1

Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё…

МУТОЛАА 17.01.2024, 23:00
Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё…

Тарихдан маълумки, Амир Темур салтанати бугунги 27 та мамлакат ҳудудини ўз ичига олади. Соҳибқироннинг ўлимидан сўнг, салтанат бир қатор кичик давлатларга бўлиниб кетди. Темурийлар қўлида фақат Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бир қисми қолганди, холос.

Темурий ҳукмдорлар орасида ўзининг ўта қаттиққўллиги билан донг таратган Абусаид Мирзо (1451-1469) катта бобоси салтанатини тиклашга бутун жон-жаҳди билан тиришади. Дастлаб Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштиради. Кейинги эътибор Эрон ва Озарбойжонга қаратилади.

Бу пайтда ушбу ҳудудларни туркмонларнинг Оққўюнли уруғи вакили Узун Ҳасан (1453-1478) бошқарарди. Узун Ҳасаннинг ота-боболари ўз вақтида Амир Темурнинг содиқ бекларидан эди. Буни яхши билган Абусаид Узун Ҳасанни ҳам ўзигаа тобе қилишни истайди. Унга ёзган мактубида Абусаид бобосининг қаламрави остида бўлган ерларга даъвогар эканини айтиб, бўйсунишни таклиф этади. Агар итоат қилса,  Узун Ҳасанга Миср ва Румни ҳам олиб беришни айтади. Узун ҳасан аввалига Абусаидга ҳурмат билан ёндашади, у билан сулҳ тузишни истайди, бир неча бор элчи жўнатади. Аммо, андишанинг отини қўрқоқ қўйган Абусаид 1468 йил қишнинг ўрталарида Озарбайжонга қўшин тортади. Ярим йўлга етганда Узун ҳасан яна Абу Саидга мактуб йўллаб, Озарбайжондан чиқиб кетиш учун баҳоргача рухсат беришни сўрайди. Абусаид эса, Узун Ҳасаннинг бу узрхоҳлигидан янада ҳаволаниб, илгарилашда давом этади. Аммо, ҳаддан ташқари совуқ ва озиқ-овқат танқислиги Темурий султоннинг 50 минг кишилик қўшинини ҳолдан тойдиради. Амирлар ва беклар Абусаиддан юз ўгириб, ярим йўлда ташлаб кетадилар. Узун Ҳасан Абусаиднинг оз сонли қўшини осонлик билан мағлуб этиб, унинг ўзини асир олади.

Бу пайтда Абу Саиднинг ашаддий рақибларидан бири – темурийлар наслидан бўлган  Ёдгор Мирзо (1451-1470) Узун Ҳасаннинг саройида вақтинча яшаб турган эди. Оққўюнли ҳукмдори Абу Саиднинг тақдирини ҳал этишни Ёдгор Мирзога топширади. 1457 йилда Абусаид мирзо унинг бувиси Гавҳаршод бегимни ўлимга буюрган эди. Ёдгор мирзо  бувисининг хуни эвазига Абу Саидни қатл этади.

Шу тариқа, бобосига хос жаҳонгирликни даъво қилган султон Абу Саид Мирзо ўз ватанидан олисда ҳаёт билан видолашади. Собиқ империяни тиклаш орзуси шу тариқа саробга айланади.

Ҳа, жаҳонгирлик, ўтган фотиҳларнинг ишини такрорлаш  ҳаммага ҳам насиб этавермади. Буни собиқ тузумни тиклаш илинжида қўшни ўлкаларга чанг солишни бошлаган айрим “жаҳонгирлар” ҳали  тушунмаяпти... Тушунганида... кеч бўлади...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1