1

Ўзбекистон маданий мероси Озарбойжонда тақдим этилди (фото)

МАДАНИЯТ 30.01.2024, 10:52
Ўзбекистон маданий мероси Озарбойжонда тақдим этилди (фото)

2024 йилнинг 23-26 январь кунлари Озарбойжон Республикасида “Ўзбекистон Республикаси фан ва маданият кунлари” ўтказилди. Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда Кинематография агентлиги вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси, Кинематография агентлиги директори  Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатимиз ана шу ташриф якунларига бағишланди 

– Фирдавс Фридунович, аввало мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва ушбу йўналишда озарбойжонлик олимлар билан ҳамкорлик  хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– Сўнгги йилларда Ўзбекисттон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуслари билан икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонлик фан ва маданият соҳаси вакилларининг Озарбойжонга навбатдаги сафари ана шу ҳамкорликнинг ўзига хос маҳсули бўлди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари қаторида Озарбойжондаги бир қанча музей ва кутубхоналар, илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Бутунжаҳон жамияти томонидан ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган конгресс ва анжуманларда Озарбойжон олимлари фаол иштирок этиб келишмоқда. 

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга эга. Яқинда икки мамлакат олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан Озарбойжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналарига бағишланган янги жилд нашр қилинди. Мазкур китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбойжон тарихи музейи, Тасвирий санъат музейи, Миллий гилам музейи сингари муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид бўлган осори атиқалар ҳақида ҳикоя қилинади.

– Сизнингча ушбу сафар нимаси билан эсда қоларли бўлди?

– “Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари” доирасида  Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистон-Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳар икки мамлакатнинг қатор олимлари ва мутахассислари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари таклиф этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Бутунжаҳон жамияти аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори Элмира Гюль, Озарбойжон Миллий гилам музейи директори Ширин Маликова,  Қўлёзмалар институти етакчи илмий ходими Азизоға Нажафов ва бошқалар мазкур китоб-альбомнинг мазмун-моҳияти,  Озарбойжон тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарининг ўзига хослиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларни чуқурлаштиришда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг тутган ўрни ҳақида гапириб ўтди. 

Озарбойжон Миллий фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 жилди туҳфа қилинди. Институт директори, жамиятимиз аъзоси Теймур Каримли ушбу институтда ўзбекистонлик олимлар келиб, тегишли қўлёзмаларни ўрганиш учун барча шароитлар яратилишини билдирди.

– Қўлёзмалар институтида Ўзбекистонга оид кўплаб нодир китоблар сақланар экан, тўғрими? 

– Ҳа, ушбу институтда Ўзбекистон замини билан боғлиқ қўлёзмалар кўп.  Жумладан, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига мансуб ўнлаб қўлёзмаларни санаб ўтиш мумкин. Туркий дунёнинг бу буюк сиймолари Озарбойжон халқи учун ҳам ниҳоятда қадрли. 

Тадбир иштирокчилари Қўлёзмалар институтида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмалар кўргазмаси билан ҳам танишишди. Мазкур кўргазмада Ибн Синонинг 1258 йилда кўчирилган, айни пайтда ЮНЕСКО махсус рўйхатига киритилган  “Тиб қонунлари” асари, Алишер Навоий ҳаётлигида китобат қилинган “Ғаройиб ус-сиғар” девони, “Бобурнома”нинг XVII асрга мансуб нусхаси ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар ўрин олган. 

Озарбойжон Миллий фанлар академиясидаги учрашув чоғида Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр қилинган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари, шунингдек тарихий шахслар акс этган Шарқ миниатюраларининг факсимиль нусхалари ҳам тақдим этилди. 

– Боку шахридаги Хайдар Алиев марказида ҳаи китоб-альбомлар тақдимоти ўтказилди. Шу ҳақда ҳам икки оғиз...

– Дарҳақиқат, Озарбойжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номи билан аталадиган бу марказ давлат аҳамиятига молик, ўта муҳим иншоотлардан бири  саналади. Бу ерда  одатда мамлакат ва Халқаро миқёсдаги энг йирик тадбирлар ўтказилади. Даставвал ушбу муҳташам марказ залини томошабинлар билан тўлдириш қийин кечмасмикин, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. Аммо, марказнинг катта томоша зали томошабинга тўлиб кетди. Бу ерда "Ўзбекистон маданий мероси" туркумидаги китоб-альбомлар залида "Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар" кўргазмаси ташкил этилди. "Ўзбекистон.   маданий мероси Озарбойжон тўпламларида" китоб-альбоми иштирокчилари ва муаллифлари таништирилиб, уларга ташаккурномалар топширилди. 

Озарбойжонлик академик Исо Ҳабиббейлининг айтишича, бу ерда ҳар бир тадбир айтилган вақтда бошланар экан. Аммо, бу гал концерт дастури анча кеч бошланди. Сабаби одамлар кўргазмаларимизда узоқ вақт қолиб кетишди. Бундай ҳолат Ҳайдар Алиев марказида илгари кузатилмаган экан. Ўзбекистон ва Озарбойжон санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури ҳам кутилганидан аъло даражада ўтди. Тадбир охиригача томошабинлар зални тарк этишмади.

– Миниатюралар орасида буюк Озарбойжон шоири Низомий Ганжавий асарларига ишланган суратлар кўпроқ экан.

– 2022 йилда Бутунжаҳон жамияти олимларни хамкорлигида 'Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод" китоб-альбомини чоп этдик. Буюк мусаввир Бехзод миниатюраларининг салмоқли қисми бевосита Низомий Ганжавий асаларига ишланган. Чунки, темурийлар Низомий ижодини нихоятда қадрлашган. Ҳазрат Навоий Низомийни ўзига устоз деб билган ва унинг “Хамса” асарига жавобан туркий тилда беш достонни яратган. Навоийнинг 1492 йилда кўчирилган “Хамса” қўлёзмаси айни пайтда Британия кутубхонасида сақланади. Унда Навоий устози Низомий ва бошқа шоирлар билан боғда суҳбатлашаётгани акс этган миниатюра бор. Ушбу миниатюра ҳам Беҳзоднинг шоҳ асарларидан хисобланади. 

Яна бир қизиқ мисол. Мирзо Улуғбек хам Низомий асарларини севиб мутолаа қилган. Улуғбек топшириғига кўра, 1442 йилдакўчирилган “Хамса” қўлёзмасининг бир варағи АҚШдаги Фрир санъат галереясида сақланади. Унда Мирзо Улуғбекфарзандлари даврасида ўтиргани тасвирланган. 

Қизиғи шундаки, Улуғбекнинг ўлимига сабабчи бўлган ўғли  Абдуллатиф ҳам бу асарни  қўлдан қўймаган. "Равзатус-сафо" асарида ёзилишича, отасидан сўнг тахтга ўтирган Абдуллатиф "Хамса"ни варақлаётиб Низомийнинг "падаркуш подшо бўлолмайди, бўлса ҳам олти  ойдан ортиқ тахтга ўтиролмайди" деган сатрларни ўқиб даҳшатга тушади. Чиндан ҳам олти ой ичида Улуғбек тарафдорлари Абдуллатифни ўлдиришади. Бу ҳам Низомийнинг қанчалик Ҳаққа яқин, авлиё инсон бўлганини кўрсатади.

- Энди бевосита  ўзбек ва озарбайжон киноси  ўртасидаги муштарак жиҳатлар ҳақида суҳбатлашсак.

-Ўзбек ва озарбойжон киноижодкорлари ҳамкорлиги ҳар икки халқ миллий кинематографиясининг илк йилларидан бошланган десак хато бўлмайди. Озарбойжон киноусталари томонидан яратилган ўтган асрда яратилган “Аршин мол-олон”, “Қайнона”, “Аҳмад қаерда” сингари ўлмас фильмларни ўзбек томошабинлари бугун ҳам айрича завқ-шавқ ила томоша қилишади. “Тоҳир ва Зуҳра”, Тошкент – нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Тўйлар муборак” каби ўзбек киноасарлари қардош томошабинлар учун ҳам қадрдон бўлиб қолган. Ўзбек киноусталари томонидан суратга олинган фильмларда Тариэл Гасимов, Расим Балаев сингари Озарбойжон санъат усталари, озарбайжон фильмларида Ўлмас Алихўжаев, Светлана Норбоева, Тамара Шакирова сингари актёр ва актрисаларимиз иштирок этишган. 

-Сўнгги йилларда кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича нима ишлар қилинди? 

-Ўзбек ва озарбайжон маданий алоқаларида икки халқ киноижодкорлари ҳамкорлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Кейинги йилларда ҳам озарбайжонлик ҳамкабларимиз билан ижодийалоқаларимиз давом этмоқда. Озарбайжон кино усталари 2021 йилда қайта тикланган Тошкеннт халқаро кинофестивалида мунтазам равишда фаол иштирок этиб келишмоқда. Биз ҳам ўтган йилнинг октябрь ойида Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ўтказилган “Қўрқут ота” турк дунёси III кинофестивалида муваффақиятли қатнашиб учта мукофотни қўлга киритдик. Режиссёр Музаффар Эркинов суратга олган “Абдулла Орипов” фильми “энг яхши сценарий” йўналишида, Шуҳрат Маҳмудовнинг “Матонат” фильми “энг яхши ҳужжатли фильми” йўналишида ғолиб топилди. Ўзбекистон Кинематография агентлигига кинофестивалнинг махсус мукофоти топширилди. Шунингдек, ҳар икки мамлакатда кино кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Бугунги ташрифимизда озарбайжонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб бордик. 

-Навбатдаги ташриф чоғида қандай келишувларга эришилди? 

25 январь куни Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев марказида ўтказилган тантаналди кечада Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан режиссёр Элдар Мамедов суратга олган “Абадий дўстлик ва қардошлик” фильми намойиш қилинди. 

Шунингдек,Озарбойжон кинематография агентлиги раҳбари Орхан Фикратўғли билан  буюк адиб, драматург ва олим Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий фильмини ҳамкорликда суратга олиш бўйича меморандум имзоладик. 

Таъкидлаш жоизки, Мақсуд Шайзода, ўзбек адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг бетакрор шеъррлари, драмалари, илмий асарлари халқимизнинг маънавий мулкига айланган. Муҳтарам Президентимиз ташаббусибилан бунёд этилган “Адиблар хиёбони”да адибнинг ҳайкали ўрнатилди. Кинематография агентлигининг ҳужжатли ва хроникал фильмлар студиясида Мақсуд Шайхзодага бағишланган ҳужжат фильм яратилди. 

Биз Озарбойжон кино усталари билан бир қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қиляпмиз. Бугунги мемонардум асосида суратга олинадиган “Мақсуд Шайхзода”  бадиий фильми узоқ йиллик тарихга эга бўлган ижодий ҳамкорлигимизнинг ўзига хос маҳсули бўлишига ишонамиз. 

Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммлаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Ижодий гуруҳБоку шаҳридаги қатор маърифий масканларда, жумладан Озарбайжон Фандар академиясинингМуҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида, Озарбайжон Миллий тарих музейида, Тасвирий санъат, Миллий гилам музейларида суратга олиш ишларини якунлаб қайтишди. 

Умуман,  қардош юртга уч кунлик сафаримиз ҳар тарафламаэсда қоларли, қизиқарли, фойдали бўлди. Шу уч кун ичида нафақат Озарбайжон, балки ўзимизнинг ҳамюртларимиз,устозларимиз. ёзувчи ва шоирларимиз, санъаткорларимиз билан янада яқинлашдик,  фикрлашдик. Бу сафаримиз учун мамлакатимиз раҳбариятига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, делегация раҳбари Акмал Саидовга, бизга ҳамроҳлик қилган  ҳурматли сенатор ва детутатларимизга, "Озарбайжонда Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари" ташкилотчиларига, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ходимларига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

-Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1