1

Хивага “юриш” қилган ҳарбий экспедиция: асори-атиқаларнинг ташиб кетилиши

МАДАНИЯТ 20.02.2024, 08:35
Хивага “юриш” қилган ҳарбий экспедиция: асори-атиқаларнинг ташиб кетилиши

ХIХ аср иккинчи ярмида бошланган ва Ўрта Осиё хонликларини босиб олишга қаратилган ҳаракатлар давомида Россия империяси ҳарбий экспедиция ташкил этган. Унинг таркибига муайян мақсадларда шарқшунос олимларни ҳам киритган. Уларнинг олдига минтақадаги қадимги осори атиқаларни тўплаш вазифаси қўйилган.

Жумладан, 1873-йилда Хива юриши давомида қатнашган шарқшунос олим А.Л. Кунга Петербург кутубхонаси ва музейлари учун илмий аҳамиятга молик барча нарсаларни синчиклаб ўрганиш ҳамда тўплаш топширилган эди. Бу “юришда” қатнашган Э.  Желябужский ва М. Алиханов–Аварскийлар қуйидагиларни ёзади:

«29 май куни соат кундузги 2 да генерал-маёр Головачёв раҳбарлигидаги Туркистон, Оренбург ва Кавказ қўшинлари мусиқа садолари остида хонлик пойтахтига кириб келдилар. Шундан сўнг Кауфман биз ишғол қилган шаҳар ва унинг атрофидаги аҳоли вакиллари итоатгўй лик билан уни кутиб турган саройга кириб келди ва тахтга ўхшаш ўриндиқ турган айвонлардан бирига кўтарилиб, маҳаллий аҳолига қуйидаги сўзлар билан юзланди:  – Хабардор бўлинг ва барчага етказинг, энди душманлигимиз ниҳоясига етди ва шу кундан бошлаб, бизда фақат ўз ҳомийингизни кўрасиз».

Шунингдек, Кауфман генерал-маёр Головачёвга саройни қўриқлаш тўғрисида кўрсатма берди. Ўз навбатида А.Л. Кун бор мол-мулкларни рўйхатга олди. 

Хазинадаги сандиқларнинг аксарияти бўш бўлиб, фақатгина биттасининг ичи тўла танга эди. Улар орасида 20 та тилла ва 5 та кумуш муҳрлар, 172 та чингизийлар ва темурийлар даврига мансуб ва Хоразм хонлари зарб қилдирган кўплаб олтин тангалар, қўшотар милтиқ, тўппонча, олтин ва зумрад билан безатилган қиличлар, ханжар, совут, дубулғалар, 200 та танга зарб қилинадиган қолиплар, хон девонхонаси ҳужжатлари, 300 та қўлёзма-китоблар бор эди. Хоразм хонларининг кутубхонасидаги китоблар мусодара қилиниб, империя пойтахтига жўнатилди.

Батафсил "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси, 47- жилд «ИЧАН-ҚАЛЪА» ДАВЛАТ МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНАСИ тўплами китоб-албомида ўқишингиз мумкин.

Лойиҳа бош ҳомийси – Eriell Group нефт хизматлари компанияси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1