Британия ташқи ишлар вазирлиги дайди мушукни ишга олди

17:12, 13 апрель

Британиянинг собиқ бош вазири номини олган Палмерстон лақабли мушук дипломатик корпусга бош сичқон тутувчи лавозимига ишга олинди. Икки ёшли бу мушук Лондон кўчаларида дайдиб юрганда топиб олинган, деб хабар берди “Ria.ru” нашри. 

“Мушук Қирол Чарльз кўчасида жойлашган биномизда бизга кемирувчиларга қирон келтиришда ёрдам беради”, – дейилди Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.  

Амалдорларнинг айтишича, янги ходим солиқ тўловчилар учун ташвиш келтирмайди. Бош вазир Дэвид Кэмероннинг Даунинг-стритдаги Ларри исмли, молия канцлери Жоржа Осборнанинг Фрейя исмли севимли мушуклари унинг ҳамкасблари ҳисобланади.

“Баттерси” номли ҳайвонлар сақланадиган муассаса ходимлари уни “ўзига ишонган ва одамларни ёқтирувчи” мушук сифатида тавсифлашди. 

Мушукни Буюк Британияда 1855 йилда 71 ёшида бош вазир бўлган Палмерстоннинг хотираси учун Палмерстон деб аташган. Бош вазир бўлгунга қадар Палмерстон 15 йил давомида Британия ташқи ишлар вазири лавозимида хизмат қилган. У машҳур сиёсатчи ва ёқимтой инсон сифатида таърифланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!