Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири билан учрашди

11:46, 14 апрель

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилишида қатнашиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шэнкун билан учрашди.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари турли йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши турли таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштиришдан иборатдир. Ўзбекистон ва Хитой минтақада, дунёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Тадбирда терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида 2016-2017 йилларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида Протокол имзоланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!