1

Муқанна миллий қаҳрамонми?

МУТОЛАА 08.01.2024, 23:00
Муқанна миллий қаҳрамонми?

Ҳар бир халқ ўзининг миллий қаҳрамонлари билан фахрланади. Ватанимиз тарихида ҳам жасоратли баҳодирлар кўп ўтган. Аммо, афсуски, улар орасида турли давру давронлар, эврилишлар туфайли, мавжуд сиёсий қарашлар нуқтаи назаридан “яратилган” қаҳрамонлар, сохта “эркпарвар фидойилар” ҳам юзага келган. Улардан бири Муқанна номи билан халқ ичида танилган Ҳошим ибн Ҳакимдир.

Маълумки, собиқ совет мафкураси халқлар тарихини сиёсийлаштиришга қаратилган эди. Мафкура талаби билан миллатнинг асл фарзандлари четга сурилиб, аксарият ҳолларда хоинлар, ўз миллатига, динига, халқига қарши бош кўтарган сохта “қаҳрамонлар” яратилганди.

Совет ҳукмронлиги йилларида диний қадриятлар оёқости қилинди. Дин халқ учун афюн экани очиқ-ошкора тарғиб қилинди. Тарихда яшаб ўтган, ўзининг бемаъни даъволари, шафқатсизлиги, маишатпарастлиги билан донг таратган Ҳошим ибн Ҳаким “эрк ва озодлик курашчиси”га айланди. У ҳақида шеърлар, достонлар яратилди. Афсуски, бугунги кунда ҳам кўпчилик уни юртимиз, ватанимиз озодлиги учун курашган, араб босқинчиларига қақшатқич зарба берган юртпарвар сифатида билади. Аксинча, ҳанузгача унинг халқимизга на жуғрофий, на миллий, на диний жиҳатдан алоқаси борлиги ҳақида деярли гапирилмайди.

“Бухоро тарихи” асарининг муаллифи Абу Бакр ан-Наршахий Муқанна ва унинг фаолияти ҳақида энг ишончли тафсилотларни ёзиб қолдирган тарихчилардан биридир. Унда ёзилишича, Муқанна Марв (Ҳозирги Туркманистон) яқинидаги Коза қишлоғида туғилган, даставвал кудунггарлик (матони тўқмоқ билан уриб текислаш) ҳунари билан шуғулланган, аббосийларнинг етакчи саркардаларидан бирига айланган. Кейинчалик ўзини пайғамбар деб эълон қилган ва одамларни ўзининг ғайриоддий хислатларига ишонтиришга уринган.

Унинг боши кал, бир кўзи кўр, юзи жуда хунук бўлгани учун юзида олтин ниқоб тақиб юрган ва шу тахлит “муқаннаъ” (ниқобли) деган лақаб олган. Ўзи эса “менда Аллоҳнинг ҳусни тажалий этади, агар юзимни очсам, унинг нури кўзларингизни кўр қилади” деб одамларни ишонтирган.

Шу боис уни Марвдан Бағдодга олиб келиб, бир муддат зиндонга ташлашади. Зиндондан чиққач яна Марвга қайтиб, одамларни йўлдан уришга, ўзининг пайғамбарлигига ишонтиришда давом этди. Унинг таълимотига кўра, Аллоҳ дастлаб Одам атони яратиб ўзи унинг танасида зуҳур этган. Кейин унинг руҳи Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва бошқа пайғамбарлар жисмга кўчиб ўтган. “Айни пайтда Худо менман” деб даъво қила бошлаган.

Шундан сўнг у ўз атрофига издошларини тўплаб, атрофдаги қалъа ва шаҳарларга элчиларини юборади. Уни тан олмаганларга қарши уруш эълон қилади. Хуросон ва Мовароуннаҳрда унинг тарафдорлари кўпая борди. Улар 777 йилда “Оқ кийимлилар” номи остида халифага қарши исён кўтарадилар. Муқанна Кеш ва Нахшаб (Қарши ва Шаҳрисабз) вилоятларини ўзининг таянч масканларига айлантиради. Шу ерда, баланд тоғдаги бир қалъани ўзига ҳарбий истеҳком қилиб белгилайди.

Аббосийлар халифаси Муҳаммад Ал-Маҳдий(775-785) унга қарши катта қўшин жўнатади. Бироқ, Муқаннага кўр-кўрона бўйсунган тарафдорлари тиш-тирноғи билан мусулмонларга қарши курашадилар.

Наршахий, Табарий, Беруний сингари буюк олимлар Муқанна халқнинг бошига катта балолар солгани, бузуқлик ва фаҳшни тарғиб қилгани, мусулмонларни талаб, ўзларини ўлдиргани ҳақида маълумотлар ёзиб қолдиришган. Муқанна қаерда чиройли аёл ёки қиз борлигини эшитса, ўз қалъасига келтирар, улар билан истаганча кўнгилхушлик қиларди. Унинг ўзи тобелари учун зино, бесоқолбозлик, талончилик, босқинчилик сингари қабиҳ ишларга рухсат берганди.

Наршахийнинг гувоҳлик беришича, Муқанна ўз тасарруфида бўлган ҳар бир қишлоққа ўзининг вакилларини тайинлар, шу қишлоқда турмушга узатилган ҳар бир бокира қиз бир кечани ўша вакил билан ўтказиши мажбур эди.

Муқанна ҳақидаги тўқима афсоналар турли вилоятларга ёйилган, айрим содда одамлар бу чўпчакларга лаққа тушиб, уни кўрмасдан имон келтиришарди.

Кунларнинг бирида Муқаннанинг юзлаб “муридлари” унинг дийдорини кўриш умидида у яшайдиган тоғ этагига келиб, уни кўрмоқчи эканликларини айтадилар. Муқанна ўз сири очилиб қолишидан қўрқиб, мулозимларига “қулларимга чиқиб айт, улар менинг нуримга тоқат қилолмай, кул бўлишади” деб буюради. Аммо, одамлар “парвардигорлари”ни кўриш учун ҳатто ўлимга ҳам рози эканларини айтишади. Шунда Муқанна “банда”ларга кўриниш берадиган кунни тайин қилади. Ўзи эса, ўша белгиланган кунда қалъасидаги аёлларга тоғнинг кунгай тарафида туриб, қўлларидаги кумуш кўзгу парчаларини қуёшга тутиб туришни буюради. Қуёш Шарқдан тушиши билан унинг нури тоғда турган аёллар қўлидаги кўзгу парчаларида акс акс этиб, ҳаммаёқ чароғон бўлиб кетади. Буни “илоҳий каромат” ўрнида қабул қилган одамлар Муқаннага сажда қиладилар...

Табиийки, Муқанна тарафдорларининг кундан-кунга ортиши Аббосийларни ташвишга солиши аниқ эди. Аммо, Муқаннанинг тарафдорлари унинг ҳимояси учун жонларидан кечишга шай туришарди. 783 йилда Аббосийларнинг Ҳиротдаги ноиби Саъид Хараший катта лашкар билан Муқанна қалъасини қамал қилади. Тоғ тепасидаги қалъага бирор бир аскар тирмашиб чиқа олмас эди.

Бироқ, узоқ вақтлик қамалга дош беролмаган Муқаннанинг кўплаб хос соқчилари қалъадан чиқиб, араб мусулмонларига таслим бўладилар. Муқанна эса, қалъа ичида фақат аёллар билан қолганди. Муқанна ўша онда аввал аёлларини, кейин ўзини ўлдиришни ният қилади. У аввалига хизматкорларига қалъа ичидаги тандирга олов ёқиб қизитишни буюради. Уч кун тандир обдон қизийди.

У аёлларига шароб тутиб, уларга яширинча заҳар солади. Фақат биргина аёл шаробни ичмасдан ёқасининг ичига тўкиб юборади. Аёллар шаробни ичиши билан ерга йиқилади. Ҳалиги аёл ҳам ўзини ўлганга солади. Муқанна тирик қолган хизматкорини ҳам ўлдириб, ўзини қизиб турган тандирга ташлайди.

Шундай сўнг ҳалиги аёл қалъа эшигини очиб, мусулмонларни ичкарига киритади ва бўлган воқеаларни айтиб беради. Шу тариқа, халқни ўн тўрт йилдан зиёд вақт мобайнида алдаб келган Муқаннанинг фириб ва найрангдан иборат ҳаёти интиҳо топади.

Унинг тарафдорлари узоқ вақт мусулмонларга қарши кураш олиб боришади. Чунки улар Муқаннанинг бошқа қиёфада қайтиб келишига ишонишарди. Орадан йиллар ўтиб, Муқаннанинг фитналари фош бўлди. Тарихчилар унинг қилмишларини келгуси авлодларга ибрат бўлиши учун ўз китобларида ёзиб қолдирдилар.

Муқанна асрлар давомида даҳрийлик, муртадлик, макр ва найранг тимсоли бўлиб келди. Аниқ манбалардан кўриниб турибдики, унинг ўзи ҳам дастлаб арабларга хизмат қилган. Унинг асл мақсади халқни араблар зулмидан озод қилиш эмас, аксинча ўзининг сохта динини ёйиш, одамларни макр-ҳийла билан ўзига бўйсундириш, ҳукмронлигини мустаҳкамлаш эди.

Рустам ЖАББОРОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1