Оддий қовурилган тухумни турли хил усулда дастурхонга тортиш

11:25, 14 апрель

Қовурилган тухум эрталабки нонушта учун энг осон ва тез тайёрланадиган таом ҳисобланади. Шу оддий ишга ҳам ижодий ёндашсангиз таомингиз ўзгача қиёфага киради. Биз тавсия қилаётган 12 усул асосида тухум қовурсангиз, яқинларингизнинг бундан кайфияти кўтарилиб, иштаҳа билан нонушта қилишади, дейди “Lady.mail.ru” нашри.

Юрак шаклида қовурилган тухум 

Тухумни бу шаклда қовуриш учун ингичка узун сосискалар керак бўлади. Сосискани узунасига, охиригача узмай кесиб оламиз. Кейин уларни сиртга ўгириб, икки учини бирлаштирамиз. Улар очилиб кетмаслиги учун тиш тозалайдиган чўпчани тиқиб қўямиз. Товага ёғ соламиз, ёғ қизигандан кейин юрак шаклли сосискани товага қўямиз. Кейин сосисканинг ичига тухум чақамиз. Бу таом паст оловда пиширилади. Пишгандан кейин шаклни бузмаслик учун куракча-капгир орқали тарелкага оламиз. Тиш ковлагич чўпчани олиб ташлаймиз. Агар тухум оқи сосискадан ташқарига оққан бўлса, уни тозалаб олиб қўямиз. Таъбга кўра туз, зираворлар сепилади.

“Светофор” шаклида қовурилган тухум

Бундай ёрқин рангли таомни тайёрлаш учун бизга тухумдан ташқари помидор бўлакчаси, салат барги, бодринг бўлаги керак бўлади. Товада ёғни қиздириб олгач, унга уста тухумни эҳтиёткорлик билан сариғини оқизиб юбормай чақамиз. Ҳали тухум оқи қотишга улгурмаган пайтда куракча-капгир билан унга истаган шаклни бериш мумкин. Тухум пишгандан кейин уни секин тарелкага оламиз. Тўғри тўртбурчак ҳосил қилиш учун четларини кесиб оламиз. Кейин помидор ва бодринг бўлагини салат баргининг устига қўйиб светор шаклини ясаймиз. Агар помидор ва бодринг бўлакларининг айлана диаметрлари бир хил бўлса, светор жуда чиройли чиқади. 

Булғор қалампиридан гуллар

Бундай гулдасатани тайёрлаш учун пўстлоғи қалин бўлган ширин булғор қалампири керак бўлади. Агар унинг ранги қизил бўлса, гуллар жуда чиройли чиқади. Булғор қалампирини энига 0,5 см қалинликда кесиб оламиз, ундан айланалар ҳосил бўлади. Товага ёғ солиб, қиздиргач, айланаларни соласиз, кейин унинг ичига тухум чақамиз. Иложи борича тухумнинг сариғини марказга қўйиш керак бўлади. Тухум сариғини оқизиб юбормаслик учун эҳтиёт бўлиш лозим. Тухум қотгач, уни куракча билан тарелкага оламиз ва бодрингдан барглар ясаб безатамиз.  

Помидор ичига солиб қовурилган тухум

Помидорнинг бош қисмини кесиб оламиз. Қошиқ ёрдамини ичини тозалаймиз. Помидордан ясалган “стаканча”миз ичига тухум чақамиз, таъбга кўра туз ва зираворлар қўшамиз. Кейин уни 180 даража ҳароратда қиздирилган духовкага қўйиб, 15 дақиқа пишириб оламиз. Уни кўкатлар, турли сабзавотлар, нон билан дастурхонга тортиш мумкин.

Қовурилган тухум ёрдамида чизилган портрет

Бу “кулгили башара”ни тайёрлаш учун сосиска, нон бўлаги (иложи борича четки, қаттиқ қисми), кўкатлар ва кетчуп керак бўлади. Товада ёғни қиздиргач, иккита тухум чақамиз, эҳтиё бўлинг унинг сариғи оқиб кетмасин, ораси ҳам узоқ бўлмасин, улардан одамнинг кўзини ясаймиз. Тайёр тухумни тарелкага солинг. Сосискадан кўз, бурун, тил, қулоқ ясанг. Нон бўлагини иккига бўлиб, оғиз шаклига келтиринг. Кетчупдан кўз қорачиқларини ясанг. Кўкатлар ёрдамида “соч” ва “қош”ни юзага келтиринг. Қарабсизки, одам портрети тайёр, уни бемалол тановул қилишингиз мумкин.   

Мойчечакли гулзор

Бундай таомни тайёрлаш учун бедана тухумидан, ингичка сосискадан ва кўкатлардан фойдаланиш мумкин. Сосискани энига майда қилиб кесиб оламиз ва уни тиш тозалайдиган чўпча ёрдамида учини маҳкамлаймиз. Мойчечак гулининг бўм-бўш гули пайдо бўлди. Товада қиздирилган ёғга сосискани қўямиз ва ҳар бирининг марказига тухум чақамиз. Жуда паст оловда қовуришда давом этамиз. Тайёр тухумни эҳтиёткорлик билан тарелкага олиб, тиш ковлагич чўпчасини олиб ташлаймиз. Кейин кўкатлардан унинг поясини, баргларини ясаймиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!