1

Таҳририятдаги сирли туш

МУТОЛАА 10.01.2024, 23:00
Таҳририятдаги сирли туш

Бу воқеа 1883 йилда АҚШниг Бостон штатида юз берганди. Эдуард Сэмсон маҳаллий “The Boston Globe” газетасида янгиликлар бўлими бошлиғи бўлиб ишларди. У репортёр сифатида жуда кам маош олар, оиласи билан амал-тақал кун кечирарди.

Кунларнинг бирида ҳамкасблар кечки пайт ишхонада улфатчилик қилишди. Ичкилик бироз меъёридан ошгани учунми, Сэмсон ўз хонасига боришга ҳам мажоли етмай, рассомлар хонасидаги диванга ёнбошлаганча уйқуга кетди. Етти соатлар чамаси мизғиган Сэмсон тунги соат учларда чўчиб уйғонди. Ҳаммаси туш эканини пайқаб, енгил нафас олди. Аъзойи бадани жиққа терга ботгани учун кийимларини алмаштирди-да, бошини графиндаги муздай сувга ювиб, тушида кўрганларини бир бошдан хотирлашга тушди.

Туш ҳам шунақа даҳшатли бўладими? Унинг қулоқлари остида мудҳиш офатдан талвасага тушаётган, ўлим оғзидаги одамларнинг аламли чинқириғи ҳамон жаранглаб турарди. Тавба, ҳаммасини худди ўнгидагидек аниқ-тиниқ кўрди-я? Бўрон, ваҳший тўлқинлар, кема мачтасининг гугурт чўпидек қарсиллаб синиши...

Сэмсон торгина хонада нима қилишни билмай, бир зум гарангсиб ўтирди. Сўнг миясига нимадир лоп этиб урилди-ю, шамни ёқиб, тушида кўрганларни батафсил қоғозга тушира бошлади.

У Ява архипелаги яқинидаги Праломе оролида яшовчи минглаб аҳолининг вулқон, қайноқ лава таъқибидан жон сақлаш учун денгиз томонга қочаётганини ўз кўзи билан кўргандек тасвирлади.

Унинг ёзишича, лавадан қирғоққа ошиққан одамлар денгизнинг даҳшатли довули, кўкка сапчиётган лойқа пўртаналар, қонхўр тўлқинлар, ер ва осмонни қориштириб юборган кучли шамол билан тўқнаш келадилар. Долғалар йирик кемаларни писта пўчоғидек ўйнайди. Табиий офат ўта фожиали якун топади. Ваҳимали портлаш оқибатида гавжум Праломе ороли уммон тубига ғарқ бўлади. Ундан муваққат тутунларгина қолади холос.

Сэмсон негадир кулимсираганча, ўз чизгилари устида “ўта муҳим” деб ёзди ва имзо чекди. Кейин эса, уни стол устига қўйиб хонани тарк этади.

Эрталаб, рассомлар хонасига нимадир иш билан кирган бош муҳаррирнинг кўзи ҳалиги битикларга тушади ва қизиқсиниб ўқиб кўради. Кейин эса, уни Сэмсон кечаси қайта ишлаган тезкор мақола бўлса керак, деган хаёлда теришга беради. Бу пайтда Сэмсон ўз уйида уйқунинг чаласини давом эттираётган эди.

Хуллас, бу мақола шу куни газетанинг биринчи сахифасида йирик ҳарфлар билан чоп этилди. Бундан хабар топган бошқа газеталар ҳам таҳририятдан тўлароқ маълумот беришни сўрай бошлашди.

“Boston Globe” муҳаррири мақолани Нью-Йоркка узатади. У ердан эса, “Associated Press” ахборот агентлиги орқали бу маълумот бутун Америкага тарқатилади. Чикаго, Кливленд, Цинцинатти, Сан-Франциско шаҳарларидаги ўнлаб газеталар оддий мухбирнинг тушига асосланиб ёзилган бу хабарни биринчи саҳифаларда босиб чиқарадилар. Ўшанда 1883 йилнинг 29 август санаси эди.

Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди. Воқеалар давоми ҳақида ҳеч бир газетада бир оғиз гап йўқ. Сабаби аён: биринчидан, воқеа дунёнинг нариги бурчагида содир бўлган. Иккинчидан бу шунчаки уйдирмадан бошқа нарса эмас, газета таҳририяти боши берк кўчага кириб қолади.

“Boston Globe” муҳаррири ўз ходими Сэмсонни қаттиқ сиқувга олгач, у ўз айбини тан олишга мажбур бўлади. Дарвоқе уни айбдор деб ҳам бўлмасди. Ахир у ўз ижод маҳсулини газетада чоп этиш мақсадида ёзмаганди-ку!

Бостон кутубхоналаридан Праломе деб номланган орол ҳақида ҳам бирор маълумот топишнинг иложи бўлмади. Энди Сэмсоннинг ҳарча тавба тазаррусидин, узридан наф чиқмасди. Унинг “мақоласи” эса, аллақачон бутун мамлакатга шов-шувга айланган, ҳамманинг оғзида ўша олис орол фожеаси...

Бошқа ўнлаб газеталар ҳам саросимага тушиб қолдилар. Улар ҳам англашилмовликка йўл қўйилганини тан олиб, ўқувчилардан узр сўрашлари лозим эди.

Сэмсонни жазо тариқасида ишдан ҳайдашди. Аммо, бу вазиятни ўзгартиролмасди. Газеталар фақат “Associated Press”га умид кўзи билан боқишарди. Уларнинг наздида фақат агентликкина масалага ойдинлик киритиши мумкин эди. “Boston Globe” маъмурияти аллақачон ўз мақоласи учун раддия ҳозирлаб қўйган, шунинг баробарида ўз рақобатчилдари олдида кулги бўлишини таҳририят жамоаси яхши тушунарди.

Бироқ кутилмаганда, ҳаммаси бошқача тус олди. 
АҚШнинг ғарбий қирғоқлари томон ғалати ва баланд тўлқинлар ёпирилиб кела бошлади. Бу орада Ҳинд океанининг қайсидир бурчагида мудҳиш ҳалокат рўй бергани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Малайзия ва Ҳиндистоннинг бутун-бутун вилоятларнинг сув босгани, минг-минглаб қурбонлар ҳақидаги миш-мишлар авж олди. Бироқ, ҳали бу маълумотлар ўз тасдиғини топган эмасди. Шунга қарамай газеталар ёлғон маълумот учун ўқувчилардан узр сўрашга шошилмасликни маъқул кўришди. Уч-тўрт кундан сўнг ҳаммаси аён бўлди. Австралиядан об-ҳаво ва денгиз сатҳидаги кескин ўзгаришлар ҳақидаги хабар етиб келди. Номаълум тўлқинлар дунё уммонини ўз измига солиб улгурган, қандайдир ҳалокат юз бергани аниқ эди. Қирғоқларга катта йўқотишлар билан етиб келган кемалар Зонд кўрфази яқинидаги Кракатау вулқони уйғонгани, бутун бир оролни сувга ғарқ этгани, минглаб одамлар бу фожианинг қурбонига айлангани ҳақидаги хабарни етказишди.

Кучли портлаш бутун Ер сатҳидаги барометрик босимга ўз таъсирини ўтказган, Кракатау вулқонининг уйғониши сайёрамиз тарихидаги йирик фожеалардан бирини келтириб чиқарган эди..

Ана энди дунёнинг етакчи нашрларига Худо берди. Айниқса, Эдуард Сэмсоннинг “кароматини” чоп этган газеталар бир мунча жонланиб қолишди.

Ҳалокатнинг тафсилотлари ойдинлашгач, “Boston Globe” муҳаррири газетанинг навбатдаги сони учун тайёрлаб қўйган раддияни ахлат челагига ташлаб, Эдуард Сэмсонини ўз вазифасига қайта тиклади.

Маълум бўлишича, Кракатау вулқони ўша йилнинг 26 август куни ҳаракатга кела бошлаган, эртаси куни қайноқ лава ер бағрини ёриб чиққан, кучли портлаш натижасида орол 29 август куни сув остига ғарқ бўлган. Бошқача айтганда, фожиа айнан ўша вақтнинг ўзида диванда сархуш ётган Сэмсоннинг тушига кирган. Унинг хаёлий чизгилари эса, Кракатау фожиасидаги воқеаларга айнан мос тушиши ҳақиқатан ҳам ғаройиб эди. Фақат, битта далил нотўғри эди, холос. Негадир, Сэмсон Оролга Кракатау эмас, Праломе деб ном берганди.

Бу жумбоқ Сэмсон ҳаётининг сўнгги йилларида ўз ечимини топади. Голландия тарихчилар жамияти XIX асрнинг охирида уммон қаърига ғарқ бўлган Кракатау ороли икки юз йилча муқаддам Праломе деб аталганини аниқлашди.

Сэмсоннинг бу ажабтовур туши эса, журналистика тарихида энг ғаройиб ва сирли ҳодиса бўлиб қолди. 
 

Рустам ЖАББОРОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1