1

“Соғлиқни сақлаш муассасаларида электр токи узилмаслиги шарт. Бу инсон ҳаётига боғлиқ масала” – ЖССТ бош директори ёрдамчиси

САЛОМАТЛИК 16.01.2023, 09:32
“Соғлиқни сақлаш муассасаларида электр токи узилмаслиги шарт. Бу инсон ҳаётига боғлиқ масала” – ЖССТ бош директори ёрдамчиси

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Қайта тикланадиган энергия манбалари халқаро агентлиги, Ҳамма учун барқарор энергия ва Жаҳон банкининг қўшма ҳисоботида айтилишича, дунё бўйлаб бир миллиардга яқин одамга ишончли электр таъминотига эга бўлмаган соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бу рақам АҚШ, Индонезия, Покистон ва Германиянинг жами аҳоли сонига баробар ҳисобланган. Ривожланмаган ва аҳолисининг аксарият қисми қашшоқ бўлган мамлакатлардаги объектларнинг ҳеч бўлмаганда 64 фоизини мунтазам электр қуввати билан таъминлаш учун камида 4.9 миллиард долларга тенг қўшимча маблағ зарур.

Барқарор электр энергиясидан фойдаланиш сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари томонидан оғир аҳволдагиларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи муолажа таклиф қилиш учун жуда муҳим. Шунга қарамай, дунё аҳолисининг ҳар саккизинчи вакили учун ўз ҳудудида сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Барча соғлиқни сақлаш муассасаларида ишончли электр энергияси бўлмаса, тиббиёт соҳасида кенг кўламли муваффақиятларга эришиб бўлмайди. 

Аҳолиси кам таъминланган мамлакатлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларини электрлаштириш қамровини тақдим этувчи “Саломатликни қувватлантириш: Соғлиқни сақлаш муассасаларида электр энергиясидан узлуксиз фойдаланишини йўлга қўйиш” деб номланган ҳисоботда Осиё ва Африка мамлакатларида бундай тақчиллик юқори даражада эканлиги қайд этилган.

“Соғлиқни сақлаш муассасаларида электр токи мунтазам етказиб берилиши шарт. Бу инсон ҳаётига боғлиқ масала, – дейди доктор Мария Нейра, ЖССТнинг Соғлом аҳоли масалалари бўйича бош директори ёрдамчиси, - Соғлиқни сақлаш муассасалари учун ишончли, тоза ва барқарор энергияга сармоя киритиш бугунги кундаги ушбу муаммонинг асосий ечими бўлиши мумкин. Бу эса иқлимга чидамлилик, мослашувчанлик ва универсал сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш учун жуда зарур”.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1