2050 йилга бориб дунёда иқлим мигрантлари сони 1,2 миллиардга етиши мумкин

ДУНЁ 05.12.2023, 09:53
2050 йилга бориб дунёда иқлим мигрантлари сони 1,2 миллиардга етиши мумкин

Дубайдаги “Ўзбекистон” павилёнида “Иқлим мигрантлари, иқлим хавфлари ва мослашув” мавзусида тадбир ўтказилди. CОП28 — халқаро иқлим форуми доирасидаги тадбирда Ўзбекистон томонидан иқлим хавфларига мослашув ва таъсирларни юмшатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.

Тадбирда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ)нинг иқлим ўзгариши бўйича катта маслаҳатчиси Эсра Буттанри, Марказий Осиёдаги ГИЗ минтақавий лойиҳалари координатори Торстен Брезина, Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) Миграция, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича минтақавий мутахассиси Пабло Эскрибано, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Сино Тоҳирзода, Озарбайжон Республикаси Экология ва табиат ресурслари вазирлигининг Иқлим ўзгариши ва халқаро ҳамкорлик бўлими катта маслаҳатчиси Тўғрул Фейзиев ва бошқалар иштирок этди.

“Иқлим ўзгаришининг таъсири бутун дунё бўйлаб бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Дунё аҳолисининг деярли ярми иқлим ва иқлимий бўлмаган омиллар туфайли йилнинг камида маълум бир қисмида аҳолининг заиф қатламлари жиддий сув танқислигини бошдан кечиради, — деди Ўзбекисон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Кўп ҳолларда улар ўз ҳудудларини ташлаб кетишади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, иқлим мигрантлари сони 2050-йилда 1,2 миллиардга етиши мумкин. Атроф-муҳит, ривожланиш ва хавфсизлик ўртасидаги боғлиқлик Марказий Осиё республикаларининг минтақавий ландшафтига таъсир қилувчи асосий омил ҳисобланади”.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сўнгги 50-60 йил ичида иқлим шароитининг ўзгариши натижасида Марказий Осиёда музликлар юзаси 30 фоизга қисқарди, бу дарёлар ва уларнинг экотизимларига бевосита таъсир кўрсатди. Охирги бир неча ўн йилликда ўртача йиллик ҳарорат 1,5 даражага кўтарилди ва аср охирига келиб 2 даражадан 5,7 даражагача ошиши тахмин қилинмоқда.

Экология вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг CОП28 — Бутунжаҳон иқлим саммитидаги иштироки ва нутқи муҳим аҳамият касб этишини, бу юртимизда иқлим ва атроф-муҳитни асраш устувор вазифага айланганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукумати Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқлим бўйича кун тартибини устувор вазифа этиб белгилаб олди, — деди у. — “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Республика бўйлаб дарахтлар экилмоқда. Оролбўйида ўрмон барпо этиш кампанияси бошлаб юборилди. Қолаверса, иқлим шароитига мослашиш ва таъсирларни юмшатиш, қайта тикланадиган энергия, айланма иқтисодиёт ва яшил ўсиш тамойилларини бирлаштирувчи чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”.

Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгариши каби экологик муаммоларни бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш лозимлигини қайд этди.

Тадбирда ўтган қишда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон охирги ўн йилликдаги энг совуқ қишни бошдан кечиргани, шу билан бирга дунёнинг аксарият мамлакатларида ғайритабиий қуруқ ва иссиқ ҳарорат кузатилгани таъкидланди. Шу билан бирга, иқлим хавф-хатарлари чегара билмаслиги, уларнинг оқибатлари бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакат ва минтақаларга таъсир қилиши айтилиб, бу муаммолар самарали ечимлар топиш масаласи муҳокама қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1