ЖССТ Ғазода "ўсиб бораётган фалокат" ҳақида огоҳлантирмоқда

ДУНЁ 06.12.2023, 11:43
ЖССТ Ғазода "ўсиб бораётган фалокат" ҳақида огоҳлантирмоқда

Ғазода тинч аҳолининг аҳволи соат сайин ёмонлашмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Исроил армияси томонидан анклавга уюштирилган бир қатор кучли авиазарбалардан сўнг маълум қилди.

ЖССТ босиб олинган Фаластин ҳудуди бўйича вакили доктор Рик Пиперкорн Ғазодан видео ҳавола орқали Женевада журналистларга берган интервьюсида “Бомбалаш ҳамма жойда, жумладан жанубий ҳудудларда, Хон Юнис ва ҳатто Рафаҳда ҳам кучаймоқда”, деди. Шунингдек, у сўнгги бир неча кун ичида ўз ҳаётидан қўрқиб, уйларини оммавий равишда тарк этаётган ички кўчирилганлар сони сезиларли даражада ошганини, ҳозир эса секторнинг марказий қисмида жойлашганлигини таъкидлади.

"Хавфсиз зоналар"

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) вакили Жеймс Элдер, ўз навбатида, ҳарбийларни тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш мажбуриятини юклаган халқаро гуманитар ҳуқуқни эслатди. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳолининг "хавфсиз зоналар"га ўтиши кераклигини бир томонлама эълон қилиш қабул қилиниши мумкин эмас, ваҳоланки, гап аслида сув, электр ва канализациясиз пиёдалар йўлаклари ёки эскирган бинолар ҳақида кетмоқда.

"Ҳудуд бомбаланмагани уни хавфсиз ҳудуд деб ҳисоблаш мумкин дегани эмас", деди Жеймс Элдер.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 3-4 декабрь кунлари камида 349 фаластинлик ҳалок бўлган, 750 нафари яраланган. Исроил манбаларининг хабар беришича, айни даврда уч нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган, ҳар 10 ғазоликдан 8 таси уйсиз қолмоқда

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар агентлиги (УНРВА) маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери деярли 1,9 миллион киши, яъни Ғазо аҳолисининг 85% дан ортиғи ички кўчирилган. 1,2 миллионга яқин мамлакат ичида кўчирилган одамлар УНРВАнинг 156 та объектида бошпана топдилар.

Охирги ҳаво ҳужумларида УНРВАнинг камида 19 ходими ҳалок бўлди, 7 октябрдан бери ҳалок бўлган агентлик ходимларининг умумий сони 130 нафарга етди.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги кескинлик бошланганидан бери камида 15 523 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 70 фоизи аёллар ва болалардир. "Кўпчилик бедарак йўқолган", деди УНРВА. “Улар вайроналар остида қолгани тахмин қилинмоқда”.

"Ўсиб бораётган фалокат"

Ўтган якшанба куни анклавга гуманитар ёрдам ва 69 минг литр ёқилғи билан 100 га яқин юк машинаси етиб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОЧА) маълум қилишича, шанба куни Ғазога тахминан бир хил миқдордаги юклар етиб келган. Бу 24-30 ноябрь кунлари бўлган жанглар сукунатида Ғазога кириб келган кунлик ўртача 170 юк машинаси ва 110 минг литр ёқилғидан анча паст.

"Бу, албатта, жуда оз", деб таъкидлади доктор Пиеперкорн ва "ўсиб бораётган фалокат" шароитида Ғазо кўпроқ дори-дармон, озиқ-овқат, сув ва ёқилғига муҳтожлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда сектор шимолида кўплаб жароҳатлар олган беморлар билан гавжум Ал-Аҳли касалхонасидан ташқари деярли бирорта тиббиёт муассасаси ишламайди. ЖССТ вакили яқин орада анклав жанубида ҳам худди шундай вазият юзага келиши мумкинлигидан чуқур хавотир билдирди.

Рик Пиперкорн якшанба куни Хон Юнисдан Рафаҳга тиббий буюмларнинг катта партияси етказилганини тасдиқлади. Унинг тушунтиришича, Хон-Юнисдаги омборлар аҳолини эвакуация қилиш буюрилган ва яқин кунларда фаол жанговар ҳудудга айланиши мумкин бўлган ҳудудда жойлашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1