Шоир Жаъфар Муҳаммад Баҳром Назаровни унинг шеърини бузиб куйлаганликда айблади

12:14, 13 апрель

Яқинда “Даракчи” таҳририятига 10 дан зиёд шеърий тўпламлар муаллифи, шоир  шарқшунос-диншунос олим, таржимон ва публицист Жаъфар Муҳаммад бир эътироз билан ташриф буюрди. Унинг айтишича “Қарамадинг” номли шеърини хонанда Баҳром Назаров қўшиқ қилиб куйлаган, лекин шеър муаллифи сифатида исмини кўрсатмаган экан. 

Жаъфар Муҳаммад: — Ўтган йилнинг декабрь-январь ойларида шогирдларимдан бири қўнғироқ қилиб, “Устоз, “Қарамадинг” шеърингизни Баҳром Назаров деган хонанда Бухородаги концертида куйлади” деди. Ундан ўша қўшиқни топиб беришини сўрадим. Бундан ташқари, хонанданинг 2015 йилги концертига ҳам бордим ва ўзим шахсан қўшиқни тингладим. Хонанданинг ижросига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Фақат шеърнинг аслини ўзгартирганидан хафа бўлдим. Қўшиқни тинглар эканман ундан икки байт, бир мисра ва битта сўзни олиб ташлаганини билдим. Тўғри, ҳар бир хонанда ўз йўналишидан келиб чиқиб, шеърни куйга мослаштиради аммо бу муаллифнинг розилиги билан амалга оширилиши керак! Агар ўзимга айтишганда, ўзгартириб берардим. Бироздан кейин “Қарамадинг”га клип суратга олаётгани ҳақида эшитдим. Клипда ҳам шеър муаллифи сифатида мени эмас, Нурилла Остон деган шоирни кўрсатишган. Шундан кейин жаҳлим чиқди. Тушунмадим, нега шоирларнинг меҳнатини ерга уришади?  Газета-журналда, ёки интернетда шеърни ўқиб қолиб, қўшиқ қилиб куйлаган тақдирда  ҳам шоирни топиб, рухсат олиш мумкин-ку!  Мен ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланаман, ҳеч бўлмаса сайтлардан изласа бўларди-ку! Шеъримни берухсат куйлаб, яна муаллифини ҳам ўзгартириб қўйишганидан хафа бўлдим. 

—  Ўзингиз хонанда билан гаплашиб кўрмадингизми?

—  Бундан бир ой аввал маъмури Ёқуб Остоновнинг рақамини топиб қўнғироқ қилдим. “Шеъримни бузиб куйлабсизлар” десам, “Муаллифи сизми? Билмаган эканмиз. Шуни олдинроқ айтсангиз бўларкан” деб жавоб берди. Ахир мендан рухсат сўрашса айтаман-да фикримни! Кайфиятим ўзгарганини билиб “Кечиринг, билмай қолибмиз” дейишди. “Кечираман,  фақат хатони тўғрилайсизлар” деб шарт қўйдим. “Майли. Фақат ҳозир вақтимиз бироз зиқ, байрам арафасидамиз, давлат тадбирлари билан бандмиз” деганча жим бўлиб кетишди. Ҳозир қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмаяпти.

— Нурилла Остон билан ҳам гаплашиб кўриш керак эди...

—  Бунга ҳам ҳаракат қилдим. Аммо хонанда маъмури “ўзим ҳал қилиб бераман, шоирнинг бундан хабари йўқ” (!) деди. Билмадим, балки ростдан ҳам Нурилла Остоннинг хабари йўқдир... Шу сабаб сизларга мурожаат этишдан бошқа чорам қолмади. Биринчидан, бу ерда муаллифлик ҳуқуқи бузилган, иккинчидан ҳар хил ваъдалар билан мени алдаб юришибди. Агар шу тарзда давом этса, хонандани судга бериш учун ҳам ҳужжатларим тайёр. 

Шоирнинг гапларини тинглагач, иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш учун хонанданинг маъмури Ёқуб Остон билан боғландик. У хонанда билан маслаҳатлашиб, кейин бизга қўнғироқ қилди: “Аслида бу шеърни бастакор интернетда ўқиб қолган экан. Сайтда шеър муаллифи сифатида Нурилла Остон кўрсатилгани учун биз ҳам қўшиқни шундай эълон қилгандик, ҳозир бастакор билан гаплашиб, аниқлик киритаман” деди. 

Орадан кўп вақт ўтмай, яна боғландик. Қўнғироққа хонанданинг ўзи жавоб берди.

Баҳром Назаров, хонанда: — Аслида бу қўшиқнинг матни шеърлар сайтидан олинган. У ерда муаллифи Нурилла Остон ёзилгани учун мен ҳам  уни муаллиф деб ўйлаганман. 

Қўшиқ оммага тақдим этилгандан сўнг маъмуримга Жаъфар ака қўнғироқ қилганидан хабарим бор. “Шеър меники” деганига аввал ишонмадим. Чунки бундан аввал ҳам бировнинг шеърига эгалик қилмоқчи бўлганларга дуч келгандик. Бугун эса шоир сизларга мурожаат қилганини билиб ҳақиқатан ҳам шеър муаллифини нотўғри ёзганимизни билдим. 

— Бундай вазият олдин ҳам бўлган экан. Ҳатто иш судгача борганини эшитдик.

— Ҳа, бўлган. Аммо унда вазият бироз бошқача эди. Менга бир  шоир бировнинг ижод маҳсулини “ўзимнинг шеърим” деб  берган. Асл муаллиф “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига мурожаат этиб, арз қилгандан кейин алданганимни билганман. Аммо бу иш судгача етиб бормай ўша кунинг ўзида ҳал қилинган. Қизиқ, охирги пайтларда кимдир алдашга ҳаракат қилса, бошқа вазиятда интернетдаги маълумотларга алданиб қоляпман. Бора-бора китоблардан эмас, шоирларнинг ўзига махсус шеър буюртма қиламан, шекилли. 

— “Қарамадинг” билан Мирқодир Мирашуровнинг “Атиргулим” қўшиқлари йўналиш жиҳатдан жуда ўхшашлиги ҳақидаги гапларга нима дейсиз?

— Мен кўпинча чет эл мусиқасидан илҳомланиб ишлашга ҳаракат қиламан. “Қарамадинг”ни ҳам руминиялик бир  хонанда йўналишида куйлаганман. Тайёр қўшиқни ўзим эшитганимда эса “Мирқодир аканинг “Атиргулим”га ўхшаб қолгани ўзимга ҳам сезилди (! ).

Хонанда англашилмовчилик туфайли катта муаммо юзага келганидан хижолатда эканини таъкидлади ва шоирнинг исм-фамилиясини қўшиққа ҳам, клипга ҳам киритиб қўйишга ваъда берди. Лекин шу ишни шоирни овора қилмасдан, қилиш мумкин эди-ку. Ҳеч бўлмаганда шоир муаллифлик даъво қилиб маъмурга қўнғироқ қилганда, текшириб кўришса бўларди... Қизиқ, Нурилло Остон нега “бу шеър меники эмас?” демади экан? Балки шеър тагига исми қўйилганини унга айтишмагандир?.. Шеър қўшиқ қилинганда шоирнинг ҳақи бериш учун ҳам Нурилла Остонга қўнғироқ қилишса, вазият ойдинлашарди. Ёки Баҳром Назаров шоирларга ҳақ тўланмаса ҳам бўлади деб ўйлайдими?..

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!