Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев маркази...(фото)

ДУНЁ 04.12.2023, 21:40
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев маркази...(фото)

Ҳайдар Алиев маркази — Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги жойлашган маданий марказ. Бу конгресс маркази, музей, кўргазма заллари ва маъмурий идораларни ўз ичига олган ноодатий лойиҳадир.

Марказ 2007 йилда архитектор Заҳа Ҳадид томонидан лойиҳалаштирилган. Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази замонавий Бокунинг тимсолларидан бири ҳисобланади ва Озарбайжоннинг учинчи президенти Ҳайдар Алиев номи билан аталади.


Ушбу марказда Озарбайжон Республикаси таклифи ва ташаббуси билан бўлга Ўзбекистон делегацияси ҳам бўлди.

Марказ тарихи

Марказ Озарбайжон давлат қурилиши фалсафаси ва мафкурасини фундаментал ўрганиш соҳасида изчил фаолият олиб бориш, шунингдек, Озарбайжон тарихи, тили, маданий, миллий ва маънавий қадриятларини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида барпо этилган. 

2012 йил 10 май куни Ҳайдар Алиев таваллудининг 89 йиллиги муносабати билан Марказнинг тантанали очилиш маросими ўтказилган. Маросимда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган.

Музейга кираверишда, бинонинг биринчи қаватида Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжонга раҳбарлиги даврида - 1969 йилдан 2003 йилгача расмий фойдаланишда бўлган автомобиллар жойлашган.

 Музейни яратишда Озарбайжон тарихининг турли даврларини, Ҳайдар Алиев ҳаёти ва фаолиятини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Эътиборлиси марказ биносини лойиҳалашда деярли ҳеч қандай тўғри чизиқлардан фойдаланилмаган. Бинонинг ўзи тўлқинга ўхшаш юқорига кўтарилган ва ер билан силлиқ бирлашади. Айтилишича бундай тузилма нафақат «постмодерн» архитектура услубини, балки давомийлик ва чексизликни ҳам ифодалайди. Бинодаги чизиқлар ўтмиш ва келажак ўртасидаги боғлиқликни англатади.

Бино қурилиши жараёнида умумий узунлиги 90 км бўлган темир конструкциялар тармоғи яратилган. 4 гектар майдонни қоплайдиган томни ўрнатишда турли хил геометрик шакллар - учбурчак, тўртбурчак, трапесия, параллелограмм кўринишидаги махсус композицион ва турли ўлчамдаги 12 027 панель ишлатилган.
Бинонинг оқ ранги ёрқин келажакни англатади. 

Марказ биносидан ташқари мажмуа 13,58 гектар майдонни эгаллаган ер ости автотураргоҳи ва паркни ўз ичига олади. 

«Озарбайжон дурдоналари» кўргазма зали

Маданият марказининг биринчи қаватида «Озарбайжон дурдоналари» кўргазмаси жойлашган. Бу ерда мамлакат тарихи ва маданий меросини акс эттирувчи ноёб экспонатлар намойиш этилган. Кўргазмада Озарбайжон тарихининг барча даврлари, унинг маданиятининг турли соҳаларига оид экспонатлар намойиш этилган.


«Озарбайжонга хуш келибсиз» зали

Учинчи қаватда жойлашган «Wэлcоме то Азербаижан» деб номланган кўргазма зали ҳам Озарбайжон маданиятини оммалаштиришга қаратилган. Бу ерда Озарбайжон тарихи, маданияти, санъати ва табиати кўрсатилган. Кўргазмада ташриф буюрувчилар мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган диққатга сазовор жойлар, табиат ва меъморий ёдгорликларнинг фотосуратларини томоша қилишлари мумкин.

Бундан ташқари музейнинг уч қаватли биносида Ҳайдар Алиевнинг ҳаёт йўли фото ва видео материаллар ёрдамида намойиш этилган. Музей шакли ҳам, мазмунининг ўзига хослиги билан ҳам ажралиб туради. Алиевнинг 1923-2003 йиллардаги ҳаёт йўли билан бир қаторда Озарбайжон ижтимоий-сиёсий ҳаётида, маданият, иқтисодиёт ва спорт соҳаларида турли тарихий даврларда содир бўлган муҳим воқеалар ҳам ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилади.


Музейнинг «Фотосуратларда акс этган ҳаёт», «Озарбайжон ижтимоий-сиёсий ҳаёти», «Давлатчилигимиз, меросимиз, ютуқларимиз» бўлимларида Алиевнинг шўролар даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам фаолиятининг турли қирралари виртуал кўринишда тақдим этилган. ”. Ҳар бир мавзу бўйича аудио маълумотлар озар ва инглиз тилларида берилади.

Музейнинг бўлимларидан бири Алиевнинг турли мамлакатлар раҳбарлари билан учрашувларини акс эттирувчи мультимедиа залидир. Шу тариқа, бу ерда ўрнатилган глобусдаги мамлакатлар тасвирларига қўл теккизсангиз, орқа фонда Ҳайдар Алиевнинг бошқа давлатлар раҳбарлари билан бирга тушган суратлари, унга совғалар тақдим этилган. Совғаларнинг ўзи ҳам музейда намойиш этилади. Шунингдек, залда Алиевнинг ҳарбий ва фуқаролик кийимлари, столи, Ҳайдар Алиев йиллар давомида тақдирланган орден ва медаллари ҳам намойиш этилган.



Ойбек Шукуров, Озарбайжон-Баку

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1