Ўзбекистон Республикаси Президенти ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари билан учрашди

10:06, 15 апрель

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 14 апрель куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг ўн беш йиллик фаолияти давомида нуфузли ва самарали халқаро ташкилот сифатида мустаҳкам қарор топганини, унинг фаолияти тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатларнинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш соҳасида ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар олдида турган умумий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистоннинг ташкилотга жорий раислиги даврида аъзо давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан ШҲТ доирасида, авваламбор, ҳозирги кундаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасида кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтадиган навбатдаги юбилей йиғилиши ҳар томонлама мазмунли ва самарали бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда ташкил этилган, ШҲТнинг муҳим ва самарали институти бўлган Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши ташкилот органлари ва механизмлари тизимининг ажралмас қисми бўлиб, ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича томонлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришда муҳим вазифани бажариб келмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади. 

Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда ўтказилган ўн биринчи йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр билдирди, самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди. Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги жараёнида кўплаб соҳаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ташкилот фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича мамлакатимиз амалга ошираётган ишлар катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!