1

Ўтган йили кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмаган

ИҚТИСОДИЁТ 16.01.2024, 11:32
Ўтган йили кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмаган

Аввал хабар берганимиздек, Президент раислигида жорий йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда молиявий интизомни кучайтириб, 2024 йилда бюджет дефицитини 4 фоиздан оширмаслик зарурлиги таъкидланди.

Ўтган йили кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмагани кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудлар раҳбарлари ажратилган бюджет ссудалари қайтарилмаётгани ҳолатлари бўйича қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Сирдарё ва Жиззахда солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарёда бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмагани танқид қилинди.

Масалан, юридик шахс мақомидаги 18 мингта овқатланиш корхонасидан атиги 2 минг 300 таси ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Сабаби, улар товар айланмасини 1 миллиард сўмдан оширмаслик учун битта ошхонага 3-4 тадан фирма очиб қўйган.  

Бундай ҳолатлар бўйича маҳалладаги солиқчи, туман солиқ бошлиқлари ва ўринбосарларининг иши сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман, солиқ тизими ва солиқчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келгани таъкидланди.  

Жумладан, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу Инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Шу каби солиқ қарздорлиги билан ишлаш бўйича ҳам қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади.

Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказиш имкони бўлади.

Республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади.

Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1