Туман ёки шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилиши таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Яъни, компетенциясига қараб, билим ва кўникма етмаганларни ўқитамиз, тажриба етишмаса ўргатамиз”, деди Президент.
Мутасаддиларга йил якунига қадар Салоҳиятли кадрлар резерви учун ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан 1 минг нафар номзодни танлаб, таклифлар киритиш топширилди.
“Куни кеча ярим йил якуни бўйича яхши натижа кўрсатган 65 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 40 нафар ёшлар етакчиларини Салоҳиятли кадрлар резервига ўзим танлаб олдим”, деди Президент.
Уч ой муддатда “100 та илғор етакчилар” дастурини бошлаш вазифаси қўйилди. Дастур доирасида давлат хизматчилари, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан ҳар икки йилда 100 нафар салоҳиятли ёш кадрлар танлаб олинади.
Улар учун алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, хорижда стажировка ўташ тизими жорий этилади. Ўқитиш якуни билан ушбу кадрлар давлат тизимидаги нуфузли лавозимларга номзод бўлади.
Бундай дастур Бирлашган Араб Амирликларида ижобий натижаларини кўрсатгани таъкидланди.