1

Иброҳим Раисий вафотидан ким манфаатдор?

ДУНЁ 21.05.2024, 10:40
Иброҳим Раисий вафотидан ким манфаатдор?

Жорий йилнинг 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт Озарбайжон чегарасидаги тоғли ҳудудда ҳалокатга учради. Вертолётда президентдан ташқари Эрон ташқи ишлари вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ҳамда яна 9 нафар амалдор, хусусан, Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти раҳбари Малик Раҳматий ва Табриз вилояти оятуллоси Али Ҳошимлар ҳам бўлган.

Расмий маълумотларга қараганда уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Вертолёт ҳалокатида ўлганларнинг дафн маросими 21 май, сешанба куни Табриз шаҳрида ўтказилади.

Эроннинг Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий президент Раисий хотирасига бутун мамлакат бўйлаб 5 кунлик мотам эълон қилди.

Айни пайтда, Эрон конституциясига кўра, президент вазифаларини бажаришни вице-президент ўз зиммасига олган. Орадан камида 50 кун ўтгач, Эронда президентлик сайловлари ўтказилади.

Ҳалокатни ёритишдаги шубҳали жиҳатлар

Ҳалокат сабаблари бўйича ҳозирча аниқ ва расмий маълумотлар берилмаган. Ҳозирча тасдиқланган сабаб – кучли туман вертолётнинг рисоладагидек парвоз қилиш ва қўнишига халақит берган.

Эрон ҳукумати бу воқеалар юзасидан ахборот беришда шаффофлик, тезкорлик ва холисликка риоя қилди, дейиш қийин. Президент ўтирган вертолёт “қаттиқ” қўнганлиги ҳақидаги маълумотлардан сўнг, бир-бирига зид хабарлар пайдо бўлди. Ҳатто давлатга тегишли ахборот агентлиги аввал президент ва унинг ҳамсафарлари тирик топилгани ва улар шаҳарга олиб кетилаётгани ҳақида хабар жойлади ва кейин уни дарров ўчириб ташлади.

Вертолёт ҳалокатга учраган жой (Туркия дрони томонидан) аниқланганидан ва унинг олдига эронлик қутқарувчилар етиб борганидан кейин ҳамҳақиқат ошкор қилинмади. Кейинроқ эса ҳалокатга учраганларнинг тирик қолиш эҳтимоли камлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шундан кейингина Эроннинг давлатга тегишли расмий ахборот агентликлари президент Раисий ва унга сафарда ҳамроҳлик қилганларнинг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида баёнот тарқатди.

Албатта айрим тузумлардаги тарихий-бюрократик норасмий “анъана”га кўра, биринчи раҳбарнинг ўлими дарров ошкор этилмайди. Бу мамлакат ичида ҳамда элита орасида “кераксиз” ҳаяжонлар пайдо бўлиши мумкинлигидан хавотир сабабидандир, эҳтимол.

Ким манфаатдор?

Албатта расмий баёнотлар ва мантиқий хулосаларга кўра, Эрон президенти табиий ҳалокат қурбони бўлди. Аммо бирор эҳтимолий жиноят шубҳа остига қўйилса, энг аввало, “ким манфаатдор” деган савол қўйилади.

Айрим таҳлилчилар Озарбайжон версиясиникўриб чиқиш ҳам шарт эмас, дейишади. Тўғри,Озарбайжон Эроннинг азалий душмани (ҳар ҳолда Эрон ҳукуматининг баёнотларига кўра) Исроил билан яқин муносабатларда.

Эрон эса мамлакатдаги озарбайжон сепаратизми ва минтақадаги туркий бирдамлик кучланишидан хавотир олиши боис, Арманистон ва Россия геополитик манфаатларининг тарафдори.

Бироқ, бўри ўз уяси яқинида овламайди, деганларидек, Озарбайжон президенти билан учрашиб, Аракс дарёсига ўрнатилган тўғоннинг очилиш маросимидан қайтаётган Эрон президентининг тинчгина манзилига етиб олишидан аввало Озарбайжон манфаатдор.

Қолаверса, Раисийнинг йўқ қилиниши Эрон-Озарбайжон муносабатларига деярли таъсир кўрсатмайди.

Исроил, АҚШ ва Ғарб

Кўпчилик мусулмонлар, Эрон президентининг ўлимини уммат учун йўқотиш, деб қабул қилишди. Эмишки, мусулмонлар кўп яшовчи давлат раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Эрон Исроилга амалий қаршилик қилган.

Албатта “похолдўқ”лар ва аввалдан огоҳлантириб отилган, 2-3 фаластинликнинг ўлимини айтмаса, Исроилга “чивин чаққанчалик” ҳам зарар етказмаган Эрон ракеталарини ҳисобга олиш шарт эмас.

Фаластин муаммосини ҳал қилишга жиддий ҳисса қўшаётганлар орасида Эрондан кўра мусулмон бўлмаган давлатлар, норозилик намойишчилари орасида эса, эронликлар эмас, насроний ва яҳудийларни (аксилсионист яҳудийлар) кўпроқ кўриш мумкин. Қолаверса, Фаластин ва АҚШ билан Эроннинг даҳанаки жанги 1979 йилдан бери давом этиб келади. Аммо Эрон президентига бирор марта ҳам суииқасд уюштирилмаган. Қолаверса, АҚШ ёки Исроил томонидан шундай фитна учун ҳаракат бошланганида, Эрон ҳамда бошқа дўст давлатларнинг разведка хизматларидан бирортаси аллақачон “ҳид” олган бўларди. Зеро, тарихга назар соладиган бўлсак, бундай фитналар тўсатдан амалга оширилмайди, аввалдан пухта тайёргарлик кўрилади.

Яна бир эҳтимоли ўта кам тахминга кўра, Раисий Эрон элитаси ичидаги мухолиф кучларнинг қурбони бўлган. Чунки Эрон президенти бошчилигидаги давлат делегацияси қўшни Озарбайжонга борган ва давлат аҳамиятидаги йирик келишувларни муваффақиятли якунлаб, қайтиш жараёнида авиаҳалокатга учраган. Эрон президенти кортежи учта вертолётдан иборат бўлган. Қолган икки вертолёт манзилга етиб борган, фақатгина президент Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт ҳалокатга учраган. Бир қарашда ўта шубҳали, шундай эмасми?

Бироқ яна ўша муҳим савол: ким манфаатдор? Эрон президентлик республикаси, бу ерда давлат бошлиғи сайловлар орқали белгиланади. Қандайдир гуруҳлар ёки президентлик курсисидан умидворлар бу йўл билан ўзларига йўл очишларининг эҳтимоли нолга тенг.

Бу каби шубҳа ва гумонларнинг деярли ҳаммасини йўққа чиқарувчи бир омил бор. Эроннинг асл “хўжайини” – унинг диний раҳнамоси – Оятуллоҳ. Эронда 1989 йилдан буён давлат раҳбари – Али Ҳоминаий ҳисобланади. Эрондаги президентлар – бошқа республикалардаги бош вазир билан тенг мақомда. Эронда миллий хавфсизлик, ички ва ташқи ишлар, сиёсий йўналишларнинг барчасини Оятуллоҳ –Имом Ҳоминаий белгилаб беради. Эрон президентиэса ижрочи шахс. Олий қарорларни имом Ҳоминаий қабул қилади, президент уларнинг ижросини таъминлайди ва имомга, диний кенгашга ва парламентга ҳисобот беради.

Қолаверса, экспертларнинг айтишича, Иброҳим Раисий – консерватор сиёсатчи бўлган. Раисий ва Имом Ҳоминаий ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўртасида бирор келишмовчиликлар кўзга ташланмаган.

Эрон тақдири нима бўлади?

Юқорида ҳам шамаъ қилинганидек, Эронпрезидентининг ҳалокати ушбу давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига деярли таъсир қилмайди. Оёғи синган араванинг оёғини алиштиришса кифоя, арава яна кўзлаган манзили сари йўналишда давом этади. Зеро, аравакаш эмас, араванинг оёғи ҳақида гап кетяпти ҳозир.

Қолаверса, тез орада Эрон президенти ва бошқа мулозимларнинг ўлимини тафтиш қилиш учун давлат комиссияси тузилади. Айрим маълумотларга кўра, унда халқаро кузатувчилар ҳам иштирок этади. Барча омил ва далиллар синчковлик билан ўрганилади. Аммо натижани эртагаёқ эълон қилишмайди албатта. Раисий ва унинг ҳамроҳлари ўлими юзасидан аниқ хулоса чиқариш учун камида 1 ой ёки ундан кўп вақт талаб этилиши мумкин.

                   АБДУЛЛОҲ САЙЙИД

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1