1

Шароф Рашидов: Сиз билмаган 11 ҳақиқат

МУТОЛАА 23.01.2024, 23:01
Шароф Рашидов: Сиз билмаган 11 ҳақиқат

Яқинда таниқли адиб ва журналист, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жалолиддин ака Сафоевнинг “Шароф Рашидов: Сиз билмаган 11 ҳақиқат” китоби чоп этилди.

Айрим китоблар, инсонни илк саҳифаси, илк сатрлари билан ўзига тортади. Китобни то сўнгги саҳифасига қадар ўқиб тугатгунингизча қўлдан қўйгингиз келмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Китобни бир ўтиришда ўқиб чиқдим.

Тўғри, Шароф Рашидов ҳақида олдин ҳам кўп гапирилган, ўнлаб мақолалар, китоблар ёзилган, фильмлар, кўрсатувлар суратга олинган. Даврий матбуотда ўнлаб мақолалар чоп этилган. Ҳар қалай биз ҳам шу инсоннинг даврида туғилганмиз, болалигимиздан у ҳақдаги гап сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинган. Ўқувчилик йилларимизда телевидение, оммавий ахборот воситаларида у ҳақда турли паст-баланд гаплар ёйилганидан ҳам хабарим бор.

Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, юрт учун, Ватан учун ҳаётини бахшида қилган инсонлар шахсига муносиб баҳо берила бошлади. Лекин нима бўлди-ю, орада маълум вақт унинг номини тилга олиш чекланди. Яхши гап ҳам йўқ, ёмон гап ҳам... Гўё Ўзбекистонни салкам чорак аср бошқарган сиёсий арбоб аслида умуман ҳаётда бўлмагандек.

Фақат 2017 йилда унинг таваллудига 100 йил тўлиш муносабати билан Шароф Рашидов номи тилларга қайтди. Йирик тадбирлар, учрашувлар ўтказилди. У таваллуд топган заминда ёдгорлик ўрнатилди, музей ташкил қилинди. Асарлари қайта чоп этила бошлади.

Шу муносабат билан кўплаб ҳамюртларимиз қатори мен ҳам Шароф Рашидовни қайта танигандек бўлдим. Унинг даврида қурилган иншоотлар, “амалга оширилган бунёдкорлик ишлари”, унинг даврида халқ хўжалигилда эришилган “мисли кўрилмаган ютуқлар”, фан ва маданият ривожига қаратилган эътибори ҳақида кўп ва хўп ёзилди, гапирилди. У  ҳақда битилган асарларни гоҳ касб тақозоси билан, гоҳ оддий ўқувчи сифатида ўқиб чиққанман. Аммо, тўғриси, ушбу хотиралар, ёдномалар, суҳбат ва мақолалар кўпинча бир-бирининг такроридан иборат эди.

Мазкур янги китобни қўлга оларканман “бу китобда бирор янгилик бормикин?” деган мулоҳаза хаёлимнинг бир четини тилиб ўтгани рост. Аммо, Жалолиддин аканинг ижодини узоқ йиллардан бери кузатиб бораман: бирор янги гапи бўлмаса, қоғоз қораламайдиган муаллифлардан. Шу сабабли иккиланмай мутолаага шўнғидим.

Китоб аввалидаги “Дамокл қиличи” деган учқур иборанинг юзага келиш тарихи ҳақидаги эслатманинг  ўзи асар характери, мақсадини яққол очиб беради.

Айтишларича, қадимги Сиракуза ҳукмдори катта Дионисий (эр авв. 432-367)нинг яқин мулозимларидан бири бўлган Дамокл тахт соҳиби ҳақида ичиқоралик ва ғараз билан гапириб, ҳукмдорни дунёдаги энг бахтли одам деб ҳасад қилади. Ҳукмдор Дионисий бу гапни эшитиб, Дамоклни тахтга ўтиришга мажбур қилади. Тахтга ўтирган Дамоклнинг боши узра эса, жуда ингичка от ёлига боғланган қилич осиб қўяди. Қилич осилган от ёли шунчалик омонат эдики, у истаган бир пайтда узилиб кетиб, тахтга ўтирган одамнинг бошин кесиши муқаррар эди. Ҳукмдор Дионисий вақтинчалик “тахт соҳиби” Дамоклга “биз тахт соҳибларининг “бахти” доимо бошимизни кесишга шай турган ана шу омонат қиличда” дейди...

Муаллиф асар муқаддимасида бежиз бу қадим ҳикматни эсга олмаган. Чунки, ХХ асрдаги халқимизнинг энг улуғ раҳбари боши узра ҳар доим ана шу “Дамокл қиличи” осилиб турганига китобни ўқиб тугатганимда яна бир карра амин бўлдим.

Дарҳақиқат, Шароф Рашидов Ўзбекистон тарихида муносиб из қолдирган сиёсий арбобларидан бири эди. У  66 йиллик умри давомида оддий газета мухбирлигидан то Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига қадар шарафли ва машаққатли йўлни босиб ўтди.

Унинг Қизил империянинг қаттиққўл сиёсати даврида Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун қилган ишлари салмоғи шунчаки иттифоқ республикаларидан бирининг раҳбари даражасидан анча вазминроқ эканини, бу шарафли вазифани уддалаш қанчалик машаққат талаб этганини яққол кўриш мумкин.

Жалолиддин Сафоев ана шу ҳақиқатни ўқувчига англатиш мақсадида қўлига қалам оларкан, сиёсий арбобнинг ҳаммага ёд бўлиб кетган таржимаи ҳолидан иқтибослар келтириб, замон тақозоси билан уни кўкларга кўтариш йўлидан бормайди.

Бундай гаплар Шароф Рашидов ҳаётлигида ҳам гапирилган, бугун ҳам гапирилмоқда. Муҳими, Шароф Рашидовни яқиндан билган, у билан бирга ишлаган, ҳатто курашган бошқа миллат ва элатлар, хусусан “Марказ” вакиллари қандай фикрда бўлгани мени ҳамиша қизиқтириб келарди.

Китоб муаллифи бошқаларнинг ҳам ана шу ҳақдаги қизиқишларини ҳисобга олиб, имкон қадар “четдан” билдирилган фикр-мулоҳазаларни излаб топади, ўқувчига етказади, таҳлил қилади, қиёслайди...

Маълумки, Совет даврида Ўзбекистон бўйича КГБ (Давлат Хавфсизлик қўмитаси) раисини тайинлаш тўлиқ Москванинг измида бўлган. Рашидов ҳам “марказдан тавсия этилган (аслида тайинланган) раҳбарни “бир овоздан тасдиқлаш ваколатига эга эди холос. Одатда бу идоранинг Ўзбекистондаги раҳбари бошқа миллат вакиллари орасидан сараланган. Рашидов эса, ҳар доим бу мансабга ўзбек миллатига мансуб шахс тайинланишини истаган, курашган. Аммо, КПСС марказқўми бош котиби Леонид Брежневдан “юмшоққина” дашном эшитиб, ортга чекинади. 1974 йилда марказдан Эдуард Нордман исмли шахс Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги қўмитасига раис этиб тайинланади.

Ўша пайтда Рашидовнинг ёрдамидаги КГБ раиси ўринбосари лавозимини қўлга киритган Левон Мелкумов йиллар давомида Нордманни раҳбарларга ёмонотлиқ қилиб кўрсатишдан тўхтамайди ва бунга ҳатто Рашидовни ҳам ишонтира олади. Охир-оқибат Нордман ишдан олинади. Рашидовнинг тавсияси билан унинг ўрнига Мелкумов келиб ўрнашади.

Аммо, 1983 йилда Л. Брежнев вафот этиб, унинг ўрнини Ю. Андропов эгаллаганида, Мелкумовнинг асл қиёфаси намоён бўлади. Мелкумов бевосита ҳамкасби бўлган Андропов билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, қайсидир маънода “Ўзбек иши” деб аталган машъум ҳалокатнинг тамал тошини қўйганди.

Гарчи, айнан Рашидовнинг аралашуви билан ишдан олинган бўлса-да, собиқ КГБ раиси Нордман Рашидовнинг инсоний фазилатлари, мардлигини орадан йиллар ўтиб ҳам очиқ эхтироф этганди:

“Мендан кўпинча Рашидов мафия сардори эдими?” деб сўрашади. Комил ишонч билан “йўқ” деб жавоб бераман. У гонорарлари ҳисобидан тўлиқ таъминотга эга инсон эди. Унинг пок ва ҳалол одам эканига ишонганман ва ҳануз ишонаман!”.

Китобда бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, муаллиф Рашидов шахсига баҳо беришда, бирёқламаликка йўл қўймайди. Унинг сиёсий портретига холис ва ҳаққоний чизгилар киритиб, шахс фаолиятини сиёсий эврилишлар, турли жараёнлар фонида таҳлил қилади.

Ҳа, Рашидовнинг ҳаёти ҳам турфа тебранишлар, талотўплар, баланд-пастликлардан иборат эди. Ўзбекистонда ҳам, марказда ҳам, ҳатто иттифоқдош республикаларда ҳам унинг рақиблари, ҳар қадамини пойлаб юрган ғараз ниятли кимсалар йўқ эмасди. Улар Рашидовга қарши гоҳ ошкора, гоҳ зимдан кураш олиб боришди. Унинг мустаҳкам иродасини букишга, ҳаётий ақидаларини синдиришга уринишди. Мазкур китобларда уларнин бир қанчаси ҳақида ҳикоя қилинади.

Китобда Рашидовнинг сўнгги кунлари ва унинг ўлимидан кейин юз берган, ҳали-ҳануз одамлар орасида турли мишмишларга сабаб бўлиб келаётган воқеа-ҳодисалар, афсона ва ҳақиқатлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилади. Рашидовнинг бошига тушган яхши-ёмон кунларни эсларкан, муаллиф уларнинг асл моҳиятни, сабабларини излайди. Рашидов ҳаётидаги зарбалар хусусида сўз бораркан, халқимизга хос бўлган айрим салбий жиҳатларни ҳам куюнчаклик билан тилга олинади.

“Ўзини англаб етган, қалбида ғурур, юрагида жасорат ва энг муҳими ташқи душманга қарши уюша оладиган, қаерда бўлмасин бир-бирини қаттиқ қўллаб-қувватлайдиган халқни ҳеч бир душман енга олмайди. Бу азалий ҳақиқат. Енгиш мумкин, лекин тиз чўктира олмайди.. Рашидовнинг энг катта душмани эса “ичкарида” эди. У жонини жабборга бериб, ҳимоя қилаётган халқи орасида жипслик, бирлик, афсуски, йўқ эди”.

Асар муаллифи Шароф Рашидовнинг курашлар, қарама-қаршиликлар ичида ўтган ҳаёт йўлини, унинг бошига тушган синовларни таҳлил қиларкан, “ҳаммаси ўзимизга, халқ бўлиб шаклланишимизўга боғлиқ” деган хулосага келади.

Китоб Рашидов ҳаёти билан боғлиқ 11 саҳифани ёритишга қаратилган ва муаллиф бунга эриша олган. Аммо, ҳали буюк сиёсатчи, давлат раҳбари, ёзувчи ва маданият арбоби бўлган Шароф Рашидовнинг ҳали биз учун қоронғи томонлари кўп. Жалолиддин аканинг ўзи ҳам бу борада изланишлар давом этишини билдирди. Аммо, Шароф Рашидов ҳаёти қанчалик чуқур тадқиқ этилса, унинг халқ, Ватан, эзгули йўлида қанчалик қатъият ва фидойилик кўрсатгани аён бўлиб бораверади. 

https://oyina.uz/uz/article/2438

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1