1

Шифокорнинг "Ставка"си қанча? (Фельетон)

МУТОЛАА 25.10.2019, 17:07
Теглар: фельетон, ставка, шифокор
Шифокорнинг "Ставка"си қанча? (Фельетон)

Доктор Очкўзбоев ҳузурига ҳамширани чорлаб деди:

- Операцияга ҳамма нарса тахтми?

- Беморни олиб чиқаверсак бўлади.

- Операция хонасидаги тайёргарликни сўраётганим йўқ. Бемор тайёрми, деяпман.

- Тушунмадим... – деди ҳамшира.

 - Ҳай, нимага тушунмайсиз? Шунча йил қаерда ишлагансиз ўзи? Бунча гўл бўлмасангиз?! Бемор шифохонада ётса-ю, докторнинг “ставка”сини билмаса, бу нима деган гап. Ҳар сафар укол қилганингизда шипшитиб қўймайсизми?

- Мен “ставка”ларни қанчага ўзгарганини билмайман, – деди ҳамшира. – Ўтган операцияда доктор Тўймасов “ставка”ларни ошириш керак, деган эди.

- Ҳали менинг “ставкам”ниям билмассиз, - деди Очкўзбоев.

- Йўқ, доктор.

- Раҳмат-ей, қўлингизга қоғоз ручка олинг. Ўзим “ставка”ларни белгилаб бераман. Хўш, операция қилувчи докторга бир миллион сўм. Иннан кейин, “наркозчи”га беш юз минг сўм, қон қуювчига уч юз. Ёзаяпсизми? Яна адашиб кетманг!

– Ҳа, доктор ёзаяпман.

– Катта ҳамширага юз минг. Хўш, энди ким қолди?

–Бизлар қолдик, – деди ҳамшира.

–Сизлардек кичик ҳамшираларга саксон минг.

–Доктор, илтимос, – деди қўлида ручкасини ўйнатиб кичик ҳамшира, – меникиниям катта ҳамширага тенглаштираверинг.

–Майли, сазангиз ўлмасин. Юз минг сўм, деб ёза қолинг. Хўш, яна ким қолди?

–Фаррош қолди.

–Эсдан чиқиб қолаётган экан. Йигирма минг ёзиб қўя қолинг. Мана шу ёзганларингизнинг столингизнинг бирор жойига яшириб қўйинг! Эсингиздан чиққанида қараб-қараб қўясиз. Бугундан бошлаб янги “ставка”ларни операция қилинувчи беморларга аста шипшитинг.

Бир пасдан кейин операция қилинувчи бемор Очкўзбоев ҳузурига кириб деди:

–Доктор, ҳамширага операцияни тўхтатиб турамиз, дебсиз. Яна “ставка”лар дейдимией, тушунмадим. Доктор ўзингиз дангал айтиб қўяқолинг!

– Ўзингиздан қолар гап йўқ, - деди Очкўзбоев. - Нима десам экан, энди ҳамма жойда докторга қўл ҳақи...

- Ҳа, энди тушундим, – деди бемор. – Айтинг, мен тайёрман.

Доктор Очкўзбоев ҳамширага ёздирган “ставка”ларни эслатди.

–Шунақа денг, – деди бемор. – Менинг ҳам сизга атаган энг зўр “ставкам” бор.

–Сўраганимдан ҳам зиёд бермоқчимисиз, –деди Очкўзбоев. –Қанча бермоқчисиз?

– Беш йил.

–Нима дейсиз? Қаердансиз? Кимсиз ўзи?

–Мен тегишли жойдан Ушладибоевман. Сизни анча вақтдан бери ушлай олмай юргандик. Қани кетдик.

–Қаерга?

– Тегишли жойга. Ўргилдим сиздақа “ставка”чидан.

Барди ЖУМАНИЁЗОВ.

Рассом: Фарангиз АТАБАЕВА.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1