1

Ўзбекистондаги Травматология марказида навигация технологияси ёрдамида эндопротезлаш амалиёти йўлга қўйилади

САЛОМАТЛИК 30.05.2023, 21:01
Ўзбекистондаги Травматология марказида навигация технологияси ёрдамида эндопротезлаш амалиёти йўлга қўйилади

Шу йил 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Германия халқаро соғлиқни сақлаш форумида немис компаниялари ва тиббиёт муассасалари билан умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ 70 дан зиёд келишув ҳамда меморандумлар имзоланди.

Ушбу истиқболли ҳамкорлик,  жумладан, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида қўлланилаётган инновацион амалиётлар сони ортишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Гап шундаки, йил охиригача мазкур марказда компьютер навигацияси ёрдамида йирик бўғимларни эндопротезлаш ва роботлаштирилган жарроҳлик техникасини жорий этиш режалаштирилган. Айни мақсадда тиббий робот ускуналари ишлаб чиқарувчи қатор компаниялар билан музокаралар олиб бориляпти.

Самарқандда ўтказилган халқаро форум бу вазифа ижросини жадаллаштириш имконини берди.

Анжуман доирасида даставвал Германиянинг Минден шаҳрида жойлашган Бохум университети қошидаги Йоханнес Веслинг клиникаси етакчи мутахассислари Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, ўз илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.

Хусусан, клиника профессорлари Йоханнес Цайхен, Эвальд Хёринг ва Харалд Кистмахер иштирокида тизза бўғимини уникондуляр эндопротезлаш, чаноқ-сон бўғимини калта оёқчали эндопротезлар билан ҳамда навигация технологияси ёрдамида эндопротезлаш мавзуларига бағишланган "workshop" ўтказилди.

Ўз навбатида, немис клиникасида муваффақиятли қўлланилаётган ана шу юқори технологик операция усулларини ўрганиш ва татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон — Германия тиббиёт форуми давомида бу масала кенг форматда кўриб чиқилиб, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Йоханнес Веслинг клиникасининг травматология, ортопедия ва эндопротезлаш маркази ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. 

Ушбу келишув ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш курслари ва маҳорат дарслари орқали мутахассислар тайёрлаш, тадқиқот ҳамда маслаҳатлашувлар ўтказиш имконини беради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1