Давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланмоқда

СИЁСАТ 04.08.2022, 11:14
Давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланмоқда

Бугун, 4 август куни, Тошкент шаҳрида Сенатнинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Ялпи мажлисда дастлаб “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқариш, давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари, мақсадлари ва стратегияси ҳамда давлат қарзи бўйича мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган нормалар аниқ белгилаб берилмоқда.

Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фуқароларимизни тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам Қонунда ўз ифодасини топган.

Шу мақсадда, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотлар йилнинг ҳар чорагида ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилиши белгиланган.

Давлат қарзи тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1