1

"Сохта меҳри билан онамни алдаётган одамни қандай фош қилай?"

МУТОЛАА 31.05.2022, 23:00
"Сохта меҳри билан онамни алдаётган одамни қандай фош қилай?"

Доим онамга янги телефон олиб беришни истардим. Турли тармоқлардан фойдаланиб, янгиликлардан хабардор бўлишларини, яқинлари билан осон ва қулай хабарлашишлари кераклигини айтардим. Шундай бўлди ҳам. Онамга телефон совға қилиб, ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифа очиб бердим. Кўп ўтмай “синфдошлар”, “курсдошлар” гуруҳларига қўшилиб, у ерда мактаб ва олий даргоҳдаги дўстлари билан ёзишиб туришни бошладилар. Бундан жуда хурсанд эдим. Аммо охирги уч ойда онамнинг руҳиятида ўзгаришни пайқадим. Қўл телефонини яширадиган, “СМС” келса, ҳаяжонланадиган одат чиқарган онамдан хавотирландим. Хавотирларим бежиз эмас. Чунки онам табиатан жуда содда ва беғубор аёл. Ҳамма нарсага ишониб, умид билан қарайдиган одати йўқ эмас. 

—  Ойи, сизга нима бўлди? Ҳаммаси жойидами? — дедим кўнглини очишга уриниб.

—  Ҳа, яхши болам, шунчаки, аҳамият берма…

Аммо мен аҳамият бермай, бу ишни шундай ташлаб қўя олмасдим. Гарчи маданиятсизлик бўлса ҳам, онамнинг шахсий телефонини титкиладим. Телефонига ҳатто код қўйишни билмайдиган онамнинг шахсий саҳифаларини текшира бошладим. Ва мен қўрққан нарсам билан юзлашдим. Онамнинг ҳаётига янги инсон кириб келган эди. Меҳрга бой хабарларни кўриб ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Соддагина онажонимга ёзилган ишқий мактублар мени тамомила ақлдан оздирай деди. Аввалига сир бой бермадим. Лекин бўлмади, чидай олмадим. 

—  Мен ҳаммасини биламан, ойи!

Ойим менга бир муддат қараб турди-да, ўзини ҳеч нарсани тушунмаганга олди. 

—  Н-нимани биласан, ўғлим?

—  Ҳаётингизда кимдир бор, шундайми?

—  Н-нима? !

—  Кераги йўқ, тан олаверинг, илтимос, мен қўл телефонингиздаги хабарларни ўқидим. Қайсидир синфдошингиз сизга хушомад қилаётган экан. 

—  Нима?! — ойимнинг кўзлари ёшланди. — Менинг шахсий қўл телефонимни титишга нима ҳаққинг бор? Ахир мен онанг бўла туриб, сенинг хатларингни ўқимайман-ку.

—  Нотўғри иш қилганимни биламан. Лекин сиз-чи? Буни қандай тушуниш мумкин?

—  Сен билан бу ҳақида гаплашишни истамайман! — хонадан чиқиб кетишга шайланди.

—  Ойи, қочолмайсиз, саволимга жавоб беришга мажбурсиз! — онамнинг йўлини тўсиб, асабийлаша бошладим. 

—  Мен ҳеч нарсага мажбур эмасман. 

—  Ойи, мен сизни ўйлаб гапиряпман. Ўша синфдошингизнинг нияти нима эканлигини қаердан биласиз? Балки у уйимизга эга чиқмоқчидир, балки дадамдан қолган машинани мўлжаллаётгандир…

—  Бу гапинг билан нима демоқчисан? Ойингга фақат уй-жойи, машинаси учун яхши муомала қилишадими? Ойинг соф меҳрга арзимайдими?!

—  Қўйсангиз-чи, ойи. Соф меҳрни бераман, деса, бу одамга кўчада ёш қизлар тўлиб ётибди-ку, қирқдан ошган аёлни бошига урадими?..

Гапим тугамасидан юзим тарсаки зарбидан ловуллаб кетди. Қаршимда йиғлаб турган онамни кўриб жаҳлда ортиқча гапириб юборганимни билдим. Ана ўша кундан буён онам мен билан деярли гаплашаётгани йўқ. Биламан, болалар ота-оналарининг ҳаётларини муҳокама қилишга ҳақсизлар. Лекин мен онамни ҳимоя қилишга уриняпман, холос. Муносабатларимизга путур етказаётган ўша кишини суриштирдим. Икки марта турмуш қуриб, ажрашган экан. Иккинчи хотинининг уйида ичкуёв бўлиб ўн йил яшабди. Хўш, шундай инсондан яхшилик кутиш мумкинми? Бундан ташқари, онамга ёзган хабарларида ҳам самимийликдан асар йўқ. Ҳаммаси лўттибозларча айтилган мақтов сўзлар. Хуллас, мен неча йиллардан кейин пайдо бўлиб қолган “ошиқ” синфдошга ишонмаяпман. Содда онам эса у билан турмуш қуриш қарорига келиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳаттоки, онамнинг бошқа синфдош дугоналари билан ҳам гаплашиб кўрдим. Улар мен тараф. 

—  Бу одамга умуман ишонч йўқ. Тўғри, орада қанча сувлар ўтди, йиллар уни ўзгартирган бўлиши мумкин. Аммо биз билган одам айёр ва “Альфонс”.

—  Онам сизларга у ҳақида жиддий қарори бор ёки йўқлигини айтганми?

—  Охиригача очилмади-ю, лекин шундай нияти йўқ эмаслигини сездириб қўйяпти.

Энди ўзимни янада кўпроқ еяпман. Балки ҳозир ҳамма хавотирларимни рашкка йўяётгандирсиз. Лекин ишончим комил, бу масала фақатгина рашкка тақалмаган. Юрагим бир ёмон ишни туйгани учун ҳам типирчилаяпман. Менга бу борада тўғри маслаҳат беришингизга ишонаман. Илтимос, йўл кўрсатинглар. Ёки ўша одам билан учрашиб, гаплашиб олсаммикан? Ёки ортидан кузатиб, уни фош этсаммикан? Нима қилишга ҳайронман, бошим қотган…

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА ёзиб олди
(Фотокаллаждаги қаҳрамонлар "Севимли" телеканалининг "Тақдирлар" теленовелласидан олинди.)

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1