1

Анқара устида порлар мунгли ой

МУТОЛАА 18.01.2024, 23:04
Анқара устида порлар мунгли ой

Кеч тушиб, куни билан оламни бузган шовқин-сурон тинди. Мотамсаро ой ёруғи ёритиб турган Чубук дарёси билан Қизилчакўй оралиғидаги жанггоҳдаги сукунатни фақат ўликлар билан аралаш-қуралаш бўлиб ётган ярадорлар ва жон бераётганларнинг ингроқлари, эгасиз қолган, бесаранжом ва уюм-уюм мурдалардан ҳайиқиб, юришга йўл тополмай безовталанган ҳуркак отларнинг нотинч кишнашлари бузарди.

Бу кенг майдонда қандайдир бир соя жонсиз жасадлар орасидан зўрға қадам ташлаб, тентираб юрарди. Булутлар чангалидан юлғиниб чиққан ой шуъласи устига тушди-ю, соя қиёфаси ёришди. У ўғли жасадини излаб юрган Она – турк онаси эди. Она кўзларидан оқаётган шошқатор томчилар ой нурида ялтираб товланарди. У фарзанди исмини айтиб чақирар, фарзандига атаган ширин сўзларини айтиб бўзларди. Унинг бу бўзлашлари бир-бири билан урушиб, бир-бирини чавақлаган ва қийналиб жон бераётган ҳар икки тараф навкалари учун яқин ва таниш эди. Бечора она тилидан кўчган сўзлар ҳар икки томон англайдиган тилда – турк тилида эди. Бир тилда сўзлашган, аммо ҳукмдорлари тил тополмаганлари учун бир-бирларига тиғ ўқталган навкарлар дунёдан кўз юмиш олдидан қулоқларига эшитилган она ноласи остида, узоқларда қолган волидалари номларини тилга олиб, жон берардилар.

Она жанггоҳда узоқ тентираб юрди. Узоқ вақт унинг ноласи ой нури чулғаган майдон узра гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб жаранглаб турди.

— Ўғилгинам!.. Ўғлоним!.. Қутлуғбегим!.. – хитоб қиларди онаизор йиғи ва қайғудан заифлашган титроқ товуш билан. Баъзан юракни эзувчи йиғи онани бўғиб, сўзини бўлиб қўярди. Шу куйи у жанггоҳни уч айланди.

Шу пайт она қулоғига инграган товуш эшитилди. Дам ўтмай инграган товуш яна эшитилди, инграган одам энди қандайдир бир сўзни айтгандай бўлди. Аёл товуш чиқариб, жуда секинлик билан унинг номини айтганини эшитди.

Аёлнинг авзойи бадани титраб кетди, пешонасидан маржон-маржон совуқ тер чиқди, даҳшатдан кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Кимдан сўраётганини ўзи ҳам билмасдан, баланд овоз билан сўради:

— Ким у?!.. Мени чақираётган ким?

Жавоб эшитилмади. Аммо дам ўтмай…

Она донг қотиб қолди, кўзлари даҳшатдан кенгайиб кетди. У ўғлининг товушини таниган эди.

— Эна!.. Энажон! – деди ўғлининг товуши.

— Ё тавба! Ё Худойим!.. – Эсини йўқотгудек ҳолатга тушган она бақириб юборди. – Наҳотки?! …Наҳотки, бу сен бўлсанг, ўғлоним, Қутлуғбегим?!

Она товуш келган томонга бир дақиқа анграйиб қаради-да, кейин бирдан мурдалар устидан ҳатлаб, эсини йўқотган телбадек талмовсираб югуриб кетди. Ниҳоят, ўша жойга етиб бориб, ўғлининг товуши бир-бирининг устида қалашиб ётган жасадлар орасидан чиқаётганини билди. Сўнг анча зўр бериб, ўғли танасини уюм остидан тортиб олди. Ой нури боласининг юзини ёритди. Кўзларидан шашқатор ёш оқиб турган онаизор қаттиқ ҳўнграб юборди:

— Бу қандай кўргулик бўлди? Ким сени бу ҳолга солди?

У бирдан ғазаб билан қаддини ростлаб, қўлини кўтариб кимгадир таҳдидона бақирди:

— Минг лаънат сенга! Минг лаънат!

Ўғлининг қаттиқ инграб юборгани онани ҳушига келтирди. У ўғли устига эгилиб, унинг юз-кўзидан ўпаркан, синиқ товуш билан бўзлади:

— Тирикмисан, болам, тирикмисан?!.. Худойимга минг қатла шукур, минг қатла шукур! Ҳозир мен яраларингни боғлайман… уйга олиб бораман…

Онанинг ўтли лабларининг тегишидан ва бўзлашидан жон бераётган ўғли бир оз ҳушига келиб, сўнаётган кўзларини сал очди-да, заиф товуш билан шивирлади:

— Совуққотяпман, онажон… Тезроқ мени уйга олиб бор…

Сўнгги сўзларни айтар-айтмай унинг товуши тобора хириллаб, заифлаша бошлади, онасини кўриб кўнглида уйғонган қувонч ҳаяжондан унинг мадори бутунлай қуриди.

— Онажон! – деди у зўрға товуш чиқариб. – Мен… мен… ўлаётибман…

Она бирдан фарзанди оламдан кўз юмаётганини англади.

— Ўлмай тур, болам… – деб бўзлади она, — Мени ёлғиз ташлаб кетма… Сенсиз мен қандай яшайман?!..

Ўғил сўнгги марта кўзларини очиб онага тикилди ва қўлларини волидасига чўзган ҳолда бирпаслик талвасадан кейин жон берди. Йиғлашга ҳам мадори қолмаган она ўғли жасадини маҳкам қучоқлади.

Анчадан кейин жасадни бир амаллаб яшилранг жун чойшабга ўради ва бор кучини тўплаб, уни судраб кета бошлади.

Аёл кексалигига қарамай ҳали бақувват эди. Йиғлаб-бўзлаб жасадни судраб бораркан, гоҳ бирдан тўхтаб қолар, нималарнидир ўз-ўзига телбаҳол уқтирар ва яна турли алпозда ётган мурдалар оралаб йўл босарди.

У яна тўхтади, яна ўз-ўзига сўзлай кетди:

— Мен сени отанг билан бобонг ёнига қўяман, ўғлим! У ер яхши, қишлоғимиз кўриниб туради. Мен ҳам ҳовлимиздан туриб мозорингни кўриб тураман… Кўраману, сени эслайман, йиғлайман, дуолар айтаман… Сенга болалик чоғларингда…

Шу пайт она ёнида кимдир инграб юборди. Она турган жойида атрофга аланглади-ю, қаршисида унга катта-катта кўзларини қадаб турган жангчини кўрди. Она бир зум ой нури зўрға ёритиб турган жангчи юзига разм соларкан, донг қотди. Йигит ўғлига ўхшаб кетарди. Ўшандай қуюқ қошлар, ўшандай қирра бурун, ўшандай қалин лаблар, ўшандай навжувон, ўшандай келишган… Ё раббим, улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшар эдилар! Фақат она бу инграб ётган йигитнинг уст-бошидан уни туркистонлик эканини фаҳмлади. Қачонлардир унинг ота-боболари яшаган Туркистондан… Балки бу йигит бобоси она юртимиз деб ривоят қилган Нурота тоғларидандир?! Нега у ўз хешлари бошига қилич кўтариб келди?!

Шуларни ўйларкан, она йигитга нисбатан на қаҳр, на нафрат туйди. Фақат унга раҳми келди, холос. Туркистонлик жангчига яқинлашган аёл эгилиб йигитнинг ярасини кўздан кечирди. Елкаси чопилган, кўп қон йўқотиб узоқ ҳушсиз ётган, ранг-рўйи қордек оппоқ йигит онадан кўзини узмасди. У ўзини дунёга келтирган онасини кўриб турарди. Қарноб даштида чўпонлик қиладиган отаси қаерда экан? У гўё иситмалаб ётибди-ю, онаси унга парвона бўлиб турибди. У жилмайиб онасини овутишга уринди:

— Даштда қорбўронда адашиб қолибман, эна!.. Ким мени уйга олиб келди?.. Энажон, ичим ёнаяпти, сув бер… Қўрқма, эна, қўрқма, мен албатта тузалиб кетаман!.. Отамга айтмадингми?.. Айтма… Ҳализамон отдек бўлиб кетаман… Ўзим отамга айтиб бераман… Ичим ёниб кетяпти!.. Эна, деяпман… Сув бер! Қараб туравермай, сув берсанг-чи!..

Она туркистонлик йигитнинг алаҳсираётганини сезди. “Яраси оғир”, — деб ўйлади аёл. Сўнг елкасидаги жунрўмолни олиб йигитнинг устини ёпди. Бир зум ярадор қошида ўйга ботиб турди-да, яна ўғли жасади ўралган чойшабни судраб йўлга тушди. Бир неча қадам юрар-юрмас, йигитнинг товушини эшитиб, тўхтади.

— Эна, деяпман!.. Эна, сув бер!..

Жанг майдонининг четида унинг араваси турарди. Ҳўкиз қўшилган аравани она қўшнисидан сўраб олган эди. Она бир амаллаб ўғлининг жасадини аравага ортди. Сўнг хивчин билан ҳўкизни ҳайдаган бўлди-ю, қўли қотиб қолди. У яна туркистонлик жангчини… ўғлига ўхшаб кетадиган йигитни кўз ўнгига келтирди. Ниҳоят, кескин бурилиб, ортига қайтди. Йигит ҳамон алаҳсираб ётар, ҳамон онасидан сув беришни ўтинарди. Она жунрўмол билан йигитнинг елкасини танғиб боғлади, сўнг ўзи билан олиб келган қўй терисини ерга ёйиб йигитни унга судраб олиб ўтди.

“Уйга олиб бориб, либосларини алмаштириш керак! Бўлмаса, қўшнилар уни ўлдириб қўйишлари турган гап… Яраси оғир, аммо тангри марҳамат қилса, тирик қолиши мумкин. бечоранинг онаси ҳозир нима қилаётган экан-а?” – ўйларди тўлин ой ёруғида қўй териси устида ётган йигитни судраб бораркан.

Бир неча дақиқадан кейин бирида ҳаёт сўнган, бошқасида ҳаёт илиб турган икки жангчи танаси ортилган арава Қизилчакўй томонга қараб йўл олди. Аравага қўшилган ҳўкизни дунёнинг энг маҳзун онаси етаклаб борарди.

Ой тўлин, тонг яқин, она қайғуси ниҳоясиз эди…

Хуршид ДАВРОН

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1