Исроил Ғазода ҳарбий амалиётнинг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди

ДУНЁ 06.12.2023, 13:17
Исроил Ғазода ҳарбий амалиётнинг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати билан урушнинг учинчи босқичига кирди, деди Бош штаб раҳбари Герзи Ҳалеви. Унинг таъкидлашича, Исроил армияси вақтинчалик сулҳ тугаганидан сўнг дарҳол Ғазо секторида ҳарбий амалиётларни қайта бошлашга тайёр.

“Биз урушнинг учинчи босқичига ўтдик. Биз Ғазо секторининг шимолида ҲАМАСнинг кўплаб истеҳкомларини эгаллаб олдик ва ҳозир унинг жанубдаги оғирлик марказларига қарши ҳаракат қилмоқдамиз”, — деди Бош штаб раҳбари. У Хон Юнис анклавининг жанубий ҳудуди қуршаб олингани ҳақида хабар берди. “Сўнгги кунларда ҲАМАСнинг кўплаб жангарилари, жумладан, юқори мартабали қўмондонлар ўлдирилди”, - деди Ҳалеви.

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари жанубий қўмондонлиги раҳбари генерал-майор Ярон Финкелман Исроил жангарилари Ғазо сектори жанубидаги энг йирик шаҳар Хон-Юнисда жанг олиб бораётганини маълум қилганди. Исроил разведкаси маълумотларига кўра, ҲАМАС жангариларининг аксарияти у ерда жойлашган.

31 октябрь куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларининг уч босқичини эълон қилди. Биринчи босқич - блокировка қилиш. Иккинчи босқич доимий ҳаво ҳужумларини ўз ичига олади. Учинчи босқич - Ғазо секторига ердан кириб боришни кенгайтириш. Бош вазирнинг сўзларига кўра, Исроилнинг вазифаси ҲАМАСнинг ҳарбий ва маъмурий салоҳиятини йўқ қилишдир.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазо секторида 15,5 мингга яқин Фаластин фуқароси ҳалок бўлган. Исроил томони 1,2 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1