1

Убайдулла Омон кинодаги илк роли, оилавий бахт сирлари ва клиплардаги иштироки ҳақида(Эксклюзив)

ШОУ-БИЗНЕС 03.07.2017, 11:01
Теглар: Актёр
Убайдулла  Омон кинодаги илк роли, оилавий бахт сирлари ва клиплардаги иштироки ҳақида(Эксклюзив)

Элимизнинг севимли актёри Убайдулла Омон билан суҳбат қилишни дилимизга тугиб, тўғри Бухоро театрига йўл олдик. Экрандаги образлари каби салобатли ва виқорли актёр ҳаётда жуда самимий инсон эканлигига суҳбат давомида яна бир маротаба амин бўлдик...

Биринчи китоб ва илк рол...

Бухоро шаҳрининг Минораи Калони қаршисида жойлашган 17-мактабда таҳсил олганман. Мактаб биноси аслида бир бойнинг эски ҳовлиси бўлиб, унда икки сменада дарслар олиб бориларди. Уйимизга яқин бўлгани учун ота-онам бизларни айнан шу мактабга беришган. Аслида, бу мактабда меҳрибонлик уйи болалари ўқишарди. Улар гўё алоҳида бир диаспора бўлиб, бирга боришар, бирга келишарди. Биз ҳам уларнинг таъсирида ўсиб, улғайганмиз. Бизга ҳақиқий фидойи устозлар дарс беришган. Уларни ҳали-ҳамон яхши эслайман. Аганова Надежда Михайловна синф раҳбаримиз эди. Буни қарангки, севимли синф раҳбарим билан қўшни турардик. Устозим турмуш ўртоғи билан бирор жойга кетадиган бўлса, икки нафар ўғлини (улар билан деярли тенгдош бўлсам ҳам) менга қолдириб кетишарди. Улар болалар уришмасин, бекор ўтирмасин, деб бизга бир-биридан қизиқ ва ёшимизга мос бўлган китобларни ташлаб кетарди. Китобга шу устозим сабаб кучли меҳр қўйдим. Илк ўқиган китобим Николай Носовнинг “Билмасвой” (“Незнайка”) китоби бўлди. Устознинг уйида “Чипполино”ни ўқишни бошлаганман. Ишонмайсиз, Надежда Михайловна аслида кимё фани ўқитувчиси эди. Аммо санъатга меҳри бўлакча эди. Бизлар билан кичик-кичик саҳна кўринишлари қўярди. У Михаил Ломоносов ҳақида бир актли спектаклни саҳналаштирди ва мен унда бош қаҳрамонни ижро этдим. Саҳнадаги илк ролим ­аслида ана шу бўлган!


Бобом аслида хоразмлик

Оиламизда 6 нафар фарзандмиз, мен иккинчисиман. Мен ва синг­лим олий ўқув юртида таҳсил олдик. Қолган опа-укаларим отамнинг изи­дан бориб, заводда ишлашди. Отам Қорақўл тери заводида 17 йил раҳбар бўлган. Лекин шунга қарамай у киши санъатга ошуфта инсон эди. Отамнинг оталари яъни бобом асли хоразмлик бўлган. Бухорога келиб, шу ерда қолиб кетганлар. Отамнинг қонида санъат бор-да, Хоразмга бирор марта бормаган бўлсалар-да, тўйларда хоразмчасига шунақа қойиллатиб рақсга тушардиларки, кўрганлар ҳайратда қолишарди. Ошни тайёрлаш жараёнида турли қўшиқ ва арияларни чиройли хиргойи қиларди. Санъатга бўлган меҳр ва иштиёқ менга отамдан ўтган деб ўйлайман.

Онам уй бекаси эдилар. Оиламизда 6 нафар фарзанддан ташқари яна 2 нафар етим қолган тоғаларим ҳам бор эди. Умумий ҳисобда 10 киши учун қозон осишнинг ўзи бўлмайди. Бутун оила кечки овқатни еб бўлганидан сўнг, онам ошхона ишларини қилиб бўлгач, гузарга чиқарди. Онамда фақатгина кечалари уй юмушлардан ортиб, кўчага чиқишга имкон бўларди. Гузардагилар муам­молари ва бошқа масалаларда онамдан маслаҳатлар олишарди. Онам жудаям зийрак ва оқила аёл эди. Ўзлари учун бозордан бирор нарса олмасди. Буни яхши билганим учун ҳам болалигимда йиққан пулларимга у кишига яхши атир олишни одат қилгандим.

Театрдаги илк 8 йил

1958 йилда машҳур бастакор Мухтор Ашрафий Бухорога келиб, Бухоро теат­рида “Дилором” операсини мусиқали драмага айлантирди. Бош қаҳрамон Монининг шогирди ролини ижро этиш менга насиб қилди. Катта саҳнадаги, яъни театрдаги илк ролим сўзларини ҳалигача жуда яхши эслайман. Парда очилганда, боғда ўтирган Монининг олдига шогирди келиб тиз чўкади ва: “Шарафшон сенга, эй рассоми нодир”, дея унга бўёқларни беради. Шу кичик ролдан кейин ҳаётим бутун умрга театр билан боғланди! Мактабдан қайтгач, дарсларимни тайёрлардим-да, театр­га ошиқардим, кичик саҳналарда қатнашардим. Ёрдамчи таркиб аъзо­си сифатида иштирок этган ҳар бир спектаклдан 1 рубль миқдорида гонорар олардим. Пулларимни йиғиб, ота-онамга туғилган кунларида ва байрамларда совға олардим. Меҳнат дафтарчам йўқ, севимли даргоҳимда шунчаки келишув асосида фаолият юритардим. 1958 йилдан 1966 йилгача, 8 йил умримни (институтга киргунимга қадар) Бухоро театрининг эски биносида ўтказдим.


Раж Капур, кечаги ва бугунги ҳинд киноси...

Болалигимда илк маротаба Раж Капурнинг “Дайди” фильмини кўриб, албатта актёр бўламан деганман. Бугун ҳам мазкур фильмни қайта ва қайта томоша қиламан. Ҳинд киноси томошабинга кучли тарбиявий таъсир кўрсата оларди. 15 ёшимда Яш Чопранинг “Чангдаги гул” фильмини кўриб эса қаттиқ таъсирланганман. Ўшанда ўзимга ҳеч қачон бундай вазиятга тушмайман, деб сўз берганман. Бу ваъда мени кейинчалик кўп хатолардан қайтарди. Яш Чопранинг охирги йилларда суратга олинган “Вир ва Зара” фильми ҳам жуда таъсирли чиққан. Афсуски, бугун Болливуд Голливуднинг нусхаси бўлиб қолди, ўзига хос ҳиндча имзосини, маза-таъмини йўқотди.

Шахсий ҳаёт

1964 йилда Бухоро кинотеатрларига ҳинд киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Ганга ва Жамна” фильми намойиш этилди. Фильмдаги бош ролларни Дилип Кумар ҳамда Вижаянтимала ижро этишган. Хуллас, 16 ёшимда соҳибжамол актрисани севиб қолдим. Ўшанда рафиқам айнан шу актрисага ўхшаши керак деб ўзимга сўз берганман. Қаерга борсам ҳам унга ўхшаган қизни зимдан излаб юрардим. Институтда 2-курсда таҳсил олаётганимда, Бухорога таътилга келдим. Она шаҳримда машҳур совғалар дўкони бўларди. У ерга кирганимни биламан, худди мен севиб қолган актрисага ўхшайдиган қизга кўзим тушди. Шундан сўнг у ҳақда суриштира бошладим. У қиз бухоролик бўлиб, ТошМИда таҳсил олар экан. Орадан кўп ўтмай уни излаб бордим. Кўнглимдагини айтдим. У ҳам отам каби санъатсевар экан, “театральний”да таҳсил олишимни эшитиб, мен билан очилиб гаплашди. Кўнгилларимиз топишди, унга ҳинд киносидан олган таассуротлару воқеаларни сўзлаб, қўшиқларини хиргойи қилиб берардим. Бизни санъат бирлаштирди десам ҳам бўлади. Кўп ўтмай уларникига совчилар кела бошлагач, отаси уни ТошМИда ўқийдиган самарқандлик бир йигитга беришга розилик билдирган. Йигит қизга айтмасдан, дарров совчи жўнатган-да. Бир куни у сов­чи­ларингиз­ни жў­натмасангиз, отам мени танимаган йигитга узатадилар, деб қолди. Иккаламиз ҳам талабамиз, у ҳам, мен ҳам ижарада турсак, тўйдан кейин қандай яшар эканмиз, деб ўйланиб қолдим. Кейин бу ҳақда отамга айтдим. У киши совчиликка бориб, уларнинг розилигини олиб келди. Тўйдан кейин Бухорода 3-4 кун яшаб, Тошкентга кетдик. Ўшанда рус миллатига мансуб бўлган чолу кампирнинг уйларида ижарада турардик. Мен ҳам ўқирдим, ҳам ишлардим. Маошим, иккаламизнинг стипендияларимиз билан кичик рўзғоримизни тебратардик...

Синовларда тобланган оилавий муносабатлар...

Ўша пайтдаги “Ёш гвардия”да режиссёр сифатида фаолият бошлаганимдан кейин бизга Тошкентдан икки хонали уй беришди. Икки қизим ҳам пойтахтда дунёга келган. Бир куни нохуш хабар келди: “Қайнотанг оламдан ўтдилар!” Бухорога келиб, дафн маросимида қатнашдик. Қайнотамни сўнгги манзилга кузатгач, отам мени ёнларига чақириб, шундай дедилар: “Келиннинг 7 нафар укаси қолди. Уларнинг ҳаммаси мактаб ўқувчиси. Онаси ногирон. Энди сен бу оилага бош-қош бўлишинг керак. Бухорога қайтинглар. Ўғлим, бу Яратганнинг синови, бундан обрў-иззат билан чиқишинг керак”. Шундай қилиб, биз Тошкентдан Бухорога қайтдик ва мен Бухоро театрига ишга кирдим, рафиқам эса шу яқин атрофдаги туғруқхонага ишга жойлашди. Ҳаётимиз шу зайлда давом этиб, оила бошига тушган оғир жудоликни, елкама-елка туриб биргаликда енгдик. Ёш оила бўлсак ҳам, укаларни ўқитиш, оилали қилишга ҳаракат қилдик. Оғир кунлар ҳам шу тариқа ортда қолаверди.


Оилавий бахт сири нимада?

Насиб бӯлса, келаси йил турмуш қурганимизга 50 йил тўлади. Бахтли турмушимизнинг сири ҳақида кўп сўрашади. Буни тушунтириш қийин, аммо биргина сўз билан ифодаласа бўлади: сабр! Сабрда гап кўп экан! Бизда ҳам аразлашлар, гиналар бўлган. Ҳаёт бусиз бўлмайди. Оилани сақлайман десангиз, кимдир озгина паст кетиши керак. Баъзида шундай қилишимга тўғри келган. Аёлимга майли, сен ҳақсан деб қўяман. Аммо оила саҳнасида бош роль меники. Бироқ рафиқамнинг санъатсеварлиги ва пазандалигини ҳамиша қадрлаб келаман.

Ёшларга айтар гапим...

Фарзанд дунёга келганидан кейин у оилавий низолар қурбонига айланмаслиги керак.

Фарзанд буюк неъмат, муҳаббат меваси. Шундай экан ота-она сифатида унга жавобгармиз. Болага феъл-атворингиз, муаммоларингиз билан таъсир ўтказманг. Эркакнинг энг катта номардлиги, бу — онани боласи билан ёлғиз ташлаб, уйдан чиқиб кетиши. Бухорода “заҳарни ютиб, асал едим, деб юриш керак” дейишади. Ҳар қандай шароитда инсон фарзанд учун оиласини сақлаб қолиши шарт!

Қизларим, невараю, эварам—менинг бахтим...

Катта қизим Наргизанинг ташқи қиёфаси менга ўхшаса, кенжамиз Нигина онасининг ўзгинаси. Мақтанишга йўймангу, фарзандларим онасидан кўра сирларини менга ишонишади. Уларга руҳан ва қалбан яқин ота бўл­га­нимдан севинаман.

Иккала қизим ҳам санъат йўлини танламоқчи эди, аммо мен бунга қарши чиқдим. Сабаби актёрнинг ҳаётида омад катта роль ўйнайди. Омадингиз келса таниқли санъаткорга, акси бўлса оддий актёрга айланасиз.

Агар ўқитувчи ёки шифокор бўлсангиз ҳеч кимнинг сиз билан иши йўқ. Аммо мабодо санъат йўлини танлаб, шуҳрат қозонмаган бўлсангиз, бундан ёмони йўқ. Ён-атрофингиздагилар “Нимага чиқмаяпсиз?”, “Нега сизда бундай роллар йўқ?” каби саволлар билан сизни “эзишади”. Ижодкор ҳам шулар таъсиридан ўзини-ўзи “ейди”. Иштирокимдаги илк кино — “Ёз ёмғири” 1977-78 йилларда экран юзини кўрди. Навбатдаги роль билан орада оз эмас, кўп эмас нақ 33 йил узилиш бўлди. Касбимнинг шу жиҳатларини билиб, қизларимга рухсат бермаганман. Уларга: “Бошқа бир касбни танлаб, оддий аёллик бахтини ҳис этиб яшаб юринг­лар”, дедим. Катта қизим банк ходими. Иккинчи қизим онасининг қистови билан тиббиёт йўлини танлади (жилмаяди). Бугун у шифокор-ги­неколог сифатида фаолият­ юритмоқда. Қизларим ҳали-ҳамон армон қилишади. Бирор кинони кўргудек бўлишса, бу ролни бундан яхшироқ ижро этардим, дейишади. Шукрки, набирам умуман санъатга қизиқмади. Технология институтида менежмент соҳаси бўйича таҳсил олди. Айни дамда у таътилда бир яшар эварамни тарбиялаш билан банд. Эварам Тоҳир ҳозирданоқ ўзини кўрсатяпти: мусиқа эшитса, албатта, рақсга тушади.


Клиплардаги ота...

Клипларда роль ижро этишга рози бўлишдан аввал қўшиқни тинглаб, унинг сўзларига эътибор бераман. Тарона таъсирли бўлмаса, рад этаман. Улуғбек Раҳматуллаев ва унинг ота­сини яхши танийман. Улуғбекнинг бу қўшиғи отасига ўзига хос миннатдорчилиги, раҳмати. “Сизга ўхшаб бораяпман, ота” қўшиғининг клипидаги ролни мен ижро этишимни хонанданинг отаси хоҳлаган экан.

Хонанда Шоҳруххоннинг қўшиғи мутлақо бошқа ракурс. Унда оталар турли хил, яхши ва ёмон, бахтли ҳамда бахтсиз. Аммо клипда ота барибир ота деган ғоя бор!

Яъни, сенга яратган қандай отани раво кўрган бўлса, уни қабул қил. Клип ғоясини тушунганим учун унга рози бўлдим ва уни баҳоли қудрат яхши ижро этишга ҳаракат қилдим.

Бугун...

Ҳар бир актёрнинг санъатга ўз муносабати бўлади. Ёшлигимда Арастунинг бир гапини ўқиб, уни ўзимга шиор қилиб олганман. У шундай деган: “Санъатнинг мақсади, ўз таъсири билан вақтинча бўлса ҳам одам ичидаги ҳайвонни ухлатишдир”. Инсон ичида эзгулик ва ёвузлик яшайди. Вазиятга қараб бири устун келиб, инсонга ҳукмронлик қилади. Роль танлашда ҳам шунга эътибор бераман. Мен шу образ орқали томошабинни эзгуликка чорлай оламанми йўқми, деб ўйлайман. Мени санъатда Ватан, муҳаббат, эзгулик учун кураш каби мангу мавзулар қизиқтириб келади. Бир кунлик замонавий мавзулар ортидан югуришни истамайман. Бугун мен бундай ишладим, кеча бошқача эди, деган гапларни айтолмайман. Ахир санъат абадий! Шу маънода менга, айниқса, “Ватан” картинаси жуда ёқади. Унда Ватан ҳақида баландпарвоз гаплар эмас, самимий, мазмунли ва содда сўзлар бор. Гоҳида муқаддас тушунчаларни баландпарвоз гаплар билан ўраб, унинг асл нархини ҳам тушириб қўйишади. Кинодаги гаплар ҳам жуда халқчил танланган. Ўғил ота­га: “Нима берди шу Ватанингиз?” деганида, ота: “Ватан ҳеч нарса беришга мажбур эмас”, мазмунидаги ҳақли фикрни айтади. Ёки бош қаҳрамонни қаранг, Ватанига келади, бурчини бажаради ва гўзал, сокин ўлим топади. Картинадаги ҳар бир кадр пухта ва пурмаъно. Бугун ана шундай асарлар ўзбек киносида кўпроқ бўлишини истардим.

Сўнгсўз

Барча мухлисларни иштирокимдаги янги картина “Кулба” премьерасига таклиф қиламан. Унда ижодкорлар билан мутлақо бошқа мавзуга қўл урдик. Ҳаёт синовларини енгиб ўтиш уни бевосита қандай қабул қилганингизга боғлиқдир. Синовлар ва тўсиқлар ортида қандайдир яхшилик бор деган умид билан яшаш ҳаётни енгиллаштиради, назаримда. Шундай экан, умид ҳамиша қалбингизни тўлдириб туришини чин дилдан истаб қоламан.

Сарвиноз ДОНИЁРОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

26.07.2017, 15:43

Шундай актёрлар борки, уларни экранда кўп кўрмасак-да, ижро этган роллари билан ёдимизда сақланиб қолишади. Бахтиёр Ғафуров. Ўзбек томошабинлари уни кўпроқ Борис Ғафуров сифатида танишади. Спектакль,...
​“ИШДАГИ ИШҚ” ФИЛЬМИ ҚАҲРАМОНЛАРИ БУГУНГИ КУНДА(ФОТО)

11.07.2017, 15:07

Барчамиз бирдек севиб томоша қиладиган “Ишдаги ишқ” фильмининг суратга олинганига 40 йилдан ошди. Бироқ, мазкур фильм ҳамон севимли, ундаги қаҳрамонлар қадрли...Севимли кинокартинамизда роль ижро этган...
​ЁҚУБ АҲМЕДОВ. АКТЁР БЎЛИШНИ ИСТАГАН ФУТБОЛЧИ

11.07.2017, 14:10

Учрашувимиз меҳмонини кинодаги катта-кичик роллари орқали яхши танийсиз. Санъатга кириб келгунига қадар эса у спортчи бўлган. Сўзимиз чин. Жароҳат олмаганида эҳтимол бугун актёр эмас, футболчи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1