1

Ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган кунлар маълум қилинди

ЖАМИЯТ 04.07.2024, 17:31
Ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган кунлар маълум қилинди

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

Қайд этилишича, давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида бажарилади. Бунда, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.  

Магистратурага қабул қилиш белгиланган қабул квоталари доирасида баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади. Давлат комиссиясининг олий таълим муассасалари магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги қарори жорий йил 20 августга қадар тасдиқланиши белгиланган.  

Шунингдек, жорий йил олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилиши белгиланган. Шунга кўра, дастлаб касбий/ижодий имтиҳонлар 53 та олий таълим муассасасида 5–19 июль кунлари ўтказилиши тасдиқланди. Яъни, эртадан бошлаб белгиланган олий таълим муассасаларида спорт, санъат, журналистика каби алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишларда касбий/ижодий имтиҳонлар бошланади.  

Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларининг санаси бўйича маълумот расман тасдиқлангандан сўнг вазирликнинг расмий саҳифалари орқали қўшимча хабар берилади.  

Имтиҳонга кечикиш мумкин эмас. Имтиҳонларнинг бошланиш аниқ вақти абитуриент рухсатномасида ёзилган бўлади. Шу боис, абитуриентлардан рухсатномада белгиланган муддат ва манзилга имтиҳон бошланишидан бир соат олдин етиб бориши сўралади.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1