1

Европа кенгаши Президенти Ўзбекистон раҳбариятининг конструктив сиёсатини олқишлади

СИЁСАТ 18.01.2024, 19:32
Европа кенгаши Президенти Ўзбекистон раҳбариятининг конструктив сиёсатини олқишлади

Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон–Европа муносабатларини сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳозирги вақтда барча даражаларда, жумладан, олий даражада яқин алоқалар сақланиб қолмоқда. Европа кенгаши раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлат раҳбарларининг иккита учрашуви, ўзаро алоқалар бўйича Самарқанд конференцияси ва бошқалар муваффақиятли ўтди.

Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳаларда икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр экани тасдиқланди.

Шарль Мишель Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёдаги конструктив сиёсатини олқишлади. Минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг барча кўламини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1