киши рўзғор юмушларида унга ёрдам бериши зарур. Меҳнатини енгиллатиш учун маиший техника анжомлари сотиб олиб бериши керак. 

Сарф қилинган ҳар бир чақанинг ҳисоботини сўрайди

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ. Сиз эсли-ҳушли инсонсиз, пулни қаерга ва нимага сарфлашни яхши биласиз. Бундан ташқари уй бекаси бўлганингиз учун рўзғорга нима кераклиги эрингиздан кўра, сизга яхши маълум. Сиз унинг кийимини ювганингиз, қорнини тўйдирганингиз, уйини тозалагани учун ҳақ сўрамаяпсиз экан, у ҳам сиздан ҳисобот сўрамасин.

Сизни бахт пулда эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилади

Қалб гўзаллиги, инсоннинг бахтли бўлиши пулга боғлиқ эмаслиги ҳақидаги мавзу хасис эркакнинг энг севимли мавзуларидан биридир. Бу гапда жон борлигини инкор этмаймиз, аммо тор жойда бир неча оила сиқилиб яшаса, бола туғилса-ю, уни соғлом вояга етказиш учун маблағ бўлмаса, кийишга кийим қолмагани учунгина кийим-кечак харид қилинса, бундай оила узоққа бормайди. Чунки оилада чиқадиган кўпгина жанжаллар иқтисодга, моддий маблағга бориб тақалади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!