1

Ўзбекистон “қора рўйхат”дан чиқарилди

ДУНЁ 06.05.2024, 17:34
Ўзбекистон “қора рўйхат”дан чиқарилди

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекис­тон Интеллектуал мулкнинг қонуний ҳуқуқлари ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллиги (USTR') 301-махсус ҳисоботидаги кузатувдаги давлатларнинг ўзига хос “қора рўйхати”дан чиқарилди.

АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR) интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигига оид янги махсус ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2000 йилдан бери бу йил илк марта махсус кузатув остидаги мамлакатлар сафидан жой олмаган. Марказий Осиё давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон шу пайтгача бу рўйхатда бор эди. Ўзбекистондан ташқари Доминикан Республикаси ҳам бу йил рўйхатга кирмади. Бироқ 7 та янги давлат рўйхатга қўшилди. Шу жумладан, Жазоир, Беларусь, Канада, Миср, Покистон ва Туркия каби таниқли экспортчи давлатлар рўйхатда (Watch List’да) қолмоқда. Кузатувдаги давлатлар рўйхатида (Priority Watch List) эса Аргентина, Венесуэла, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Россия ва Чили каби давлатлар бор. Бу рўйхатдаги давлатларга қараб, Ўзбекистоннинг ушбу “давра”дан жой олмагани катта ютуқ дейиш мумкин.

Ижобий самаралар

USTR' муаллифлик ҳуқуқлари ва патентлар масаласига “юқори даражадаги сиёсий” эътибор қаратилганини таъкидлайди. Ўзбекистон, шунингдек, “АҚШ-Марказий Осиё” савдо ва инвестиция­ларнинг келишуви доирасида Интеллектуал мулк бўйича ишчи гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва унда иштирок этиши ҳам ижобий самара сифатида таъкидланган.

Маълумки, 301-махсус ҳисобот “интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллашнинг глобал ҳолати”нинг йиллик шарҳи ҳисобланади. USTR' 1989 йилдан бери АҚШ Савдо қонунига мувофиқ бу борада мониторинг олиб боради. USTR' янги ҳисобот учун 100 дан ортиқ савдо ҳамкорларини баҳолаган, улардан 20 таси кузатув рўйхатига ва 7 таси махсус кузатув рўйхатига киритилган. USTR' маълумотларига кўра, ушбу рўйхатларда бўлиш мамлакатнинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий камчилик­ларидан далолат беради. Жумладан, Ўзбекистон ҳам шундай давлатлардан ҳисобланиб, 24 йилдан бери  “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолаётган эди. 

Бунга қандай эришилди?

Ўзбекистоннинг бундай рўйхатдан чиқарилишига мамлакатда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, бундай мулкка бўлган ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш, халқаро шартномаларга аъзо бўлиш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг TRIPS' битими талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш каби чора-тадбирлар натижасида эришилгани таъкидланмоқда. 

Шунингдек, интеллектуал мулк, муаллифлик ҳуқуқларига “юқори даражада сиёсий” эътибор қаратилгани, Божхона кодексига киритилган ўзгартиришлар ва бошқа жиҳатлар Ўзбекистоннинг бундай рўйхатда қолмаслигига ижобий таъсир қилгани шубҳасиз. Айниқса, Божхона кодексига киритилган ўзгартиришлар натижасида ­контрафакт товарларни олиб киришга қарши кураш бў­йича божхона органларининг ваколатлари ва мавжуд тартиб қоидалар такомиллаштирилгани ҳуқуқий майдонда сезиларли ўзгариш ясади. Жумладан, бу идора ходимларига контрафакт товарларни импорт ва экспорт қилишни тўхтатиб қолиш ваколати берилгани вакиллик томонидан алоҳида олқишланган.

Шунингдек, мамлакатимиз 2019 йилда Ижро ҳамда фонограммалар тўғрисидаги шартнома ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан қабул қилинган Муаллифлик ҳуқуқлари бўйича шартномага қўшилган. Шу билан бирга ­­­­­­­­2022 —­ 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланган. 

USTR' Ўзбекистон давлат идораларининг 2021 йилдан бошлаб, лицензион компьютер дастурларига ўтказилганини ҳам алоҳида инобатга олган. 

Содда қилиб айтадиган бўлсак, бадиий ижод намуналари – техник ечим ва ғоялар, ихтиро ҳамда кашфиётлар, ёзма асарлар, қўшиқ ва мусиқалар интеллектуал мулк ҳисобланади. Ва муаллифларнинг рухсатисиз улардан фойдаланиш ёки қайта чоп этиш ва ижро этиш тақиқланади. Бироқ бундай тартиб миллий қонунчиликда акс этган бўлиши ва унга риоя этилиши ҳуқуқий тизим томонидан кафолатланиши шунингдек, таъминланиши лозим. Масалан, муаллифлик ҳуқуқи халқаро ва маҳаллий қонунчилик билан ҳимояланувчи турли видео, аудио ва ёзма материаллардан фойдаланиш, ­компьютерларга ноқонуний (“қароқчи” ёки “бузилган” вариан­ти) операцион тизимлар ва дас­турларни ўрнатиш тақиқланиши, буларга йўл қўймаслик чоралари кўрилиши лозим. Худди шунга ўхшаб, товарлар ҳамда логотип, бренд ва савдо белгилари, турли патентлар учун муаллифлик ҳам ҳуқуқий ҳимояга муҳтож. Ҳатто бошқа давлатларда яратилган ва экспорт қилинган товарлар ҳам, агар улар халқаро патент ёки ­муаллифлик ҳуқуқлари доирасида бўлса, бу борадаги келишув ҳамда шартномаларга қўшилган давлатларда ҳам ҳимоя қилиниши лозим. Бошқа товарларнинг ёрлиқларини ўзгартириб қўйиб, ёки патентланган технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш бундай қонунчиликка зид келади. Қалбаки ва ­контрафакт товарлар киритилиши ва ишлаб чиқарилишининг олдини олишга бўлган интилиш ва амалий қадамлар ҳамда натижалар, табиийки, халқаро статусга эга мониторинг идоралари томонидан эътироф этилади.

Рўйхатдан чиқиш қандай иқтисодий-ҳуқуқий имтиёзлар беради?

Бундай рўйхатдан чиқиш – Ўзбекистонда товарларга, патентлар, ихтиролар, логотип, бренд, савдо белгилари қонун ҳимояси остида эканлигини англатади. Демакки, муаллифлик ва интеллектуал мулк ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар ўғирланиши ёки поймол этилиши мумкинлигидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Бу юртимиз иқтисодиётига сармоя киритиш ниятида бўлган ёки иккиланаётган хорижий инвесторлар учун яхши сигнал. Ҳуқуқлари таъминланган бозорга кириш – ҳар қандай инвестор учун энг муҳим мақсад ҳисобланади.

Иккинчидан эса, хорижга экспорт қилаётган маҳсулотларимизга ишонч ҳам ортади. Уларга шубҳа билан қараш, ортиқча текширув ва назоратдан озод қилади. Бу эса экспорт салоҳиятимизга ва унинг сифатига ижобий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Бу эса хорижий давлатлар билан йирик савдо шартномалари тузишда, божхона ҳамда солиқлар бўйича улкан ­имтиёзларга эга бўлишимизга ёрдам беради.

Қолаверса, ҳисоботда келтирилишича, АҚШ интеллектуал мулкка доимий юқори даражадаги сиёсий эътиборни, жумладан, Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича асосли битим (TIFA')нинг интеллектуал мулк бўйича ишчи гуруҳини қўллаб-қувватлаши ва иштирокини тан олади. 

Энг муҳими, Ўзбекистоннинг Интеллектуал мулкнинг қонуний ҳуқуқлари ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR') 301-махсус ҳисоботидаги кузатувдаги давлатларнинг ўзига хос “қора рўйхати”дан чиқарилгани – мамлакатимизни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдек чорак асрлик орзусига эришиш йўлидаги қувончли хушхабар, деса ҳам бўлади. 

Бироқ жаҳон иқтисодий ҳамжамиятининг тўлақонли ва тенг аъзоси бўлишимиз учун эгаллаш шарт бўлган марралар ҳали кўп. Масалан, импорт-экспорт алоқаларига тўсқинлик қилаётган Жексон-Вэник тузатмасини бекор қилиш, АҚШ ва бошқа ривожланган давлатлар билан эркин савдо шартномаларини имзолашга эришиш ва ҳоказолар шулар жумласидан. Бироқ, айни даврда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳамда интилишлар суръати пасаймаса, бундай марралар ҳам тез орада забт этилиши шубҳасиз. 

Абдуллоҳ САЙЙИД

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1